Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати Республика олий таълим кенгаши қарорлари мажбурий кучга эга эмаслигини маълум қилди.

Аввалроқ кенгаш хусусий олий таълим муассасалари контрактдан тушадиган пулларнинг 4 фоизини Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига ўтказиши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилганди. Баёнда бу гўё олий ўқув юртларининг ўз ташаббуси экани қайд этилган. Бундан ташқари, ўқитувчилар маошининг бир қисмини «Яшил макон» лойиҳасига йўналтириш режалаштирилганди.

Олий таълим вазирлиги маълум қилишича, кенгаш нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида фаолият юритади ва давлат функцияларини бажармайди. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига амал қилади ҳамда фақат тавсиявий характердаги таклифларни ишлаб чиқади, дейилади хабарда.

Кенгашнинг асосий фаолият йўналишлари илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида республика олий таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, таълим сифатини таъминлаш юзасидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, олий таълим тизимида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларнинг илмий-инновацион фаолиятини ривожлантириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш, олий таълим муассасаларининг миллий ва халқаро рейтинг кўрсаткичларини мунтазам таҳлил қилиб бориш ва уларни халқаро рейтингларга киришига кўмаклашиш ва бошқалар ҳисобланади.

Ноябрь ойи охирида бўлиб ўтган мажлисда иштирок этган 208 та олий таълим ташкилотлари ректорлари томонидан муҳокамага қўйилган фикр ва мулоҳазалар ҳамда таклифлар асосида келгусида амалга ошириладиган масалалар юзасидан кенгаш аъзоларининг коллегиал қарорлари қабул қилинган.

Тадбирда нодавлат олий таълим ташкилотлари учун шартнома асосида ўқиш қийматининг 4 фоизини Олий таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига йўналтириш мажбурияти йўқлиги ҳам муҳокама қилинди.

«Ҳар қандай маблағ билан боғлиқ ҳаракатлар ва муносабатлар тегишли шартномалар асосида амалга оширилиши мумкин. Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилиги шартнома эркинлигини кафолатлайди. Кенгаш доирасида ёки қонунчиликка мувофиқ бундай муносабатларни мажбурлаш учун механизмлар мавжуд эмас. Шу боис, ҳар қандай молиявий ва ҳуқуқий ҳаракатлар томонларнинг ихтиёрий келишувлари асосида амалга оширилиши табиий ҳолатдир», — дейилади баёнотда.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларни нодавлат нотижорат ташкилотнинг ички иши сифатида баҳолаган.

Шунингдек, вазирлик ҳар қандай молиявий ҳаракатлар ёки манфаатлар поймол этилиши ҳолатлари бўйича мурожаатлар қабул қилишга ва уларни белгиланган тартибда кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Барча мурожаатлар асосида тегишли чоралар кўрилиб, қонуний манфаатлар ҳимоя қилиниши таъминланади.

2022 йил июнь ойида Вазирлар Маҳкамаси Олий таълим бўйича республика кенгаши таркибини янгилаганди ва унинг ваколатларини кенгайтирган. Кенгашга Тошкент транспорт университетининг собиқ ректори, ҳозирда президент Администрациясининг Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов бошчилик қилмоқда.