Бундан икки йил аввал, 2022 йил декабрь ойи ўрталарида ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизовнинг вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи номига ёзган хати нусхаси айлана бошланди. 2022 йил 15 декабрда чиқарилган хатда «Док-1 Макс» препаратининг ножўя таъсиридан шикоят қилиб «охирги икки ойда 21 бемор мурожаат қилгани», 17 нафарида касаллик жуда оғир ўтгани ва уларнинг 15 нафари вафот этгани баён қилинган эди.

Кейин воқеалар ривожи тезлашиб кетди. 22 декабрь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) «Док-1 Макс»нинг савдоси вақтинча тўхтатилганини билдирди (Ўзбекистондаги воқеалардан сўнг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам бу дорини хавфли деб топди). 26 декабрь куни болалар омбудсмани Самарқанддаги касалхонада вафот этган болалар сони 18 нафарга етганини эълон қилди. Эртасига ССВ Самарқандда болаларнинг ўлимига сабаб бўлган «Док-1 Макс» дориси таркибида заҳарли этиленгликоль моддаси бўлганини маълум қилди (кейинчалик доридаги бу заҳарли модда миқдори меъёрдан 300 баробар кўп бўлгани айтилди). Худди шу куни ДХХ ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ва дастлабки гумонланувчилар ҳибсга олинганини хабар қилди.

28 декабрь куни ССВнинг ўша вақтдаги раҳбари Беҳзод Мусаев бутун мамлакатни ларзага солган ҳолат бўйича биринчи марта чиқиш қилди. «„Док-1 Макс“ дорисининг меъёридан ортиқча истеъмоли натижасида бу дунёдан 18 жажжи ва гўдак фарзандларимиз кўз юмди. Уларнинг ота-оналарига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва барча тиббиёт ходимлари номидан ўзимизнинг таъзиямизни билдирамиз», — деди вазир.

Эътиборга молик томони, вазир чиқиш қилган сана — 2022 йилнинг 28 декабрига келиб Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистонга олиб кирилган «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дориларини ичиб, заҳарланиб, вафот этган болалар сони 47 нафарга етганди.

Албатта, у вақтда қурбонлар сони бу қадар кўплигини кўпчилик билмаган. Жамоатчилик «Док-1 Макс» ишида 18 ё 47 нафар эмас, нақ 65 нафар бола вафот этганини 2023 йил август ойига келиб, ишга алоқадорлар устидан суд жараёни бошланаётганида билди (кейинчалик қурбонлар сони яна уч нафарга кўпайди). Бу суд жараёни Ўзбекистоннинг дори-дармон, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқ-тартибот ва бошқа кўплаб ҳаётий муҳим соҳа ва тармоқларига тутилган кўзгу бўлди.

Бу жараён ўлим тўшагида ётган бола учун Тошкентдан бошқа жойдан катетер топиб бўлмаслиги, касалхоналар бор катетерини ҳам бермай, ота-оналарни вилоятма-вилоят сарсон қилиб, охири «ўзимизда бор эди-ку», деб уларни овора қилишини, бутун бошли бир вилоятда болаларни лозим даражада диализ қилиш имконини берувчи ускуналар йўқлигини, вақти келса на шаҳар ва на вилоят миқёсидаги шифокорлар боланинг аҳволига тўғри ташхис қўя олмаслигини кўрсатиб берди. Тиббиёт тизимида узвийлик, алоқадорлик, мувофиқлаштирув йўқлиги, ахборот таҳлили амалда мавжуд эмаслиги ортидан бир ҳудудда юз бераётган аномалия (маълум бир доридан болалар ўлими ҳолатларининг кескин ўсиши)ни нафақат бошқа ҳудуд, балки республика миқёсидаги масъуллар ҳам сезмай-билмай қолиши мумкинлиги ойдинлашди.

Бу жараён Ўзбекистонда жиддийроқ касалликка чалинган киши чўнтагини бақувватроқ қилиши кераклигини, мамлакат ижтимоий деб эълон қилинган ва тиббий хизматлар расман бепул бўлса-да, оддий одамнинг пулсиз омон қолиши қарийб имконсизлигини ҳам кўрсатиб берди. Айни вақтда, ота-оналар ўз фарзандлари ҳаётини сақлаб қолиш учун бор-будини беришга тайёрлигини яна бир карра исботлади: баъзи оилалар даволаш харажатлари учун нафақат катта миқдорда қарз кўтарган, балки ҳайдаб турган машинаси, яшаб турган уйларигача сотган; уларга қариндошлари ҳам млн-млн сўмлаб ёрдам кўрсатган. Айрим оилалар муолажалар учун 1 млрд сўмгача харажат қилган. Уй ва машинани яна сотиб олиш, қарзларнинг ҳаммасидан қутилиш мумкиндир, аммо кўпинча уқувсиз ходимларининг нотўғри ташхислари, вақтида кўрсатилмаган ёрдам туфайли вафот этган болаларни ҳаётга қайтариб бўлмайди.

Бутун Ўзбекистонни қамраб олган ушбу фожиа қурбонлари хотирасига лозим даражада ҳурмат кўрсатилгани йўқ. Қурбонлар сони 15 нафар эканида ҳам, 18 нафар бўлганида ҳам, 20 нафардан ошганида, 65 нафар экани эълон қилинганида ҳам, 68 нафарга етгани маълум бўлганида ҳам жамоатчилик вакиллари Ўзбекистонда умуммиллий мотам эълон қилиш зарурлигини таъкидлаган эди. Хусусан, бу ҳақда «Газета.uz» ҳам ёзганди. Аммо мотам эълон қилингани йўқ. Энг каттаси ҳали 9 ёшга тўлиб улгурмаган, энг кичиги эса 5 куни кам тўрт ойлик бўлган салкам 70 нафар боланинг ўлими билан боғлиқ оғриқни мамлакат тўла ҳис қилмади. Балки шунинг учун ҳам суднинг 2024 йил февралидаги ҳукмида ҳар бир марҳум учун 1 млрд сўмдан компенсация тўлаб берилишига доир талабнинг ижроси пайсалга солиб келинаётгандир — бу болалар ва уларнинг яқинлари ҳис қилган оғриқ, азобни бошқалар ҳам ўз танида сезганида, эҳтимол, уларга кўпроқ ҳамдард бўлинарди.

«Газета.uz» фожиага икки йил тўлиши муносабати билан ҳодиса қурбонларини хотирлайди. «Док-1 Макс» иши сабаб вафот этган 68 боланинг сўнгги кунлари қандай ўтгани «Газета.uz» жабрланувчиларнинг яқинларидан олган интервьюлар, суд жараёнидан тайёрланган стенограммалар, шунингдек, суд ҳукмидаги тафсилотлар асосида ёдга олинади. Материални тайёрлаш жараёнида 29 нафар боланинг қонуний вакилларидан суратларини эълон қилиш учун рухсат олинди, шунингдек, тармоқда эълон қилинган суратлардан фойдаланилди (агар сизда ҳам қўшимча маълумотлар, суратлар бўлса, Telegram’даги @doc1maksgazetauz_bot'га ёзинг).

Ижодкор Отабек Тиллаевннинг «Док-1 Макс» қурбонларига бағишланган (ва қўшиқ ҳам қилинган) «Дорисиз жаннатларга кетган болам» шеърида «бутун юртнинг ёқасидан тутган» дея таърифланган бу болалар унутилмаслиги керак. Чунки улар Ўзбекистонда бошқалар ҳам дорилардан заҳарланиб вафот этмасликлари учун ўз ҳаётлари билан тўлов қилдилар. Ўзбекистонда бундай фожиалар такрорланмаслиги керак. Ота-оналар ортиқ аламдан «қанча пул берса менинг болам қайтиб келади?», «нега менинг болам тажриба қуёни қилинди?», деб савол бермаслиги керак, «ҳар лаҳза болам билан қўшилиб ўлгандек бўламан!» деб йиғламаслиги, оилалар боласидан айрилиб, барбод бўлмаслиги керак.

Изоҳ ўрнида: «Док-1 Макс» иши сабаб саломатлигига жиддий зиён етган, ҳатто ногирон бўлиб қолган болаларнинг ҳикоялари алоҳида материалда берилди. Улардан бирининг ота-онаси таъкидлаганидек, «тирик болаларни асраб қолиш керак».

Вафот этган болалар

Рўйхат болаларнинг вафот этган санаси бўйича берилган.

Аҳмад Аитбаев, 2 ёш 4 ой 11 кун

Аҳмад Аитбаев 2020 йил 21 март куни Қорақалпоғистонда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

2022 йил июль ойи бошларида Аҳмад шамоллаб қолади. Онаси уни Қўнғирот шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб боради. Шифокор шамоллашга қарши дорилар ёзиб беради, аммо рецептдаги дориларнинг ҳаммаси ҳам топилмагани боис, дорихоначи болага «Док-1 Макс» сиропини ичиришни тавсия қилади.

«Док-1 Макс» сиропини қабул қилишни бошлаган боланинг аҳволи 6 июлдан ёмонлаша бошлайди. Ота-онаси уни Қўнғирот шаҳар тиббиёт бирлашмасининг инфекция бўлимига ётқизади. Тахминан шу вақтда Аҳмаднинг пешоби ҳам келмай қўяди. Шифокорлар унга ўткир буйрак етишмовчилиги ташхисини қўйиб, 8 июль куни Нукусдаги шошилинч тиббий ёрдам касалхонасига юборади.

Нукусдаги касалхонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган Аҳмад Аитбаев 25 июль куни комага тушади ва 1 август куни вафот этади.

Имронбек Кучимов, 2 ёш 15 кун

Имронбек Кучимов 2020 йил 14 сентябрда Жиззах вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Имронбек 2022 йили туғилган кунидан бир кун ўтиб, 15 сентябрда шамоллаб қолади. Шундан кейин онаси бир аёлнинг тавсияси билан дорихонадан «Док-1 Макс» сиропини сотиб олади. Имронбек дорини бир ҳафта давомида кунига уч маҳал ичади.

23 сентябрь куни боланинг ичи кетиб, қайт қила бошлагани боис эртаси куни уни Ғаллаорол туман шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб боришади. Бу ерда бола пешоб ҳам чиқара олмай қолгани учун уни тез ёрдам машинасида вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига юборишади.

Болага ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилади. Имронбекнинг аҳволи ҳеч яхшиланавермагач, 28 сентябрь куни тез ёрдам машинасида Самарқанддаги кўп тармоқли болалар шифохонасига олиб кетилади. Жонлантириш бўлимига ётқизилган болага катетер уланади.

Имронбек 2022 йил 29 сентябрь куни вафот этади.

Муҳаммаджон Норсоатов, 1 ёш 9 ой 2 кун

Муҳаммаджон Норсоатов 2020 йил 27 ноябрь куни Қашқадарё вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Муҳаммаджон 2022 йилнинг сентябрида шамоллаб қолади. Дорихонадан сотувчининг тавсияси билан «Док-1 Макс» сотиб олган онаси ўғлига сиропни 5 кун давомида икки маҳалдан беради.

Боланинг аҳволи яхшиланавермагач, уни 22 сентябрь куни Ғузор туман болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб боришади. Навбатчи шифокор тана ҳарорати кескин кўтарилган Муҳаммаджонга томчи дори қуйиб, уйига жавоб беради.

23 сентябрда эса Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази нефрология бўлими навбатчи шифокори Муҳаммаджонга буйрак шамоллаши ташхисини қўяди. Бу вақтга келиб боланинг иситмаси кескин кўтарилган, ҳолсизланган эди.

Иштаҳаси йўқолиб, икки сутка давомида пешоб чиқармайди, шиша бошлайди. Шифокорларнинг қайта таҳлилидан кейин, Муҳаммаджон 25 сентябрь куни йўлланма билан Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб борилади.

Жонлантириш бўлимига ётқизилган болага «Док-1 Макс» сиропидан заҳарланиши оқибатида буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилади. Муҳаммаджон 2022 йил 29 сентябрь куни вафот этади.

Алихан Байтлеуов, 4 ёш 4 ой 28 кун

Алихан Байтлеуов 2018 йил 2 май куни Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Алиханда шамоллаш 2022 йил 20 сентябрда бошланган. Уни поликлиникага олиб чиққан бувиси шифокор тавсияси билан суспензия кўринишидаги «Зитмак» дори воситаси билан бирга «Док-1 Макс» сиропини сотиб олади.

Саломатлиги оғирлашган Алихан 24 сентябрь куни Нукусдаги болалар кўп тармоқли поликлиникасига олиб борилган. Тиббий муолажалар самара бермагач, 25 сентябрда уни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалига олиб кетишган.

У ерда бир неча, хусусан, ультатовуш текришувини ўтказган шифокорлар болага буйрак етишмовчилиги ташхисини қўйган. Аҳволи оғирлиги ва кома ҳолатида экани боис Алихан ўша куннинг ўзида реанимация бўлимига жойлаштирилган, диализ қилинган.

Алихан 2022 йил 30 сентябрь куни вафот этган.

Айжамал Мамбетиярова, 1 ёш 5 ой 4 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Айжамал Мамбетиярова 2021 йил 29 апрель куни Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Айжамaл 2022 йил 2 сентябрда грипп бўлиб қолади. Онаси Дилфуза Кудайназарова дорихонага бориб, ҳали 2 ёшга тўлмаган қизининг шамоллаганини айтганида, дорихоначи унга «Док-1 Макс» сиропини тавсия қилади. Дорини уч кун уч маҳал 2,5−3 миллилитрдан ичган Айжамaл 5 сентябрда ҳолсизланиб қолгач, онаси тез ёрдам чақиради. Қизалоққа грипп ташхисини қўйган тез ёрдам ходимлари болага қандай дори берилаётгани ҳақида сўрайди. «Док-1 Макс» деган жавобни олгач, тез ёрдам ходимлари ҳам уни ичиришда давом этиш мумкинлигини айтади.

