Шавкат Мирзиёев Кореянинг Муан шаҳрида рўй берган авиаҳалокат оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Корея президенти вазифасини бажарувчи Чой Санг Мокка таъзия мактуби йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

«Давлатимиз раҳбари Корея халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади», — дейди Асадов.

Ҳодиса 29 декабрь куни эрталаб соат 9:07 да (Тошкент вақти билан 5:07) содир бўлди. Видео кадрларида кўринишича, Jeju Air компаниясининг Boeing 737−8AS йўловчи самолёти учиш-қўниш йўлагидан чиқиб, тўсиққа урилган ва шундан сўнг ёниб кетган.

Бортда 175 йўловчи (Таиланднинг икки фуқаросидан ташқари барча Корея Республикаси фуқаролари) ва 6 экипаж аъзоси бўлган. Ҳалокат туфайли самолётдагиларнинг деярли барчаси ҳалок бўлди. Фақат 2 киши (экипаж аъзолари) қутқариб қолинди, ҳалок бўлганларнинг барчаси топилди. Қутқарув ишлари давом этмоқда.