«Терговга қадар текширувни амалга оширишда ва жиноятларни тергов қилиш давомида аниқланган крипто-активларни олиб қўйиш, хатлаш, сақлаш ҳамда топшириш тартиби тўғрисидаги» йўриқнома 25 декабрь куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Унга кўра, криптоактивлар терговга қадар текширувни амалга ошириш ва жиноятларни тергов қилиш давомида хатлаш, мусодара қилиш, етказилган зарарни қоплаш учун олиб қўйилиши ҳамда далил сифатида эътироф этилиши мумкин.

Криптоактивлар билан боғлиқ терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларини ўтказиш криптоактивлар билан ишлаш кўникмаларига эга бўлган мутахассислар иштирокида амалга оширилиши шарт.

Қуйидаги маълумотлар криптоактивлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ахборот манбалари бўлиши мумкин, жумладан:

  • шубҳали операциялар тўғрисидаги хабарлар;
  • хизматлар провайдерлари ва майнерлар томонидан тақдим этилган маълумотлар;
  • назорат қилувчи (лицензияловчи) органларнинг маълумотлари;
  • очиқ ахборот манбаларидан олинган маълумотлар.

Терговга қадар текширувни амалга ошириш ва жиноятларни тергов қилиш давомида криптоактивлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид маълумотлар ва далиллар қуйидагиларда аниқланиши мумкин:

  • ахборот ташувчи қурилмалар;
  • криптоҳамёнлар;
  • қоғоз, блокнот ёки бошқа нарса ва буюмларда қайд этилган қўлёзма ва ёзувлар.

Олиб қўйилган, хатланган ва далил сифатида эътироф этилган криптоактивларнинг ҳисоби суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан юритилади.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) Ўзбекистонда криптоактивлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерларига лицензия бериш учун божлар миқдорини белгилаганди.

Божлар суммаси тўлов кунидаги базавий ҳисоблаш миқдорларида белгиланган (материал эълон қилинган пайтда 1 БҲМ 375 минг сўмга тенг). Божлар қуйидаги миқдорларда белгиланган:

  • майнинг-пул — 3000 БҲМ (1,125 миллиард сўм);
  • криптодўкон — 3700 БҲМ (1,3875 миллиард сўм);
  • криптодепозитарий — 7000 БҲМ (2,625 миллиард сўм);
  • криптобиржа — 73 400 БҲМ (27,525 миллиард сўм).

Spot хабарига кўра, агентлик 2022 йил август ойида крипто соҳа иштирокчиларини лицензиялаш тартибини, шунингдек, уларга қўйиладиган талабларни тасдиқлаган. Компания тўртта фаолият турининг ҳар бири учун алоҳида лицензия расмийлаштириши керак.

Хизмат кўрсатувчи провайдерлар ўз серверларини Ўзбекистонда жойлаштириши, ҳисоб-китоблар ва мижозлар ҳақидаги маълумотларни беш йил давомида сақлаши, шунингдек, реклама талабларига риоя қилиши шарт. Криптобиржалар учун ҳам 5000 БҲМ (1,875 миллиард сўм) миқдорида устав фондига минимал талаблар мавжуд.