Нукусдаги Республика болалар касалхонаси мутахассислари ҳам Айжамалга қўйилган грипп ташхисини тасдиқлайди. Касалликнинг еттинчи кунига келиб, қизнинг аҳволи жуда оғирлашади, айнан шу куни онаси унинг пешоб ҳам чиқармаётганини билиб қолади. Юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилганида, бола организмида креатин моддаси миқдори ошиб кетгани аниқланади. Айжамал реанимация бўлимига ётқизилади, гемодиализ қилинади.

Онаси Дилфуза Кудайназарованинг сўзларига кўра, қизи 8-куни (бу касалликнинг 8-куними ёки сентябрь ойининг, аниқлик киритилмаган — таҳр.) ўзига келади. 11-куни эса шифокорлар унинг аҳволи оғирлигини, оғриққа чидай олмаётгани учун уни сунъий комага тушириш кераклигини айтади. Сунъий комага туширилгач, қизалоқнинг ўзи ҳам табиий равишда кома ҳолатига тушиб қолган.

Онасининг қўшимча қилишича, Айжамал 2022 йил 15 сентябрь куни гемодиализ қилингач, қизидан 3 кун қон кетган, аммо шифокорлар қон қаердан кетаётганини аниқлай олмаган. Айжамал 2022 йил 3 октябрь куни, операцияга олиб кириб кетилаётганида вафот этган.

Беҳруз Реджепов, 5 ёшу 4 ой 4 кун

Беҳруз Реджепов 2017 йил 6 июнь куни Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Беҳруз 2022 йили август ойи бошларида бетоб бўлиб қолади — тана ҳарорати кўтарилиб, кучли йўталади. Онаси Гуландам Кўлбаева уни қишлоқ врачлик пункти (ҚВП)га олиб чиққанида, шифокор болага «Амбронол», «Азимитрицин» ва «Қизил мия» сиропларини тавсия қилади. «Амбронол» сиропини 2 кун 2 маҳалдан ичган Беҳрузнинг йўтали қолиб, бироз тузалгандек бўлади. Лекин август охирларига бориб, тана ҳарорати яна кўтарилиб, қайт қила бошлайди. Онаси иситмани тушириш учун «Парацетомол» таблеткасини ярмини бергач, соғайиб кетади.

20 сентябрда Беҳрузда яна иситмалаш, қайт қилиш кузатилади. Онаси бу сафар «Парацетомол» ва унга қўшимча «Аспирин» таблеткасининг ярмини беради. Аммо боланинг аҳволи яхши томонга ўзгармайди. ҚВПдаги шифокор болани кўрикдан ўтказиб, «Парацетомол», «Смекта», «Амоксацилин» каби дори воситалари ва Натрий-хлориднинг системасини бепул беради. Бола бу дориларни ичганига қарамай, аҳволи баттар оғирлашади — пешоб чиқармай қўяди, қорни шиша бошлайди.

Шундан сўнг, 24 сентябрь куни тез ёрдам чақирилади. Келган тез ёрдам ходимлари боланинг пешоб чиқармаётганини унинг ҳеч нарса емагани ва ичмаётгани билан боғлайди. Эртаси куни Беҳрузнинг қайт қилиши кучайиб, тана ҳарорати кўтарилади. Учинчи кун ҳам пешоб чиқармагач, онаси таниш педиатр тавсияси билан ўғлини УТТдан ўтказади.

Буйраги ишламаётгани маълум бўлгач, бола 26 сентябрь куни тез ёрдам машинаси билан Шуманай туман марказий шифохонасига олиб борилиб, жонлантириш бўлимига ётқизилади. Эртаси куни уни Республика шошилинч ёрдам илмий марказининг Нукус филиалига юборишади. Беҳруз у ерда гемодиализдан кейин пешоб чиқара бошлайди, аммо 29 сентябрда комага тушади.

15 кун комада ётган Беҳруз 2022 йил 12 октябрь куни вафот этади.

Малика Қудратова, 3 ёш 8 ой 15 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Бир оиланинг икки фарзанди «Док-1 Макс»дан жабрланган. Малика исмли қизалоқ вафот этган, унинг укаси Муҳаммадали эса ногирон бўлиб қолган. Малика Қудратова 2019 йил 31 январда, Муҳаммадали эса 2021 йил 7 апрелда туғилган. Уларнинг касаллик тарихи — бир-бирига боғлиқ бўлгани учун — «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида бир матнда баён қилинади.

Ардашой Нўъмонова 2022 йил баҳори бошларида шамоллаган ўғли Муҳаммадали Қудратов учун шифокор тавсияси билан «Док-1 Макс» сиропини биринчи марта сотиб олиб, кейинчалик ундан доимий фойдаланиб келган. Дори яхши натижа бергани ва унинг ҳеч қандай салбий таъсирини кўрмагани учун, она 2022 йил кузида шамоллаб қолган қизи Маликага ҳам шу доридан ичирган. Сиропни 3 кун 2 маҳалдан йўриқномада кўрсатилган миқдорда қабул қилган қизалоқ 4−5 октябрларда қайт қила бошлаган.

Шундан кейин уни Навоий вилояти Кармана туман тиббиёт бирлашмасига олиб боришади. Ошқозон бузилиб, инфекция тушганини айтган шифокорлар Маликанинг меъдасини ювиб, уйига жўнатади. Қизалоқ ҳолсиз, қайт қиладиган ва кўп ухлайдиган бўлиб қолгач, уни тез ёрдам машинаси билан яна Карманадаги болалар касалхонасига олиб бориб, реанимация бўлимига ётқизишади. Қизча у ерда бир сутка давомида ҳам пешоб чиқармайди. УТТга туширилганида иккала буйраги ҳам ҳам ишламаётгани, «тамом бўлгани», заҳарлангани маълум бўлади. Онаси бу хабардан шокка тушиб қолади.

Бир сутка давомида тўхтовсиз осма укол қилинган қизалоқнинг танаси охири укол қабул қилмай, шишиб кетади. Шифокорлар онасига биргина йўл қолгани — диализ қилиш кераклигини, аммо диализ Карманада йўқлиги, бунинг учун ё Самарқанд, ёки Бухорога бориш кераклигини, шароит кўтарса, болани шу шаҳарлардаги касалхоналарга олиб бориш кераклигини айтишади.

Малика 8 октябрь куни Самарқанд вилоят кўп тармоқли болалар марказига олиб келинади. Отаси топиб келган кaтетер билан диализ бошланади — ота-онаси «шундан кейин боламиз яхши бўлиб кетади», деб умидвор бўлади. Аммо ҳар диализдан сўнг Маликанинг аҳволи оғирлашаверади.

«15 кило чиқадиган қизим 15 кунда 50 кило бўлиб кетиб, ҳатто оғзидан йиринглай бошлади. Икки-уч марта диализ олиб, аҳволи оғир бўлиб турганида уйдан қайнонам телефон қилиб, ўғлим Муҳаммадали ҳам қайт қилиб, пешоб чиқармай қўйганини айтди. Ўша вақтдаги аҳволимни ҳеч кимга тушунтириб беролмайман. Ўғлимни ҳам тезда реанимацияга олиб келдик. У ҳам худди опаси каби аҳволда эди», — деганди Ардашай Нўъмонова суддаги кўрсатмасида кўзда ёш билан.

Маълум бўлишича, Муҳаммадали йўталганида отаси унга бир ёки икки марта «Док-1 Макс»дан ичирган бўлади. Ардашой Нўъмонова қизининг аҳволи диализдан сўнг жуда ёмонлашгани боис ўғлига ҳам диализ қилишларидан хавотирланади, шифокорлар эса бу муолажадан бошқа чора йўқлигнии тушунтиради. Айни вақтда, шифокорлар Муҳаммадали учун ҳам катетер топиб келиш кераклигини, касалхонада бундай мослама йўқлигини айтади.

Муҳаммадали бир ярим ёш бўлгани учун унга жуда кичкина найчали катетер зарур эди. Бунақаси Тошкентнинг ўзидан бир сутка изланади, охири кимдир ёрдам қилиб, 500 минг сўмга жўнатиб юборади. Лекин ўша куни Муҳаммадалининг ўзи озгина пешоб чиқаради ва шу тариқа уни диализ қилиш фикридан қайтилади.

Бу вақтда Маликанинг аҳволи оғирлашади. Бешинчи диализдан сўнг, 15 октябрь кечаси у вафот этади.

Ардашой Нўъмонованинг айтишича, қизи қонталаш қўллари билан: «Онажон, мени олиб кетинг», дегани унинг кўз олдида муҳрланиб қолган. «Фарзандим ўз қўлимда дорилар таъсирида адо бўлди», — деганди у суддаги кўрсатмасида. Ўша вақтда ўғли Муҳаммадали ҳам реанимацияда оғир аҳволда ётгани учун Маликанинг жанозасида қатнаша олмаган, уни сўнгги йўлга кузата олмаган.

Муҳаммадалида пешоб ажралган куннинг оқшомида унинг томирлари тортишиб («судорога» бўлиб) қолган. Пешонасининг бир тарафи тортишиб, кўзи билан оғзи қийшайиб қолгани учун шифокорлар онасига: «Ўғлингизнинг шу аҳволда ўлмай тургани — мўъжиза. Ҳар нарсага тайёр туринг. Биз ҳам қўлимиздан келганини қилдик», деган.

Октябрь охирларида, Муҳаммадалининг кўзи билан оғзидаги қийшайиш қайтгач, даволанишни давом эттириш шарти билан уйига рухсат берилган. Ҳар 10−20 кунда таҳлиллар топшириб, муолажа ёздириб, шу тариқа ярим йил даволанади. Онаси 2023 йил 23 ноябрь судидаги кўрсатмасида ўғлининг ҳозирги аҳволи нисбатан яхши эканлигини маълум қилган эди.

Шунингдек, Ардашой Нўмонова ўз кўрсатмасида бу ҳодиса оиласига бир умрлик мусибат етказгани, энди ҳеч қачон ўйнаб-кулолмаслиги, ўзини ҳар лаҳза фарзанди билан бирга ўлгандек ҳис қилишини айтган эди. Қолаверса, она шу воқеалар оқибатида ишсиз қолган, энди фақат фарзанди тарбияси билан машғул, чунки Муҳаммадали унинг кўмагимга муҳтож, уни бирорта боғчага ҳам беролмайди. Фақат отанинг ишлаб топгани эса оилага етмайди. Боланинг икки йиллик даволанишлари давомида оила қарзга ботиб кетган.

Севинч Фарҳодова, 4 ёш 6 ой 6 кун

Севинч Фарҳодова 2018 йил 18 августда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Севинч 2022 йил октябрь ойи ўрталарида шамоллаб қолади. Уни даволаш мақсадида дори сотиб олмоқчи бўлган ота-онасига дорихоначи шамоллашга қарши «Док-1 Макс» сиропини тавсия қилади. Сиропни Севинчга 4 кун 3 маҳалдан ичиришади. 20 октябрда иситмаси чиққан, қайт қилиб, пешоб ажратмай қўйган Севинчни ота-онаси Берунийдаги туман тиббиёт бирлашмасига олиб боради.

Ультратовуш текшируви шифокори қизнинг буйраклари қуриб қолгани, унинг шишаётганини билдириб, буйрак етишмовчилиги ташхисини қўяди. Шунингдек, Севинчни зудлик билан болалар жонлантириш бўлимига олиб боришни ҳам тавсия қилади. Жонлантириш бўлими шифокори эса қизнинг аҳволи оғирлигини билдириб, уни дарҳол Тошкентдаги 16-шаҳар касалхонаси (Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, РШТЁИМ)га олиб бориш кераклигини айтади.

Аммо Севинчни зудлик билан Тошкентга олиб бориш учун на самолётга ва на поездга чипта топилади. Шу боис қизалоқ 21 октябрь куни РШТЁИМнинг Нукус филиалига олиб борилади. Бу ердаги шифокорлар Берунийдаги ҳамкасблари қўйган «ўткир буйрак етишмовчилиги» ташхисини тасдиқлайди. Қизалоқ жонлантириш бўлимига ётқизилади. 3 марта диализ олгач, у комага тушиб қолади.

Севинч 2022 йил 24 октябрда вафот этади.

Дунё Ўлмасова, 3 ёш

Дунё Ўлмасова 2019 йил 25 октябрь куни Самарқанд вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Дунё 2022 йилнинг октябрида йўтала бошлайди. Шу сабабли онаси 15 октябрда дорихоначининг тавсияси билан «Док 1 Макс» сиропини тахминан 40 минг сўмга сотиб олади. Қизалоқ дорини 3 маҳалдан ичган кунининг учинчисида қайт қила бошлайди.

Шундан кейин уни 18−19 октябрь кунлари қишлоқ поликлиникасига олиб боришади. Шифокор бола овқатдан заҳарланган бўлиши мумкин деб ўйлагани боис унинг ошқозонни тозалаш мақсадида осма укол қилади. Бироқ қизалоқ яна қайт қила бошлайди, тўртинчи кунга сиймай қўяди.

19 октябрь куни Дунёни сариқ касал деб тахмин қилган қишлоқ поликлиникаси ҳамшираси унинг онасига гепатит-касалхонасига олиб боришни тавсия қилади. У ердаги шифокорлар эса болада гепатит аломатлари йўқлигини айтади, аммо таҳлил учун қон топширишни сўрайди.

20 октябрдаги қон таҳлили натижаси ва УТТга кўра, қизалоқнинг қовуғида пешоб йўқлиги, қолаверса буйраклари шишгани маълум бўлади. Эртаси куни Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб борилган қизалоқ жонлантириш бўлимига ётқизилади.

Дунё 2022 йил 25 октябрь куни касалхонада вафот этади.

Малика Маратова, 3 ёш 8 ой 26 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Малика Маратова 2019 йил 30 январь куни Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

2022 йил 23 сентябрда Малика шамоллаб қолади — тана ҳарорати кўтарилади, кўнгли айниб, тез-тез қайт қилади. Шундан кейин отаси дорихонадан «Парацетамол» шамчаси ва «Ампицилин» уколини олиб келади. Тана ҳарорати тушмаганидан кейин онаси турмуш ўртоғидан «Док-1 Макс» сиропини ҳам олиб келишни сўрайди.

Отаси Анвар Бердиниязов «Док-1 Макс» сиропи, «Цинепар» ва «Кюпен» номли таблеткаларни олиб келади. Малика сиропни тахминан 1 ҳафта давомида 3 маҳал 2 чой қошиқдан қабул қилади. 5 октябрдан қизалоқнинг пешоби келмай қолади.

Отаси уни 9 октябрда Чимбой тиббиёт бирлашмаси шифохонаси болалар бўлимига олиб боради. 9−10 октябрда аҳволи оғирлашгани сабаб Нукус тез-тиббий ёрдам шифохонасига олиб кетилади. Шифокорлар томонидан ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилиб, диализ қилинади — 10 октябрдан 19 октябргача жами 7 маротаба диализ муолажаси олади. Шундан сўнг қизнинг пешоби кела бошлайди. Аммо тахминан 15−16 октябрь кунлари қиз комага тушиб қолади.

Малика 2022 йил 26 октябрь куни вафот этади.

Малика Абдуллаева/ Мақсутова, 3 ёш 9 ой 18 кун

Суд ҳукмида Маликанинг фамилияси икки хил — Мақсутова ва Абдуллаева тарзида берилган. Унинг отасининг исм-шарифи — Абдуллаев Баҳодир Мақсутович. Материални тайёрлаш жараёнида Маликанинг ота-онаси билан алоқа ўрнатиб бўлмади. Марҳум қизалоқнинг фамилиясига қорақалпоғистонлик жабрланувчилар орқали ҳам аниқлик киритиб бўлмагани боис, иккала талқинни ҳам қолдиришга қарор қилинди.

Малика 2019 йил 10 май куни Нукус шаҳрида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Малика 2022 йил сентябри бошларида шамоллаб қолади. Шунда отаси уйга яқин жойдаги дорихонага бориб, сотувчидан шамоллашга қарши дори сўрайди. Қизалоқ сотувчи тавсияси билан 35 минг сўмга олинган «Док-1 Макс» сиропини йўриқномага кўра 3 кун 2 маҳал — 1 чой қошиқдан қабул қилади. Лекин аҳволи яхшилавермагач, отаси унга номини ўзи ҳам эслолмайдиган таблеткалар беради ва қиз анча яхши бўлиб қолади.

23 сентябрда Маликада шамоллаш қайталанади, тана ҳарорати кўтарилиб, қайт қила бошлайди. Унга дорихонадан сотиб олинган 2 дона «Амуксалин» (интернетда бу номдаги сироп чиқмади, дори номи суд ҳукмида қандай келтирилган бўлса, шу тарзда берилмоқда — таҳр.) сиропидан биттаси 3 кун 3 маҳалдан 1 чой қошиқда ичирилади.

Аҳволи яхшиланмагач, ота-онаси қизини Тахиатош туманидаги 1-поликлиникага олиб боради. Отаси Баҳодир Абдуллаевнинг маълум қилишича, шифокор қизига «Ампициллин» уколи ва номи унинг эсида бўлмаган сиропни ёзиб беради. 2 кун давомида «Ампициллин» уколини килиб, шифокор ёзган сиропни ичиришади. Аммо қизнинг аҳволи ёмонлашиб, юролмай қолади.

Маликани Тахиатош туманидаги болалар шифохонасига олиб боришганида, шифокорлар унга ўпка шамоллаши ташхисини қўйиб, бир кун давомида натрий хлориди, аскорбин кислотаси, цефозалин ва бошқа дорилар билан стационар даволайди. Бироқ қизалоқ пешоб чиқармай қўяди. УТТ қилган шифокорлар унга «сариқ касал» ташхисини қўйиб, Тахиатош туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига юборади.

Юқумли касалликлар шифохонасидагилар «сариқ касал» ташхисини тасдиқламайди, уни болалар шифохонасига қайтариб юборади. Болалар шифохонасига қайтиб боргач, бола реаниматолог кўригидан ўтказилади. Малика буйрак етишмовчилиги деган янги ташхис билан реанимация бўлимига ётқизилади.

Отасининг қўшимча қилишича, 30 сентябрда қизи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Нукус филиалига олиб кетилади. Гемодиализ қилингач, қизи пешоб чиқара бошлайди, аммо 2 октябрда комага тушиб қолади.

23 кун комада ётган Малика 2022 йил 23 октябрь куни шифохонада вафот этади.

Асалбону Холмаматова, 4 ёш 5 ой 12 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Асалбону Холмаматова 2018 йил 15 май куни Самарқанд вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Асалбону 2022 йил октябрь ойи ўрталарида шамоллаб қолади. Шундан кейин унга шифокорнинг тавсияси билан дорихонадан сотиб олинган «Док-1 Макс» сиропи ичирилади. Қизалоқ дорини 1 кун, 3 маҳал қабул қилади. Шундан кейин ҳолсизланиб қолади, эртасига пешоб ажратмай қўяди.

Отаси Зарифжон Насриддиновнинг маълум қилишича, аҳволи ёмонлашгач, шифокорлар қизини тезда Самарқанд вилояти тез тиббий ёрдам шифохонасига юборган. У ерда қизининг буйраги ишламаётганлиги маълум бўлгач, зудлик билан Самарқанд вилояти кўп тармоқли болалар марказига жўнатишган. Марказдаги шифокорлар битта буйрак ишдан чиққанини айтади. У ерда қизалоққа диализ қилинади, қони камайгани учун қўшимча 200 миллилитр қон қуйилади.

Асалбону 2022 йил 27 октябрда вафот этади.

Ислом Каримбаев, 1 ёш 10 ой 18 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Ислом Каримбаев 2020 йил 14 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Ислом туғма юрак нуқсони ва «Даун синдроми» билан дунёга келган. Шу боис иммунитети паст, тез-тез касал бўлган ва соғлиғини тиклаш мақсадида доимий равишда дори ичган.

2022 йилнинг тахминан 17−18 октябрида йўтала бошлагани сабаб онаси унга дорихонадан «Док-1 Макс» сиропини олиб келиб, 2−3 кун давомида 2 маҳал ичирган. Ислом тахминан 21 октябрь куни иситмалаб, қайт қилади ва пешоб ажратмай қўяди. Эртаси куни уни Амударё туманидаги Тиббиёт бирлашмасига олиб боришади.

Навбатчи шифокор болани текширувдан ўтказиб, амбулатор тартибда олиб қолади. 24 октябрда эса Ислом РШТИЁМ Нукус филиалига олиб борилади. Отаси Нурбек Раҳимовнинг маълум қилишича, шифокорлар унинг ўғлига ўткир буйрак етишмовчилиги ташхисини қўйиб, жонлантириш бўлимига ётқизган.

5−6 маротаба диализ қилинганидан кейин бола комага тушиб, ундан чиқмаган. Ислом 2022 йил 1 ноябрь куни вафот этган.

Дамир Шокиров, 1 ёш 5 ой 12 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Дамир Шокиров 2021 йил 22 июнда Навоий вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Газета.uz» нашри «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

Оилада ёлғиз фарзанд бўлган Дамирнинг саломатлигида ҳеч қандай шикоят бўлмаган, ўсиши ҳам тенгдошларига нисбатан яхши бўлган.

Аввалроқ шамоллаганида «Док-1 Макс» ичиб, яхши бўлиб кетгани учун 2022 йил октябрида иситмалаб, шамоллагандек кўринганида болага яна шу сиропдан икки кун икки маҳал ичиришади. Дамир ҳолсизланиб, қайт қила бошлагач, уни Зарафшон шаҳар касалхонасига олиб боришади. Дўхтирлар унинг қайт қилишини бронх йўлларидаги шамоллаш билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб тахмин қилади.

Шифокорлар Дамирни уч кун шамоллашга қарши даволайди. Уйидагилари нима керак бўлса, ҳаммасини касалхонага етказиб туради. Бу орада УТТ ҳам қилиб, боланинг буйрагида ҳеч қандай муаммо йўқлиги айтилади. Ўрнидан туролмай, ҳолсизланиб, сиймай қўйганидан кейин қайта УТТ қилиниб, «Сийдик йўлидами, каналидами торайиш бор», деб яна хато ташхис қўйилади.

Ота-онаси ўғлини Навоий вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб бориб, УТТ қилдирганидан кейингина боланинг буйраги ишдан чиққани, қонда заҳарланиш бошлангани маълум бўлади. Бир кун ўтиб, Дамирни диализ қилдириш учун Самарқандга юборишади. Самарқанд вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида тўрт марта диализ қилинади — икки марта қони, икки марта суви тозалаб олинади, лекин фойдаси бўлмайди.

Отаси Достон Сатторовнинг эслашича, ўшанда болани диализ қилиш учун бутун Самарқанд вилоятида, 50−60 та дорихонадан оддий бир катетер топилмайди. Тошкентдан олиб келтирилган биринчи катетернинг ўлчами тўғри келмайди. Эртасига Тошкентдан бошқа бир катетер почта орқали келтирилади.

Таъкидланишича, Дамирнинг аҳволига Самарқанддаги шифохонада ҳам аниқ ташхис қўйилмаган — шамоллаш, овқатдан заҳарланиш вариантлари кўриб чиқилади. Дўхтирлар боланинг ота-онасидан қандай дорилар бергани ҳақида сўраган, лекин бу «Док-1 Макс» билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини улар ҳам билмаган. Шу тариқа, 24−25 октябрда мазаси қочган Дамир 3 ноябрга келиб комага тушади.

Дамир 2022 йил 3 ноябрь куни вафот этган.

Темурбек Сайфуллаев, 2 ёш 7 ой 30 кун

Темурбек Сайфуллаев 2020 йил 12 мартда Самарқандда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

2022 йилнинг 3−4 ноябрида Темурбекнинг томоғи оғриб қолади. Онасининг ўзи шифохонада ишлагани учун ўғлига «Амбронол» сиропи ва суспензия кўринишидаги «Ибуфен Д» дори воситасини бир кунда уч маҳалдан ичиради.

5 ноябрда Темурбекнинг пешоб чиқариши камайиб, эртаси куни бутунлай сиймай қўяди. Шундан кейин тез тиббий ёрдам чақириб, уни Пахтачи туманидаги тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимига олиб боришади.

Онаси Нилуфар Ўлжаеванинг маълум қилишича, шифокорларнинг тавсияси билан ўғлини Самарқанд шаҳридаги кўп тармоқли болалар шифохонасига олиб боришган. Жонлантириш бўлимига ётқизилган Темурбекда қўшимчасига коронавирус ҳам аниқланади.

Темурбекка 2022 йил 11 ноябрь куни гемодиализ қилинади. У айнан шу куни шифохонада вафот этади.

Осиё Суннатова, 1 ёш 1 ой 9 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Осиё Суннатова 2021 йил 3 октябрда Жиззах вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

Осиё 1 ёшга тўлганидан кўп ўтмай, 22 октябрь куни шамоллаб қолади. Отаси пахта йиғим-терими сабаб уйдан 30 км узоқда бўлгани боис, онаси дорихонага бориб, иситмалаган қизига аввалроқ бошқа фарзандига ҳам ичириб, нафини кўрган «Док-1 Макс» сиропидан олиб келади.

Икки маҳал сироп ичганидан кейин ҳам Осиёнинг аҳволи яхшиланмагач, ота-онаси уни «Фарҳод» клиникасига олиб боради. Икки кун қатнаб, укол олса ҳам шамоллаши ўтиб кетмайди. Бунинг сабабини шифокорлар «шамоллаш бирданига яхши бўлиб қолмаслиги, уни вақт даволаши» билан тушунтиради.

Иккинчи куни клиникадан уйга қайтгач, қизалоқнинг пешоб ажратмаётгани, танасида шишлар пайдо бўлиб, бўшашаётганини пайқашади. Шундан кейин уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) Жиззах филиалига олиб боришади.

Шифокорлар умуман пешоб ажралмаётган бўлса, қандайдир укол қилиб сийдиришлари, шунда ҳам ўзгариш бўлмаса, операция қилишлари ва унгача текширтириш кераклигини айтади. УТТ қилиб «Буйраги зўр, буйракдан эмас», дейишади.

Ота-онаси шошилинч тез тиббий ёрдамдан чиқиб, қизалоқни Жиззах вилояти кўп тармоқли болалар шифохонасига олиб боради. У ерда ўткир буйрак етишмовчилиги борлиги аниқланиб, вақтни ўтказмай, тезда Самарқандга бориш ва диализ қилдириш тавсия қилинади.

Самарқанд кўп тармоқли тиббиёт марказида дўхтирлар соат 14:00 гача ишлаши, ундан кейин одам қабул қилмаслиги маълум бўлгач, Осиёни Самарқанддаги шошилинч тез тиббий ёрдамга олиб боришади. Уёқда ҳам УТТ қилинади — аҳвол ёмонлиги, буйрагида кучли жараён кетаётгани айтилади.

Шошилинч тез тиббий ёрдамда икки кун бўлишгач, бир нотаниш аёл шифокор келиб боланинг аҳволи жуда ёмон, дея Осиёни реанимацияга ўтказади. Боланинг кўп тармоқли болалар шифохонасига кўчиши, катетер топилишига ҳам ўша шифокор аёл сабабчи бўлади — катетерни Жиззах, Самарқанд, Қаршидан сўрамаган жойлари қолмайди ва, охири — учинчи куни Тошкентдан базўр топиб келтиришади.

Ўшанда касалхона ходимлари бу «Док-1 Макс» билан боғлиқ 10 ё 11-ҳолат эканини айтади. Саъй-ҳаракатларга қарамай, Осиё 2022 йил 12 ноябрда вафот этади.

Нигина Одилова, 2 ёш 7 ой 17 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Нигина Одилова 2020 йил 28 март куни Навоий вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

Нигина 2022 йил октябрь ойи охирларида шамоллаб қолади. Онаси дорихонадан «Док-1 Макс» сиропи ва парацетамол таблеткаларини олиб келиб, уч-тўрт кун икки маҳалдан ичиради. Иккинчи куни эрталабда қизчанинг ҳарорати тушади, аммо кечга бориб томоғи яна қизара бошлайди. Учинчи кундан сийдик ажралиши камайиб, еган-ичганини қайт қилади, ҳолсизланишни бошлайди.

Ота-онаси аввалида «иситмага қарши шамчадан фойдаланишаётгани учун терлаяпти, танасидаги сув шу йўсиндан чиқиб кетяпти, шунинг учун сийдик ажратмаяпти», деб ўйлаган. Кейинги кун яна пешоб чиқмагач, онаси 4 ноябрь тонгида Зарафшон шаҳридаги поликлиникага олиб чиққан.

Дадаси Озоджон Нуруллаевнинг судда кўрсатма беришича, у ерда «отангга бор, онангга бор» қилиб, соат 11:00 гача болага бирор дўхтир қарамаган. Эшикма-эшик юравериб, тасодифан Навоийдан бир ойлик командировкага келган врачнинг қабулига кириб қолишган — 15 кун олдин Нигинанинг симптомлари Зарафшон шаҳридаги бошқа беморда ҳам кузатилган, бундан ўша врач хабардор бўлган. У тезда УТТга тушириб, ўша заҳоти Навоий вилояти кўп тармоқли болалар марказига йўлланма берган.

У ерга боришганда қизча яна УТТдан ўтказилиб, реанимация бўлимига ётқизилган. Тунда реанимация бўлими бошлиғи билан шифохона бош врач ўринбосари қизалоқнинг онасидан касаллик тарихини обдон сўраган. «Док-1 Макс» ҳақида эшитгач, ўша вақтда яна тўрт-беш бемор шу дорини қабул қилиб, аҳволи ёмонлашгани, диализ олиб жонлантириш бўлимига даволанаётганлигини айтган.

Кейинги кун боланинг икки буйраги ишламаётгани аниқланган. Шифокорлар ота-онасига зудлик билан диализ қилиш кераклиги, аммо Навоийда болаларнинг диализ фильтри бўлмагани учун тезда Бухоро ё Самарқанддан олиб келтириш кераклигини айтган.

Шу куни соат 16:00 га бориб, қизчанинг аҳволи янада оғирлашган. Отаси Самарқанд вилояти кўп тармоқли болалар шифохонасидан таниш-билиш қилиб, икки дона фильтр олдирган. Навоийдаги дўхтирлар: «Бу шанба-якшанбани ўтказишга. Душанба куни олиб кетасизлар», деб жавоб берган.

Соат 22:00 лар атрофида фильтр келган. Ота-она диализ бўлимининг бошлиғига олиб борганда «Фильтр ўзимизда бор-ку, нега олиб келдингиз», деган. Озоджон ака шу пайтда қайси бўлимга ишонишни билмагани, аммо ўртада боласи сарсон бўлганини айтади. Қизча шу куни тунда биринчи марта диализ олган. Навоийдаги шифокорлар якшанба кечки пайт иккинчи диализни ўтказиб, душанба — 7 ноябрь куни Самарқанд вилояти врачлари билан гаплашиб, ўша ерга йўлланма берган.

Улар Навоийдан чиқиб Самарқандга боргунича соат 16:00 лар бўлиб қолади. Врачлар болани кўриб, реанимация бўлимига қабул қилади. Чоршанба куни диализ қилишга қарор қилишади. Аммо ўша пайтда Самарқанддан ҳам катетер бўлмайди. Шифокорлар қизчанинг ота-онасига катетер топиб келишлари кераклигини айтади.

Ўша вақтда Самарқандда халқаро саммит ўтаётган, йўллар ёпиқ бўлган. Қизалоқнинг отаси тунги соат 2:00 да, Тошкентга бориб, Сергелидаги қайсидир бир дорихонадан икки дона катетер топади. Келгунича пайшанба эрталаб бўлади. Пайшанбада диализ ўтказилади, лекин, шифокорлар огоҳлантирганидек, самара бўлмайди.

Бола оғирлашиб, шишиб кетади. Укол-дори, аппаратлар билан 14 ноябргача ушлаб туришади. 14 ноябрь куни Нигинанинг жони узилади.

Азизбек Аминбаев, 11 ой 27 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Азиз Аминбаев 2021 йил 18 ноябрда Қорақалпоғистонда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Азиз 2022 йил кузининг ўрталарида шамоллаб қолади. Уни даволаш мақсадида дорихонадан сотиб олинган «Док-1 Макс» сиропи, октябрдан бошлаб 15 кун давомида кунига бир маҳалдан ичирилади. Баҳорда Россияга ишлаш учун кетган отаси Дадахон Аминбаев ўғлининг касал бўлгани ва пешоб ажратмаётгани ҳақида онаси Саида Ҳосилбековадан, у билан телефонда гаплашганида хабар топади.

Азизнинг аҳволи яхшиланавермагач, бувиси Саида Ҳосилбекова уни Урганчдаги РШТИЁМ филиалига олиб боради. Унга ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилади. 27 октябрда болани РШТИЁМнинг Нукус филиалига кўчиришади. Бу орада у комага ҳам тушади.

Боланинг отаси 1 ноябрь куни Россиядан қайтиб келади. У келган пайтда ўғли пешоб ажрата бошлаган бўлган, аммо тўрт-беш маротаба диализ қилинганига қарамай, комадан чиқмайди.

Азиз Аминбаев 2022 йил 14 ноябрь куни вафот этади.

Солиҳа Носирова, 2 ёш 6 ой 7 кун

Солиҳа Носирова 2020 йил 11 майда Самарқанд вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

Солиҳа 2022 йилнинг октябрь ойи охирларида шамоллаган. Онаси дорихонага бориб, шамоллашга қарши дори сўраган ва дорихоначининг тавсияси билан «Док-1 Макс» сиропини сотиб олган.

Дорини уч кунча қабул қилгач, сиймай қўйган, оёғи шишиб кетган. Шу боис уни Иштихон туманидаги шифохонага, у ерда икки кун ётганидан сўнг эса Самарқанддаги шаҳар кўп тармоқли болалар касалхонасига олиб боришган.

У ерда етти ёки саккиз кун ётганидан кейин, қилинган саъй-ҳаракатларга қарамай, Солиҳа 2022 йил 17 ноябрда вафот этган.

Азатбек Махсетов, 3 ёш 2 ой 16 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Азатбек Махсетов 2019 йил 5 сентябрда Қорақалпоғистонда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Азатбек 2022 йилнинг октябрида шамоллаб қолади. Томоғи оғриб, йўтала бошлаганида онаси Нукусдаги дорихонадан сотувчининг тавсияси билан «Док-1 Макс» сотиб олади. Болакай дорини 22 октябрдан бошлаб 3 кун, 3 маҳалдан қабул қилади.

Иккинчи куни пешоб ажратмай қўяди, шунга қарамай, сиропни ичишда давом этади. Жудаям аччиқлиги учун ортидан сув ҳам ичирилади. Онаси поликлиникага олиб чиқиб 1−2 кундан буён ичмаётганини билдирганида, шифокор ҳеч нарса йўқлигини айтиб, «Ампицилин» уколини қилишни маслаҳат беради.

Шунда ҳам боланинг қайт қилиши тўхтатмайди. Кейин тез ёрдам чақириб, Азатбекни Нукусдаги шошилинч тез тиббий ёрдам шифохонасига олиб боришади. УЗИ қилинганида буйраклари ишламаётгани маълум бўлган Азатбек 25 октябрь кечаси реанимация бўлимига ётқизилади. Онаси Ботакоз Джумагалиеванинг қайт этишича, 1 ноябрда комага тушган ўғлига 17 марта диализ қилинган.

Азатбек ҳам комадан чиқмайди — 2022 йил 20 ноябрда ҳаётдан кўз юмади.

Шерзодбек Елиубаев, 6 ёш 5 ой 29 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

2016 йил 25 майда туғилган Қорақалпоғистон республикаси Қўнғирот туманида туғилган. Унинг касаллик тарихи онади Генжегул Абдуллаеванинг «Газета.uz»га берган интервьюси асосида баён қилинади.

Шерзодбек 2022 йилнинг февралида шамоллаб қолганда онаси Генжегул опа шифокор тавсияси билан «Док-1 Макс» сиропи ичириб ижобий натижа олади. Ўша йилнинг 18-октабрида бола яна йўтала бошлаганда онаси шамоллаши ўтиб кетмасин деб, олдинги тажрибасига ишониб, «Док-1 Макс» олиб келиб, икки маҳалдан, йўриқномада кўрсатилган миқдорда ичира бошлайди.

22-октабр куни Шерзодбекнинг ҳарорати кўтарилиб, кўнгли айниб, еган-ичганини қайт қила бошлайди, пешоби ҳам чиқмай қолади. Генжегул опа Қўнғиротдаги хусусий клиникалардан бирида текширтирганда ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилади. Туманда диализ аппарати йўқлиги учун 23-октабрда Нукус тез-тиббий ёрдам шифохонасига боришади. Реанимация бўлимига қабул қилинган Шерзодбек 28-октабр куни учинчи диализни олиб, энди пешоби чиқа бошлаганда комага тушиб қолади. Ноябрь ойини ҳам комада ўтказиб, 22 ноябрь тунги соат 12 яримда оламдан ўтади.

Шунда ҳам ота-онаси фарзандининг айнан шу доридан вафот этганини билмайди. Генжегул опанинг айтишича, Шерзодбекнинг вафотидан 10 кунча ўтиб, унга телефон қилиб, шифохонада очилган касаллик тарихи орқали фарзанди «Док-1 Макс»дан ичганини билишгани, у шу доридан заҳарланган бўлиши мумкинлиги айтишади. Кейинчалик тергов суриштируви давомида бу тахмин тасдиқланади.

Шерзодбек онаси тарбиячи бўлиб ишлайдиган боғчада тарбияланувчи бўлган. Рус тили тўгараги ва каратэга ҳам қатнаган. Ҳар куни боғчадан қайтишда онасига ўша кун давомида нималар ўрганганини айтиб келадиган одати ҳам бўлган.

Шерзодбек охирги марта шамоллаб дори ичишидан олдин «ая, менга тўй берасиза?» деган гапни кўп такрорлаган. Онасининг айтишича, унга суннат тўйи беришолмаган, мактабга чиққанда, иккита тўй берамиз деб ният қилиб юришган.

«Ая менга тўй берасизми? Дадам Тошкентдан кўп пул топиб келиб, менга тўй берадими?», дерди. Охирги пайтлар шу гапни кўп айтди-да. Касалхонада юролмаганда орқамга опичтириб кўтариб олганимда «Ая, мени кечиринг, сизнинг белингизни оғритиб қўйдим», деганди. Шу гаплари ҳали ҳам қулоғим остида жаранглайди. Турмуш ўртоғим Тошкентда ишларди. Комага тушмасдан олдин дадаси ва амакисини тинмай сўради. Ҳар замонда «Ая, дадам келдими?», деб қўярди", — дейди Кенжегул опа йиғлаб.

Шерзодбек атрофдагиларига ҳам меҳрибон бўлганидан исми қўшниларининг тилидан тушмаган. Уйда еган ширинликларидан сумкасига солиб қўйиб боғча опаларига ҳам олиб борадиган одати бўлган. Уч опасининг туғилган кунларида онасидан шкалат олиб беришини сўраб, опаларининг туғилган кунларига совға ҳам қилган. Кўчада ўйинчоқлар ўйнаса, уйга киришидан олдин ювиб, тозалаб, ўзи ҳам оёқларини ювиб, кийимларини тозасига алмаштириб кирадиган одати бўлган.

Келажакда аскар бўлишни орзу қиладиган Шерзодбек катта бўлса, машиналар олиб онасини шаҳар айланитириши ҳақида кўп айтган.

«Болам куни бўйи ёнимда эди. Унга қаттиқ боғланиб қолибман-да. Ҳалигача ҳар куни соғинаман. Уйнинг у ёғидан бу ёғига ўтишлари, ўйнаб ўтиришлари кўз ўнгимда қолиб кетган. Чиройли сўзлари бор эди. „Ўзимнинг аям, аяжоним“, деб қучоқлаб ўтирарди. Боламннинг орзулари ичида армон бўлиб, тўлиб кетди», — деб йиғлаб гапиради онаси.

Фарзандининг вафотидан сўнг Кенжегул опа ишга боришга ҳам куч тополмаган. Шерзодбекнинг боғчадаги гуруҳдошларини кўриб боласи ҳам улар орасида бўлиши мумкинлиги ўйлаб, тинимсиз йиғлаверган. Ҳатто «Хайр, боғчам» тадбири бўлаётганда қатнашолмаган ҳам. Шундан кейин боғчада ортиқ ишлолмаслигини айтиб ариза ёзиб, ишдан бўшаган.

Генжегул опанинг катта қизи Тошкентда университетда ўқийди, икки ўртанча қизлари эса Нукусдаги президент мактабига боради. Укасининг вафотидан сўнг онасининг ўзига келолмаганини кўрган қизлар «Ая, биз бормизку», деб онасини овутгандек бўлган.

«Дадаси Шерзодбекни сўнгги манзилга кузатиб келиб, „Менинг тобутимни кўтарадиган ўғлим эди, мен унинг тобутини кўтардимми?“, деб ўксиб-ўксиб йиғлаганди. Ҳалигача эзилиб йиғлайди. Болагинам иккинчи қишини совуқ қабрда ўтказяпти. Ҳозир ҳаёт бўлганда иккинчи синфга борарди. Фарзанд доғини ҳеч кимнинг бошига солмасин, душманимга ҳам раво кўрмайман», — деб йиғлайди онаизор.

Шу воқеалардан сўнг Генжегул опанинг юраги ва боши тинимсиз оғрийдиган одат чиқарган. Соғлиғи туфайли шифокорлар бошқа фарзанд кўришга ҳам рухсат бермаган. Ёзда ўғил фарзанд кўрган қайнукаси акасининг оиласидаги кемтик тўлар деган умидда чақалоғини Кенжегул опага фарзанд қилиб берган. Кенжегул опа 5 ойки шу болакайга оналик қилади.

Унинг ҳам доридан фарзанди ўлган бошқа оналар каби ичида қолиб кетган саволлари бор.

«Нимага бу ерда давлат ўзини айбдор қилмаяпти? Давлатнинг ҳам айби бор-ку. Дорини тарқатишга давлат рухсат берган-ку. Нима учун президент шу дори ҳақида ҳеч гапирмаяпти? Фармацевтика бўйича йиғилишлар бўляпти, ривожлантиряпмиз, дейишяпти, яна шунча дорини бозорга чиқаришга рухсат беришяпти. Ҳар сафар йиғилишларидан видеолар чиққанда президентнинг оғизга қараб тураман, болаларимиз хотираси учун бир нима дермикан, деб кутаман. Йўқ, ҳеч гап бўлмайди. Бошқа давлатларда битта доридан шунча бола ўлса, ҳамма ёққа шов-шув бўлиб, ҳамма оёққа турардику», — дейди марҳум болакайнинг онаси.

Мубинахон Шамсиддинова, 3 ёш 25 кун

Мубинахон Шамсиддинова 2019 йил 30 октябрда Фарғона вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

Юлдашев Дилшоджон қизи Мубина «Док-1 Макс» сиропини ичиб аҳволи оғирлашган пайт Тошкентда ишлаётган бўлади. Мубинанинг оёғи шишиб кетиб, пешоб чиқармай қўяди. Қизалоқни даволаш учун ҳам «Док-1 Макс» ишидаги бошқа болалар сингари диализ қилинади.

Уйидагилар Мубина Фарғона вилояти тез ёрдам касалхонасига олиб борилганидан кейингина унга телефон қилиб хабар беради. Юлдашев Дилшоджон судда берган кўрсатмасида дорининг қаердан олингани, қизи қачон ва қанча қабул қилгани ҳақида билмаслиги, рафиқасидан бу ҳақида сўраш оғирлиги учун бу ҳақида савол бермагани ва бермаслигини маълум қилади.

Мубина 2022 йил 23 ноябрь куни вафот этади. Отаси фарзандининг ўлими оғир бўлганлиги сабабли уларни бошқа безовта қилмасликни сўрайди.

«Мен ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман. Кўрганимни ўзимни билдим, тўғриси (йиғлайди — таҳр.). Касалхонага борганда айтганман, тўғриси, „Дунёни бузиб юбораман, олиб чиқиб кетаман“, деганман. Шунчаки бажаролмадим. Ўз қўлим билан [ўлигини] кўтариб кетдим. Мен ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман, ака, тинч қўйинглар бўлди. Бошқа нарса сўрамайман», — деган Дилшоджон Юлдашев судлов ҳайъатига.

Отабек Турдиалиев, 2 ёш 2 ой 3 кун

Отабек Турдиалиев 2020 йил 22 сентябрда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

Отабек 2022 йил ноябрь ойида шамоллаб қолади. Бобоси дорихонага бориб, «яхши дори беринг» деб сўраганда дорихоначи «Док-1 Макс»ни беради. Сиропнинг ичидаги қошиқчада яримлатиб икки ёки уч маҳал ичгач, боланинг аҳволи оғирлаша бошлайди. Иситмаси кўтарилиб, еган-ичганини қайт қилиб ташлаверади.

Кейин хусусий шифохонага (номи айтилмаган — таҳр.) олиб боришади. Бу ерда бир кун ётиб таҳлиллар топширгач, шифокорлар давлат касалхонасига бориш кераклигини айтади. Давлат касалхонасидагилар (айнан қайси шифохона экани айтилмаган — таҳр.) текшириб, ўзларида аппарат йўқлигини айтиб, Фарғонага жўнатишади (айнан қайси шифохона экани айтилмаган — таҳр.).

Отабек диализ олишни бошлагани, буйраги ишламай қолгани учун буйрак аппарати уланганига қарамай, даволанишнинг 15-куни — 2022 йилнинг 24 ноябрида вафот этади.

Маҳлиё Абдуғаниева, 3 ёш 7 ой 14 кун

Маҳлиё Абдуғаниева 2019 йил 8 апрель куни Сурхондарёда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Маҳлиё 2022 йил 9−10 ноябрь кунлари шамоллаб қолади. Чақирув асосида келган тез ёрдам шифокори «Цептракцон» бериб, шамоллашга қарши бирон-бир «сироп» ичиришни тавсия қилади.

Шундан кейин унинг онаси қўшниларидан суриштириб, «Док-1 Макс» сиропини дорихонадан сотиб олади. Маҳлиё дорини 11−12 ноябрдан бошлаб 2 кун 1 маҳалдан, 1.5 миллилитрдан қабул қилади.

Лекин сироп ичганидан кейин қизалоқнинг аҳволи оғирлашади. 15 ноябрь эрталабдан пешоби келмайди. Шу куни уни Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё вилоят филиалига олиб боришади. Болалар бўлимида унга буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилади. Қизалоқ 16 ноябрдан 20 ноябрга қадр жами 4 маротаба диализ қилинади.

Маҳлиё 2022 йил 21 ноябрь куни ҳаётдан кўз юмади.

Анисжон Мусинов, 4 ёш 6 ой 23 кун

Анисжон Мусинов 2018 йил 6 июлда Самарқанд вилоятида дунёга келган. Унинг касаллик тарихи суд ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

2022 йилнинг 19 ноябрида Анижсоннинг тана ҳарорати кўтарилади. Тез ёрдам чақирган онаси келган шифокорларга фарзандига «Цефтриаксон» қилгани ҳақида айтади.

Шифокорлар эса шамоллашга қарши «Док-1 Макс», тана ҳарорати учун бўлса «Цинепар кид» сиропларини ёзиб беради. Онаси Барфина Улмасованинг маълум қилишича, ўшанда тез ёрдам шифокори аслида 5 ёш бўлган ўғлини 2 ёш деб ёзиб қўйган.

Ёзилган дориларни сотиб олган онаси «Док 1 Макс» сиропини 3−4 кун давомида, 3 маҳал 5 миллиграммдан ичиради. Сиропни қабул қилган Анисжон пешоб чиқармай қўйади, шишиб кетади.

Шундан кейин уни дастлаб «шахсий» (хусусий клиника назарда тутилган бўлиши керак — таҳр.)га олиб боришади. У ерда текширилгач «микрорайон»га, таҳлиллар олингач, Самарқанд вилояти кўп тармоқли болалар шифохонасига юборган. Кўп тармоқли шифохонадагилар диализ йўқлигини таъкидлайди. Анисжоннинг уйидагилари 500 минг сўмга буюртма бериб олиб келади.

Анисжон 2022 йил 28 ноябрь куни ҳаётдан кўз юмади.

Эъзоза Фозилова, 2 ёш 6 ой 2 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Эъзоза Фозилова 2020 йил 27 июнда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

2022 йил 1 ноябрида Эъзозанинг иссиғи чиқиб, томоғи оғрий бошлайди. Онаси Маҳбуба опа 2 ноябрь куни Китоб туман кўп тармоқли болалар шифохонасига олиб боради. Навбатчи врач текшириб, иситма томоғидаги қизариш ҳисобига бўлаётганини айтиб, иккита дори ёзади. Биринчиси «Док-1 Макс», иккинчиси (суд жараёнида номи айтилмаган — таҳр.). Агар [ҳарорати] 38 дан юқори бўлса, иккинчисидан фойдаланиш айтилгани учун Маҳбуба опа қизига асосан «Док-1 Макс» беради. Дори йўриқномасида 2,5 ёшли болага деб кўрсатилганидек — 2,5 миллиграммдан икки маҳал беришни бошлайди. 3−4 кун ўтар-ўтмас қизчада иштаҳасизлик, ҳолсизлик бошланади, овқат емасдан инжиқланаверди. Шундан сўнг дори ичириш тўхтатилади.

Бир ёки икки ҳафта ўтганидан кейин боғча опалари онасига телефон қилиб, Эъзоза еганини қайт қилиб ташлаётганини айтиб, уйга олиб кетишини сўрайди. Она ўша куннинг ўзидаёқ олиб келиб, яна Китоб туман шифохонага мурожаат қилади. Шифокор кўриб, қизчанинг аҳволи яхшилигини айтиб, битта антибиотик қилиб жўнатади. Икки кундан кейин ҳам ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Аксинча, қизча умуман кўзини очолмай, ҳолсиз бўлиб, еган-ичганини ўша заҳоти қайт қилаверади.

Маҳбуба опа яна шифокорга боришдан олдин симптомлардан гумонсираб қизининг қонини гепатитга ҳам текширтиради, Бир соатларда гепатит йўқлиги ҳақида жавоб чиқади. Кейин пульмонология бўлимига (айнан қайси шифохона экани айтилмаган — таҳр.) олиб бориб, фарзандида ҳеч қандай ўзгариш сезмаётганини билдириб, касалхонага олиб қолишларини сўрайди. Эъзоза 21 ёки 22 ноябрь куни шифохонага ётади. Биринчи кундан пешоб чиқиши тўхтайди. Маҳбуба опа шифокорга боласининг сиймаётгани, эрталаб таққан памперси қуп-қуруқ тургани, юз ва оёқларида шиш пайдо бўлаётганини айтганда «балки сувсизлангандир, иккинчи кун ҳам кутайликчи», деган жавобни олади.

Иккинчи кун ҳам худди шу ҳолат кузатилади. Осма уколлар қилишади, ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Учинчи кун УЗИга тушириб қизчанинг буйрагида ўзгаришлар борлиги, аммо уни даволайдиган диализ аппаратлари йўқлигини айтиб, Қарши шаҳридаги шифохонага йўлланма беришади.

23 ноябрь куни шифохонанинг (айнан қайсилиги айтилмаган — таҳр.) реанимация бўлимига тушишади. Эрталаб таҳлилларда қизалоқда «креатин» моддаси миқдори ошиб кетгани аниқланади. Тушдан кейин эса шифокорлар боланинг буйраги ишламаётгани, уларда фақат катталарнинг диализ аппарати борлиги, болаларники Самарқандда бор бўлиб, ўша ерга олиб бориш кераклиги, қанча тез ҳаракат қилишса, шунча яхшилигини айтиб, йўлланма беришади. Она-бола ўша куннинг ўзида Самарқандга йўл олишади.

Қизалоқ Самарқанд кўп тармоқли болалар шифохонасининг реанимация бўлимига қабул қилиниб, қайта таҳлиллар топширади. Олдинги ташхис тасдиқлангач, шифокорлар бир-икки муолажа қилиши, агар шундан кейин ҳам сиймаса, диализ аппаратига улашларини айтади. Маҳбуба опага маълум бўлишича, улар ўша пайтда Самарқанд шифохонасига буйрак етишмовчилиги билан келган 15-бемор бўлган. Шифокорлар диализ уламоқчи бўлганда аппарат ҳам топилмайди. Маҳбуба опа аппаратларни шифохонадаги уч беморга қўшилиб, Тошкентдан буюртма қилдиради.

Диализнинг учинчи кунида шифокор қизалоқнинг аҳволи оғирлашиб, «креатин» миқдори янада ошиб кетаётганини айтиб, ҳамма нарсага тайёр туришларини билдириб огоҳлантирди. Қизалоқнинг танасидаги заҳарли модда аста-секинлик билан ўпкасига ўтишни бошлаган. Диализдан кейин ҳам аҳволи оғирлаша бошлагач, аппаратларни (қандай аппаратлигига аниқлик киритилмаган — таҳр.) улаб қўйишади. Қизалоқ 28 ноябрь куни соат 2:00 да яна оғирлашиб, тонгги 6:00 га бориб жон беради.

Марҳуманинг онаси Маҳбуба опа суддаги кўрсатмасидан сўнг судья ва адвокатларнинг саволларига жавоб бераркан, ҳеч қачон фарзандларини шифокорга кўрсатмасдан муолажа қилмаслиги, дориларни ҳам йўриқномасини ўқимасдан бермаслиги, ҳатто коронавирус эпидемияси тарқалганда ҳам фарзандларини ҳимоялаб, ҳеч бирини касал қилмасдан олиб чиққанини таъкидлаган.

«Дориларни нотўғри ичиргансизлар дейишса, мен қийналаман-да. Мен ичирмовдимк-у, дўхтирнинг айтганини қилгандим-ку, нимага бунақа бўлди дейман. Қизимни осонликча олмаганман, туғилишини 12 йил кутганман. Шунчалик эътибор берардимки, яқинларим: „Сен шунчалик эътибор берардинг-ку, нимага сенинг болангга шунақа бўлди?“, деб ҳайратда қолди», — деб йиғлаб гапирган у.

Бобохон Зокиров, 3 ёш 8 ой 2 кун

Бобохон Зокиров 2019 йил 28 март куни Қашқадарёда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

2022 йил 11 ноябрда Бобохоннинг тана ҳарорати кўтарилади. Шундан кейин Лангар ҚВП шифокори, Қамаши тумани болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига йўлланма ёзиб беради.

Бобохон Қамаши тумани болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига 12 ноябрь куни олиб борилади. У ерда томоқ қизариши ва шамоллаш ташхисини қўйган шифокор керакли дориларни тавсия қилади. Сўнгра болакай дорихонадан сотиб олинган «Амбронол» сиропини қабул қилади.

Орадан 2 кун ўтгач Бобохон қусишни бошлайди. Қамаши тумани Лангар қишлоғидаги ҚВП шифокори унга нафас йўли ва буйрак шамоллаши ташхисини қўйади. Аҳволи ўзгармаганидан кейин 18 ноябрда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига олиб борилади. У ерда шифокорлар ўткир буйрак етишмовчилиги ташхисини қўйиб, Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига боришни тавсия қилади.

Отаси Ҳамдамов Шоҳруҳнинг маълум қилишича, ўғлини 19 ноябрда Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб борган. Жонлантириш бўлимига жойлаштиришган Бобохон 2022 йил 29 ноябрда ҳаётдан кўз юмади.

Алим Менситов, 4 ёш 1 кун

Алим Менситов 2018 йил 29 ноябрь куни Сирдарёда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Менситов 2022 йил сентябрда шамоллаб қолгач отаси уни ЛОРга олиб боради. Болани текширган шифокор унга «Риноксил», «Док-1 Макс» дориларини ёзиб беради. Рецептдаги дориларни онаси Азиза Менситова қайнонаси билан биргаликда сотиб олади.

Болакай дорини бир неча кун давомида 2 маҳалдан чой қошиқда қабул қилади. Шундан кейин соғлиги ёмонлашган Алим 3 октябрда Сирдарё вилоят касалхонасининг реанимация бўлимига тушиб қолади. Онаси шифокорларга «Риноксил», «Док-1 Макс» дориларини ўғлига берганини айтади.

2022 йил 4 октябрда «Болалар миллий тиббиёт маркази»га олиб борилган болакай диализ қилинади, буйраклари қайта тикланади. Аммо 7 октябрда комага тушиб қолади ва комадан чиқмайди — Алим 2022 йил 29 ноябрь куни ҳаётдан кўз юмади.

Алимнинг отаси Менситов Иззетнинг маълум қилишича, фарзандининг вафотидан кейин турмуш ўртоғи ва онасининг соғлиги ёмонлашган.

Шаҳруз Нарзуллаев, 2 ёш 7 ой 26 кун

Шаҳруз Нарзуллаев 2020 йили 10 апрель куни Жиззах вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукми баён қилинади.

Онаси томоғи оғриб қолган Шаҳрузга маҳалладаги дорихонадан «Док-1 Макс» олиб ичиради. 2022 йил 29 ноябрда пешоб чиқармай қўйгач, Ғаллаорол туман шифохонасига олиб борилади. Унга «сариқ касал» ташхиси қўйилади.

Aмакиси Рустам Беркутовнинг маълум қилишича, қовоқлари шишган Шаҳрузни Самарқандга олиб кетмоқчи бўлишганида шифокорлар рухсат бермаган. Пешоб ажралмаётгани сабабини эса болакайнинг шифокорлар, уларнинг кийимидан қўрқаётгани билан боғлашган.

Эртаси куни Жиззахдаги Юқумли касалликлар шифохонасига боришганида, уларни шифохона ичкарисига киритишмайди. РШТЁИМ Жиззах филиалида 1 кун бўлгандан кейин эса Самарқанд болалар шифохонасига боришади. У ерда бор-йўғи 3 кун қолган Шаҳруз 2022 йил 5 декабрь куни вафот этади.

Муҳаммаджон Турсунқулов, 1 ёш 9 ой 27 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Муҳаммаджон Турсунқулов 2021 йил 10 февраль куни Самарқандда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Муҳаммаджон 2022 йил кузининг охирларида шамоллаб қолади. Шундан кейин отаси дорихонадан «Док 1 Макс» сиропини сотиб олади. Болакай дорини 5 кун 3 маҳал, 5 миллилитрдан қабул қилади.

Муҳаммаджон 3 декабрда беҳол бўлиб, пешоб ажратмай қўяди. Шунингдек, унда йўталиш, титроқ босиши ва қусиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Шу сабаб отаси уни Самарқанд вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб боради. Шифохонада ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилади.

Отаси Руфатжон Рахмоновнинг маълум қилишича, жонлантириш бўлимига жойлаштирилган ўғлига шифокорлар диализ қилишни бошлаган. 6 декабрда Муҳаммаджоннинг аҳволи кескин оғирлашган ва интенсив терапия ҳам иш бермайди.

Муҳаммаджон 2022 йил 6 декабрь куни ҳаётдан кўз юмади.

Фирдавс Фарҳодов, 5 ёш 3 ой 25 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Фирдавс Фарҳодов 2017 йил 18 августда Жиззах вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Фирдавс кеч куз пайти шамоллаб қолади. Шу сабаб онаси тахминан 10 ноябрда куни дорихонадан «Амбронол» сиропини сотиб олиб, ичиради.

Дорини бир ҳафта қабул қилган болакай овқатланишдан тўхтайди. Қайт қилишни бошлайди — ҳатто сув ичса ҳам қусади. Шундан кейин уни 15 ноябрь куни инфекцион касалхонага олиб боришади.

Унда заҳарланиш йўқлигини билдирган шифокор қайт қилишга қарши таблетка ёзиб беради. Шунга қарамай, Фирдавс кейинчалик пешоб ажратмай қўяди. Отаси Юқумли касалликлар шифохонасига олиб бориб кўрсатганида шифокорлар боланинг соғ эканини айтади.

Отаси Фарруҳ Кадировнинг маълум қилишича, у шифокорлар билан жанжаллашиб ўғлини шифохонага ётқизган. Таҳлиллар ўтказилгач, фарзандининг буйраклари ишламаётгани маълум бўлган. Сўнг РШТЁИМ Жиззах вилояти филиалига боришади, лекин дўхтирлар «жой йўқ»лигини айтиб, болани қабул қилмайди. Кейин Болалар кўп тармоқли шифохонасига боришади. У ердагилар диализ қилиш кераклигини айтади — аммо шифохонада диализ йўқ эди. Шу сабаб бошқа кўп тармоқли поликлиникага бориб 3 марта диализ қилдиришга мажбур бўлишади.

Диализ олиши керак бўлган 4-кунда болакай комага тушиб қолади. Бироқ унинг нима сабабдан комага тушиб қолганини шифокорлар боланинг уйидагиларга тушунтириб бера олмайди. Самарқанд ва Тошкент шаҳридан келган мутахассислар ҳам аниқ маълумот беролмайди, ҳатто.

Фаррух Кадиров 1 декабрда Тошкентдан тез ёрдам машинаси буюртма қилиб, ўғлини РШТЁИМ Сирдарё вилояти филиалига олиб боради. Бироқ югур-югур ва муолажалар билан боланинг ҳаётини сақлаб қолишолмайди — Фирдавс 2022 йил 12 декабрь куни ҳаётдан кўз юмади.

Шавкат Нуримов, 3 ёш 11 ой 6 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Шавкат Нуримов 2019 йил 7 январь куни туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Шавкат 2022 йилнинг октябрида шамоллаб қолган пайти отаси Жиенбай Косжанов хорижда эди. Онаси Юлдуз Калбаева ўғлинии даволаш мақсадида «Док-1 Макс» сиропини сотиб олиб, биринчи куни 1 маҳал, эртаси куни эса 3 маҳал 5 миллилитрдан ичиради. Сиропни ичаётган пайти қаршилик қилган болакай кейин қайт қила бошлайди.

Онаси уни поликлиникага олиб чиққанида, дўхтир болакайнинг «бронхи кучайиб кетган»и, уни шифохонага ётқизиш кераклигини айтади.

Қўнғирот туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилгач 2 кун ичида тана ҳарорати кўтарилиб кетади. Cўнг 2022 йил 22 октябрда РШТЁИМнинг Нукус филиалига олиб кетилади.

Коронавируснинг бир тури бўлгани айтилган болакайни 23 октябрдан гемодиализ қилиш бошланади. Аммо 26 октябрда, 3 марта диализ қилинганидан кейин комага тушиб қолади. Декабрдан бошлаб 3 кун мобайнида ундан қон кетади.

Шавкат 2022 йил 12 декабрь куни ҳаётдан кўз юмади.

Шаҳризода Эргашева, 3 ёш 11 ой 6 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Шаҳризода Эргашева 2020 йил 3 июль куни Жиззах вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

Шаҳризода «Док-1 Макс» сиропидан аввал ҳам ичган. Шу сабаб навбатдаги шамоллашида ҳам отаси ўша доридан олиб келади.

Қизалоқ уни 1 кунда 3−4 маҳал, шанбадан чоршанбагача 2−3 миллиграммдан ичади. Биринчи марта ичганда оғзидан чиқариб ташлайди, лекин ота-онаси «Тузалсанг, иситманг тушади», деб, мажбурлаб оёқ-қўлини ушлаб, ичиради. Иккинчисида эса қайт қилади — ота-онаси буни гриппнинг асоратига йўяди.

Сешанбадан пешоб чиқармай қўйгани, қолаверса, умумий аҳволи ҳам яхши эмаслиги учун онаси уни Жиззах шаҳар кўп тармоқли болалар клиникасига олиб боради. У ерда буйрагида муаммоси бор деб ташхис қўйилгач, навбатчи врач Шошилинч тиббий ёрдамга юборади. Ҳақиқатдан ҳам иккала буйракнинг ишдан чиққани аниқлангач, «бу бизнинг масаламиз эмас», деб Самарқанд шаҳар кўп тармоқли болалар клиникасига олиб бориш айтилади. У ерга боришганида жой бўлмайди, кейин амаллаб жойлаштиришади. Эрталаб нефролог шифокор Шаҳризода каби 7−8 болаларни асраб қололишмагани айтиб, уларга Тошкентга, шошилинч тиббий ёрдамга боришни тавсия қилади. Лекин улар қолишга мажбур бўлади.

Шифохонада диализ қилиш учун катетер йўқлиги маълум бўлгач, ота-она танишлар орқали Тошкентдан уч кун деганда 400 минг сўмга катетерни топиб келтиради. Кейин шифокор диализ қилишни бошлайди. Қизалоқнинг уйидагилар ҳамма дориларни етказиб бериб туради.

Тиббий чоралар кўрилганига қарамай, Шаҳризода 2022 йил 16 декабрда, тонгга яқин жон беради.

Шамшодбек Раҳматуллаев, 5 ёш 9 ой 17 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Шамшодбек Раҳматуллаев 2017 йил 22 февралда Самарқанд вилояти Нуробод туманида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

2022 йилнинг 3 декабрь куни Шамшодбекда шамоллаш аломатлари сезила бошлайди. Онаси Гуландом Раҳмонованинг суддаги кўрсатмасига кўра, улар яшайдиган «Ўртаоғиз» маҳалласи Тинчлик қишлоғида дорихона бўлмаган, поликлиника ҳам узоқда жойлашган. 4 декабрь куни тумандаги Жом қишлоғидаги дорихонадан «Док-1 Макс» сиропини олиб, икки кун, икки маҳал 5 миллилитрдан ичиришган. Кейин бола пешоб чиқармай қўйган.

Поликлиника узоқда бўлгани учун яна Жом қишлоғидаги бир шифокорга олиб бориб кўрсатишган. У туман шифохонасига йўлланма беради. У ерда бола дарров реанимацияга олинган. Кечқурун ультратовуш текширув (УЗИ)лари ўтказилган.

Кейинги кун Самарқанд вилояти кўп тармоқли шифохонасига боришган. Бола ўша куннинг ўзида гемодиализ олишни бошлаган. Касаллик тарихи очилаётган пайт Гуландом опа ҳамширага «Док-1 Макс» ичирганини айтган. Ҳамшира эса улар бу дорини ичиб оғриб келганларнинг 17 ёки 18-си экани, улардан фақат 2−3 нафари тирик қолгани, қолганлари вафот этганини айтган. Шамшодбек шундан кейин ҳам ҳар куни гемодилализ олиб даволанишига қарамай, 2022 йил 18 декабрь куни вафот этган.

Элнуржон Атабоев, 2 ёш 4 ой 12 кун

Элнуржон Атабоев 2020 йил 2 декабрь куни Самарқандда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Элнуржон 2022 йил декабрининг бошларида шамоллаб қолади. Кейин бувиси Сурайё Холмуротова набирасини даволаш мақсадида дорихоначининг тавсияси билан «Док-1 Макс» сиропини сотиб олади.

Дорини 4 кун давомида 3 маҳалдан қабул қилган Элнуржоннинг соғлиги ёмонлашгани боис бувиси уни 13 декабрда Самарқанд вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб боради. Шифохонада болакайга ўткир буйрак зарарланишининг 3 босқичи — анурия, нафас етишмовчилигининг 2 даражаси, камқонликни оғир даражаси сингари ташхислар қўйилади, гемодиализ амалиёти қилинади.

Элнуржон 2022 йил 18 декабрь куни шифохонада вафот этади.

Қодирали Баҳодиров, 2 ёш 6 ой 10 кун

Қодирали Баҳодиров 2020 12 июлда Наманган вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

Ёлғиз фарзанд бўлган Қодирали 2022 йил ноябрнинг охирларида шамоллаб қолади. Шундан кейин онаси уни Учқўрғон туман тиббиёт бирлашмасига олиб чиқади, у ерга қатнаб муолажа олишади. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас шамоллаш кучайиб кетади. Онаси яна укол-дори олмасин деган мақсадда Андижон шаҳрига кетган танишига телефон қилиб, дорихонадан шамоллашга қарши сироп олиб келишини сўрайди.

Учқўрғон тумани Қувай қишлоғидаги йўл бўйида жойлашган дорихонага кирган таниши боланинг онаси Муножот Ураимовага телефон қилиб, дорихоначи билан гаплаштиради. «Шамоллашга, йўталга қандай дори-дармонларингизни тавсия қиласизлар?», деган саволга «Кўпроқ «Док-1 Макс сиропи яхши таъсир қиляпти, шуни олинг», деган жавоб олади.

Шу билан Муножот Ураимова таниши келтирган дорини ўғлига ўша куни кечқурун бир маҳал, эртаси куни икки-уч маҳалдан ичиришни бошлайди.

Орадан 3−4 кун ўтгач, Қодиралида пешоб ажралиши камайиб, кейинчалик йўқолади. Онаси Учқўрғон тиббиёт бирлашмасига олиб бориб сиймаётганини айтади. Шифокорлар «Қусяптими?» деб сўрайди. Дам-дам қайт қилаётгани, дам-дам ичи кетаётганидан хабар топгач «Қусгани, ичи кетгани ҳисобига бола сиймаяпти», деган ташхис қўяди.

Шифохонада бир кеча ётганидан кейин боланинг аҳволи ёмонлашади.Онаси уни реанимацияга олишларини талаб қилади. Реанимацияга олинган Қодиралининг оғзи ва кўзи тортишишни бошлайди, шок ҳолатига тушади. «Мияси қабул қилмаяпти, сезмаяпти», деб тушунтирган шифокорлар даво чораларини кўради.

Наманган шаҳридан, бир дўхтир чақиртирилади. У келиб кўргач, боланинг ҳолати ёмонлиги, уни Наманган шаҳри шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига олиб ўтиш кераклигини айтади. Шу билан кечқурун соат 7−8 лар атрофида тез ёрдам машинаси билан Наманган шаҳридаги болалар шифохонасига кетишади. У ерда беш кун ётган Қодирали бешинчи куни кечқурун — 2022 йил 21 декабрь соат 19:40 лар атрофида вафот этади.

Муханбет Атамуратов, 3 ёш 6 ой 7 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Муханбет Атамуратов 2019 йил 15 июнда Қорақалпоғистонда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Муханбет боғчада юрган пайти шамоллаб қолади. Кейин онаси Элвира Ходжамуратова унга «Амбронол» сиропини 3 кун 2 маҳалдан ичиради. Учинчи куни қайт қила бошлагач, Шуманай тумани юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилади. У ерда қайт қилишини тўхтатадиган уколлар қилинади.

Сўнгра пешоб чиқармаётгани сабабли Нукус шаҳар шошилинч ёрдам шифохонасига олиб кетилади. У ерда боланинг буйраклари ишламаётгани аниқланиб, реанимация бўлимига жойлаштирилади.

Онаси Элвира Ходжамуратованинг маълум қилишича, 5 кун давомида диализ қилинган ўғлининг юраги 6 куни тўхтаб қолгач аппаратга жойлаштирилган. Комага тушган Муханбет 2022 йил 21 декабрда ҳаётдан кўз юмади.

Азиза Рустамова, 2 ёш 2 ой 4 кун

Азиза Рустамова 2020 йил 20 октябрда Тошкент вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Азиза 2022 йилнинг декабрида шамоллаб қолади. Онаси қизини шифокорга кўрсатгач, ёзиб берилган бир нечта дорилар рецепти билан дорихонага боради. Рўйхатдаги дорилар топилмагани учун дорихоначи уларнинг ўрнига «Док-1 Макс» сиропини беради.

Азиза сиропни 5−6 кун давомида 3 маҳалдан кичик қошиқда ичади. Аммо аҳволи яхшиланиш ўрнига ёмонлашади. 12 декабрда пешоб келмай, иситмалаган қизалоқ эртаси куни поликлиникага олиб чиқилганида шифокорлар унинг грипп эканини айтади. Нурафшондаги марказий поликлиника шифокорлари ҳам унинг грипплигини тасдиқлаб, пешоб келмаётгани сабабини танада суюқлик қолмагани билан боғлайди. Онаси Камола Адашованинг маълум қилишича, шифокорлар аҳволи оғирлашиб, ҳолсизланган Азизанинг ошқозонини ювади.

16 декабрда Тошкент шаҳридаги 16 сонли шифохонага олиб келинган қизалоқни шифокорлар гемодиализ қилади. Шундан кейин комага тушиб қолган Азиза 2022 йил 23 декабрда ҳаётдан кўз юмади.

Абдуллоҳ Фаxриддинов, 2 ёш 1 ой 24 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Абдуллоҳ Фахриддинов 2020 йил 3 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

Икки яшар Абдуллоҳда шамоллаш «Док-1 Макс» ичишидан аввал ҳам бир бўлиб ўтиб кетади. Кейин онаси эмлаш учун шифохонага олиб борганида дўхтирлар эмлангач боланинг иммунитети тушиб, шамоллаши мумкинлигини айтади ва шундай бўлади ҳам.

Ўғли шамоллаганидан кейин онаси турмуш ўртоғига «Док-1 Макс»ни мақташгани, шу доридан олиб келишни айтади. Олиб келинган сиропни 2−3 кун қабул қилгач Абдуллоҳда икки кунча пешоб ажралмай, ҳолсизлана бошлайди.

Шундан кейин ота-онаси уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (халқ тилида 16 касалхона)га олиб боради. У ерда короновирусга топширган тести натижаси манфий чиқади. Онаси билан 16-касалхонада қолган боланинг аҳволи ўша куни яхши бўлади. Эртаси куни комага тушадию шу билан ўзига келмайди. Қилинган диализлар бефойда, бола шишиб кетади.

Абдуллоҳ 2022 йил 26 декабрда вафот этади.

Абдуллоҳ 16 касалхонадалигида дўхтирлар сиропда заҳар бўлиши мумкинлигини айтганда, ҳали ҳеч қаерга овоза бўлиб кетмаган пайт отаси Фазлиддин Миршохидов сиропни сотиб олган дорихонага бориб «Док-1 Макс»нинг сотувда борлигига гувоҳ бўлади. «Сотмаларинг, болалар заҳарланяпти», деганида у билан талашиб «Cэн кимсан?», дегандек қилишади. Сўнгра дорихона эгаси билан гаплашади. Дастлаб унга ишонмаган дорихона эгаси кейин «Ростан шунақа заҳарланяпти экан», деб телефон қилиб Фазлиддин Миршохидовдан узр сўрайди. Кейинроқ суриштириб, бу доридан заҳарланиш бўлаётгани маълум бўлгач Юнусободдаги дорихоналар аллақачон сотишни тўхтатган бир пайтда Сергелида ҳали ҳам сотувда бўлганини қўшимча қилади.

Одилбек Бекмирзаев, 1 ёш 2 ой 6 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Одилбек Бекмирзаев 2021 йил 18 октябрда Тошкент вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

2022 йилнинг 18 октябрида бир ёшга тўлган Одилбекда ноябрь ойининг охирларида шамоллаш аломатлари сезила бошлайди. Онаси бу симптомларни ўғлининг тиши чиқаётганига йўяди. Фарзанди кичкина бўлгани учун ўзбошимча муолажа қилишдан чўчиб, уни Олмалиқ шаҳар болалар шифохонасига олиб боради. У ерда боланинг тана ҳарорати 38−39 даражада экани аниқлангач, касалхонага ётқизиш кераклигини айтилади.

Касалхонага душанбада ётқизилган болакайга пайшанбагача осма укол қўйилади. Пайшанба куни, шунингдек, боланинг томоғини ЛОРга кўрсатиш ҳам тавсия қилинади. Томоқда йиринг борлигини аниқлаган ЛОР шифокори уни ювгандан кейин «Док-1 Макс», чаканда (облепиха) ёғи, «Имудон» сингари дорилар ёзиб, уларни ичиришни тайинлайди.

Одилбекни даволовчи шифокори ҳам ЛОР қанақа дорилар ёзиб берганини кўради ва уларни ичираверишни айтади. Шундоқ ҳам касалхонада укол ва томчи уколлар қилинаётгани учун онаси балки бу дориларни бермаса ҳам бўлар деб ўйлайди. Лекин ЛОРнинг томоқни ювгандан кейин даволаш кераклиги ҳақидаги гапи эсига тушгач жами уч кун — пайшанба касалхонада пайти икки марта ва шу билан уйга келгандан кейин шанба, якшанба кунлари ҳам икки маҳалдан, 2 миллиграмга етар-етмас, шприцда ўлчаб беради.

Уйга қайтгач ҳолсиз, аранг эмаклаб юрган бола бирдан гапирмай қўяди. Мадорсизлигидан туролмайди ҳам. Ҳали сутдан чиқмаганига қарамай, иштаҳаси ҳам йўқолади. Одилбек кичкина бўлгани билан ҳожат учун тувакка ўтирарди, лекин ўша пайтлар тувакни ҳам хоҳламай қолади. Одатда памперсдан фойдаланмайдиган онаси, бу сафар таглик таққанида пешобнинг билинар-билинмас, кам миқдорда ажралганига гувоҳ бўлади.

Шундан кейин ҳавотирга тушган ота-она фарзандини яна касалхонага олиб боради. Кечки пайт реанимациядаги врач кўриб, дарров таҳлиллар олади. Таҳлил натижаларига кўра буйрак етишмовчилиги аниқлангач, болани Тошкентдаги 16-шаҳар касалхонасига олиб боришни айтилади.

Одилбек ва унинг ота-онаси 11 декабрь куни — ҳали доридан заҳарланиш ҳақида гап-cўз йўқ пайти 16 касалхонага етиб боради. Боланинг аҳволини кўрган дўхтирлар ўша заҳотиёқ уни реанимацияга олади. «Буйраги ишламаяпти, диализ қиламиз», дейишади. Кечки уч ярим-тўртлар чамаси биринчи диализ қилинади — уч ва тўртинчисидан кейин оз-оздан пешоб ажрала бошлайди.

Ота-онаси пешоб ажралишни бошласа Одилбек яшаб кетади деган умидда хурсанд бўлади. Лекин бу хурсандчилик узоққа бормайди. Тўртинчи-бешинчи диализлардан кейин боланинг аҳволи оғирлашади. Буни боланинг диализни кўтара олмаётгани билан изоҳлаган дўхтирлар бешинчи диализдан кейин аппаратга олмаса бўлмаслигини тушунтиради. Аппаратга олингач эса Одилбек комага тушади.

«22 декабрь кечаси шифокорлар кечқурун „Энди бўлмайди, дадасини чақиринг“, деди. 23 декабрь тунги соат иккигача болам ҳаёт учун курашди. Иккиларда жони узилди. Лекин кўзлари очиқ кетди. Шишиб кетганди, бир-икки кун допамин билан қон босимини ушлаб туришганди», дея эслайди онаси Cитора Бекмирзаева.

Cитора Бекмирзаева суддаги кўрсатмасид давомида фарзанднинг бир соат йўқлигини тасаввур қилишнинг ўзи оғир деб ҳисоблаши, қанча миқдорда компенсация берилмасин, бу пул фарзандининг бир кунлик қувончини, бир кунлик онасининг ёнидалигини қайтармаслигини айтиб ўтган.

Жасур Тўраев, 3 ой 26 кун

Жасур Тўраев 2022 йил 1 сентябрь куни Сурхондарёда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Жасурда шамоллаш бошлангач Қизириқ туман кўп тармоқли касалхонасига олиб борилган. У ердаги болалар бўлими шифокори «Док-1 Макс» ёзиб бериб, уни сутдан кейин 2 маҳал 1,3 млдан ичиришни буюради. Боланинг отаси Музаффар Чориев дорини ичиб кўриб, унинг аччиқлигини билгач, рафиқасига дорини болага 1 млдан беришни айтади. Жасур дорини 5 марта — биринчи куни 3 маҳал, иккинчи куни эса 2 маҳал ичади.

Оиланинг бошқа фарзанди — қизи Гулбаҳoр Тўраева ҳам шамоллагани сабаб шу доридан 3 кун ичган. Оқибатда 2022 йилнинг 24 декабрида ҳар иккала фарзандининг ҳам аҳволи оғирлашиб қолган. Отаси зудлик билан уларни шифохонага олиб борган.

Жасурни дарҳол реанимацияга олиб кирган шифокорлар 5 дақиқа ўтар-ўтмас қайтиб чиқиб, унинг вафот этганини маълум қилган — у 2022 йил 26 декабрда ҳаётдан кўз юмган.

Гулбаҳор эса ўша куни қорин соҳасидаги кучли оғриқ туфайли Термиз шаҳридаги болалар шифохонасига олиб кетилган ва Термизда 8 кун давомида даволанган. Унда пешоб ажралмай қолган, буйраги оғрийдиган бўлиб қолган.

Аброр Аралов, 10 ой 14 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Аброр Аралов 2022 йил 14 февралда Сурхондарё вилояти Шеробод туманида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

2022 йилнинг 19−28 декабрь кунлари тўнғич фарзанд бўлган Аброрда шамоллаш аломатлари кузатилади. Шу сабабли янгалари Аброрнинг онасига оддий «Амоксицилин» сиропини ичиришни айтади. Онаси «Амоксицилин» олишга борганида, дорихоначи таъсири яхшироқ эканини айтиб «Док-1 Макс» сиропини олишни тавсия қилади.

Аброр дорини икки ёки уч кун, уч маҳалдан қабул қилади. Сироп ичаётганининг иккинчи кунида қайт қила бошлайди. Бунга нима сабаблигини билмаган онаси тузалар деган умид билан сиропни ичиришда давом этади. Учинчи куни эса бола дорини қабул қилмай қўяди.

Кейин уни Шерободдаги хусусий клиникага олиб боришади. Шифокорлар у ерда «сариқ касал» ташхисини қўяди. Уйидагилар бунга ишонмай ўғлини Термиз кўп тармоқли болалар поликлиникасига олиб боради — у ерда бола икки кунларча сарсон бўлади. Дўхтирлардан бири «бизнинг касал эмас» деса бошқаси Шерободдаги дўхтирларнинг қоғозига таяниб, сариқ касалга текширтиришга олиб боришни айтади. Уёқдагилар эса «Бизга алоқаси йўқ», деб жавоб беради.

Касал боласи сарсон қилинганидан хабар топгач, Аброрнинг отаси Аббос Қиличев Тошкентдаги ишини ташлаб келишга мажбур бўлади. Келиши арафасида «Док-1 Макс» ҳақидаги хабарларни эшитиб рафиқасидан шунақа сироп ичирган ёки йўқлиги ҳақида сўраб, «ичиргандим» деган жавобни олади. Етиб бориб текширтириб кўрганида, боласининг қонида заҳарли модда миқдори жудаям кўп экани маълум бўлади.

Кейин шифокорлар дори-дармон билан даволашга киришади. Диализ буюрилади, лекин у ерда ёш болалар учун диализ аппарати йўқ эди. Эртаси куни хабарлар тарқалгач, аппаратлар келтирилади. Аброрга бир кунда бир маҳал диализ қилинади. Эртаси куни соат чамси 10:00 ларда яна олиши керак эди — лекин унгача етиб бормайди. Аброр 2022 йил 27 декабрь куни ўткир буйрак етишмовчилиги сабаб ҳаётдан кўз юмади.

Отаси Аббос Қиличев судда берган кўрсатмасида дўхтирларнинг беморларни қабул қилишини назоратга олинишини сўрайди. «Таниш-билиш, пули бор-йўқлигини суриштирмасинда, аввало оддий инсон сифатида қабул қилсин. Текширсин, ақли етмаса, бошқа жойга тавсия қилсин. Улардан тўғри ташхис қўйишларини сўрайман. Термиздаги болалар маркази, бемалол, ҳеч нарса бўлмагандек, „унга бор“, „бунга бор“, „у ҳужжатни тўлдир“, „бу ҳужжатни тўлдир“, дейишди. „Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор?“ дейди-ку, худди ўшандай-да», дейди.

Шоҳруҳбек Жумаев, 1 ёш 7 ой 21 кун

Шоҳрухбек Жумаев 2021 йил 8 майда Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида муддатидан олдин — етти ойлигида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

Шоҳрухбекнинг 2022 йилнинг декабрида томоғи оғриб, иситмалайди.

Шу сабаб уйга тез ёрдам чақиришади. Биринчи чақирувда келмаган тез ёрдам иккинчи сафар келганида бола қизиб тургани учун укол қилолмаслигини айтиб, ҳеч нарса қилмай қайтиб кетади.

Бола туролмай қолганидан кейин уни Қизириққа олиб боришади — у ерда Шоҳрухбекка осма укол қилинади. Эртаси куни туман марказидаги дўхтир «Док-1 Макс» сиропини ёзиб беради. Дорини тўрт кун қабул қилиб уч кунча яхши юргач тилида худди куйиб кетгандек, ўйилгандек ёрилишлар пайдо бўлади. Гарчи, мазь суртилаётган бўлсада, дўхтирлар буни мазь суртилмаётгани билан боғлайди. Тўрт кундан кейин ҳам ўзгариш бўлмайди, бешинчи куни эса улар мазкур дорининг ортидан Самарқандда 14−15 бола ўлгани ҳақида хабар топади.

Дўхтирга бориб, текширтирилганида боланинг иккала буйраги ҳам тўхтагани айтилади. Шундан сўнг Шоҳрухбекни кўрсатиш учун тез ёрдам машинаси билан Термизга кетишади.

Болакай реанимацияга олиб кириб кетилганида дўхтир боланинг аҳволи оғирлигини маълум қилади. Бу орада Шоҳрухбек умуман сиймай қўяди.

«Уч кундан кейин, 2022 йил 27 декабрда болам вафот этди. Экспертизага олиб кетиб, кечқурун 20:00 ларда қўлимизга беришди. Дорининг ярмини ичирган эканмиз, қолганини топширдик», дея эслайди Шоҳрухбекнинг отаси Аъзамжон Нормуродов судда берган кўрсатмасида.

Фазлиддин Полвонназиров, 4 ёш 3 ой 18 кун

Фазлиддин Полвонназиров 2018 йил 11 сентябрда Хоразмда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

2022 йилнинг декабрида Фазлиддиннинг томоғида йиринглаш пайдо бўлади. Кўрик учун олиб борилган дўхтир антибиотик олишни айтади, аммо отаси Дадахон Болтаев буни хоҳламагач, «Док-1 Макс» сиропини ёзиб беради.

Фарзандлари шамоллаганида доим шу дори берилгани учун одатий тарзда дорихонадан «Док-1 Макс»ни олиб келинади. Фазлиддинга дорини 6 декабрдан бошлаб йўриқнома бўйича 2 миллиграммдан 4 кун ичиришади. 10 декабрь кунидан ётқилоқ бўла бошлаган болага «Пешобинг чиқдими?», дея савол берилганида ажралмаган бўлсада, чиқди деб айтади.

11 декабрь куни Хивадаги болалар шифохонасига олиб борилганида, дўхтирлар УЗИ қилгач буйрак ишламаётгани, сийдик йўқлиги ва сийдириш кераклигини айтади. Осма укол қилингач уйга қайтган болакайнинг аҳволи кўп ўтмай оғирлашади. Яна ўша болалар касалхонасига олиб бориб, бирамасига иккита дўхтирга кўрсатишади. Лекин улар ўзлари билмагач кечки 12 да бошқа бир дўхтирни чақиради. Келган шифокор қандайдир вирус борлиги, боланинг буйраги ишламаётганини айтиб, шошилнчга юборади.

Ўша куни отасининг қўлини қўйвормай «Мени ташлаб кетманг, ташлаб кетманг» деб такрорлаган Фазлиддин диализ қилинади. Эрталаб соат олтигача яхшироқ бўлаверган боланинг аҳволи, еттидан кейин яна ёмонлашади. Ўшанда отаси ва қорнида 7 ойлик ҳомиласи бўлган онаси ҳам шокка тушади — стрессга тушгани ҳомилага таъсир қилиб онаси ҳам касалхонага тушиб қолади. Фазлиддин 2022 йил 28 декабрда жон беради.

«Ўғлимнинг ёнига, ичкарига киришга юрагим бардош бермасди. Бир куни диализга олиб кириб кетаётганда кўрдим, танимадим — шишиб кетган (йиғламсирайди — таҳр.). Ҳозир ҳам суратлари бор, кўриб қолсам, эсимга тушиб кетади. Унинг чеккан азобини ҳеч кимга раво кўрмайман. Ундай ётгандан [жонини] ўша заҳоти олгани яхши эди», — деган Дадахон Болтаев судда берган кўрсатмасида.

Нурмуҳаммад Қўшназаров, 4 ёш 9 ой 5 кун

Нурмуҳаммад Қўшназаров 2018 йил 24 мартда Жиззах вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

2018 йилнинг октябрда шамоллаб қолган Нурмуҳаммадга 3−4 кун давомида «Док-1 Макс» ичирилади. У шамоллаши қайталангани боис 15 декабрда сиропни яна икки кун қабул қилади. Шундан кейин қайт қила бошлаган болакай 17 декабрда оилавий поликлиникага олиб чиқилади, шифокорлар унга укол қилади.

Бола ва унинг ота-онаси шифохонама-шифохона юриб сарсон бўлади. 18 декабрда Зарбдор туман тиббиёт бирлашмасига кейин эса Жиззах шаҳридаги кўп тармоқли болалар шифохонасига боришади.

Эртаси куни Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилади. Гемодиализ қилингач комага тушган Нурмуҳаммад 2022 йил 28 декабрда вафот этган.

Отаси Бекзод Қурбонов фарзанд доғини кўтаролмайди. Нурмухаммаднинг ўлимидан икки кун ўтиб инфаркт бўлади. 2023 йил 3 апрелда инфаркт қайталаниб ҳаётдан кўз юмади.

Шоҳижаҳон Хайруллаев, 1 ёш 4 ой 15 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Шоҳижаҳон Хайруллаев 2021 йил 14 август куни Қашқадарёда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Шоҳижаҳон 2022 йил декабрда шамоллаб қолади. Отаси Жасурбек Лапасов 13 декабрда Деҳқонободдаги Галабулоқ қишлоғининг фельдшерига мурожаат қилади. Шифокор унга «Док-1 Макс»ни кунига 4 маҳалдан сироп тугагунча ичиришни тавсия қилади. 16 декабрда 33 минг сўмга сотиб олинган «Док-1 Макс» сиропини Шоҳижаҳон 16 декабрдан 22 декабрга қадар 4 маҳалдан қабул қилади.

26 декабрда боланинг аҳволи ёмонлашиб, пешоб ажратишида қийинчилик кузатилади. Шундан кейин Деҳқонобод тумани болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб борилган болага шифокорлар ташхис қўёлмайди.

Шу боис эртаси куни Қаршидаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб борилади. Аммо у ерда «жой йўқ»лиги айтилиб, қабул қилишмайди.

Сўнгра ота-онаси фарзандини Қарши шаҳар тез тиббий ёрдам кўрсатиш марказига олиб боради — шифокорлар буйракнинг ишдан чиқаётгани ташхисини қўяди.

Шоҳижаҳон 2022 йил 28 декабрь куни Қарши шаҳрида жойлашган тез тиббий ёрдам кўрсатиш марказида ўткир буйрак етишмовчилиги оқибатида вафот этади.

Усмон Юсупов, 3 ёш 6 ой 28 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Усмон Юсупов 2019 йил 5 июнь куни Қорақалпоғистоннинг Эллиққалъа туманида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Усмон 2022 йил ноябрда шамоллаб қолади. Отаси Жасурбек Кенжаев дорихона сотувчисининг тавсияси билан «Амбронол» сиропини сотиб олади.

Усмон сиропни 2022 йил 22 ноябрдан бошлаб 3 кун 3 маҳал, 2,5 миллиграммдан қабул қилади. Ҳолсизланиб қолган ўғлини Элликқалъа туманидаги шифохонага олиб борган пайт ота-онаси унинг пешоб ажратмаётганини билмайди.

Шифохонада бир кун ётган Усмонда эртаси куни судирги бўлади. Шифокорлар боланинг пешоб ажратмаётгани ва диализ қилиш кераклигини маълум қилади.

Болакай 2022 йил 28 ноябрда тез ёрдам машинасида Қорақалпоғистон Республикаси Тез-тиббий ёрдам Маркази (экстренный) шифохонасига олиб борилади. Текширувлар ўтказилиб, диализ қилинади.

Отаси Жасурбек Кенжаевнинг маълум қилишича, 3 кундан кейин кома ҳолатига тушиб қолган Усмон ўша вақтда 13 марта диализ қилинган. Ота-онаси шифохонада етишмайдиган гемодиализ фильтрларини Россия, Қозоғистондан излаб сарсон бўлади. Шунинг ҳисобига ҳар куни қилиниши керак бўлган гемодиализ 2−3 кун кечга чўзилади. Бир фильтрдан 2−3 марталаб фойдаланиш ҳолатлари ҳам бўлади.

Аммо шифокорларнинг барча уриниши бекор кетади — Усмон 2023 йилнинг 1 январь куни ҳаётдан кўз юмади.

Мироншоҳ Ҳусенов, 4 ой 26 кун

Ҳусенов Мироншоҳ 2022 йил 8 август куни Навоийда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

2022 йилнинг 17−18 декабрь кунлари Мироншоҳнинг тана ҳарорати кўтарилиб, йўтала бошлайди. Шу сабаб шифокорнинг тавсияси билан унга «Амброксол» сиропини сотиб олишади. Дорини қабул қилганидан сўнг соғлигида ўзгариш бўлмагач шифокор болакайни қайта текширувдан ўтказиб, унга «Амбронол» ва «Цинепарт кидс» сиропини тавсия қилади.

Онаси харид қилинган ушбу дориларни ўғли ва қизига ҳам оз миқдорда ичиради.

Хамидулла Хайитовнинг маълум қилишича, ўғли Мироншоҳнинг аҳволи оғирлашгач, уни тез ёрдам машинасида Навоий вилояти юқумли касалликлар шифохонаси, сўнгра Навоий вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига олиб бориб, жонлантириш бўлимига ётқизишади. Буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган болакайга 5 кун давомида диализ қилинади.

Мироншоҳ 2023 йил 2 январь куни ҳаётдан кўз юмади.

Жаъфарбек Абдурасулов, 7 ёш 10 ой 21 кун

Жаъфарбек Абдурасулов 2015 йил 9 февраль куни Сурхондарёда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Онаси Гулдаста Саттарова унга «Док-1 Макс» сиропини маҳалласидаги шифокор аёлнинг тавсияси билан ичиради. Жаъфарбек дорининг 1 флаконини 1 кунда 2 маҳал 2,5 миллиграммдан тўлиқ қабул қилади. Орадан 3−4 кун ўтгач ҳолсизлана бошлайди. Шундан кейин 2022 йил 17 декабрда уни Термиз шаҳар кўп тармоқли шифохонасига олиб боришади. 1 ҳафта давомида 7 марта диализ қилинган болакайнинг аҳволи 31 декабрда оғирлашиб қолади.

Жаъфарбек 2023 йил 2 январда ҳаётдан кўз юмади.

Ҳожиакбар Бахтиёров, 3 ёш 8 ой 8 кун

Ҳожиакбар Бахтиёров 2019 йил 27 апрель куни Фарғонада туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

2022 йил декабрнинг ўрталарида Ҳожиакбарнинг акаси Ҳожикамол шамоллаб қолади. Кўп ўтмай — 19 декабрда Ҳожиакбарда ҳам иситмалаш кузатилади. Шунда катта ўғил қабул қилаётган «Док-1 Макс» сиропидан кичик ўғилга ҳам бир маротаба 0,5 миллилитрдан ичирилади.

Отаси Бобурмирзо Рўзалиевнинг маълум қилишича, маҳалладаги шифокор унга ўғлининг ичаклари шамоллаганлиги айтиб, турли дорилар тавсия қилган. Ўша куни ўғли Ҳожиакбарга «Ўктам» хусусий клиникасидаги шифокор ёзиб берган дорилардан инъекция қилинади. Бироқ Ҳожиакбарнинг кўнгли айниб, безовта бўлаверади.

21 декабрь куни бир сутка давомида пешоб ажратмагач, туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилади. Шифокорлар ўғлини зудлик билан шифохонага ётқизиб, унинг буйраги ишламаётганини маълум қилади.

Ҳожиакбар 2023 йил 3 январга ўтар кечаси шифохонада ҳаётдан кўз юмади.

Отабек Камолиддинов, 2 ёш 2 ой 21 кун


Отабек Камолиддинов 2020 йил 19 октябрда Жиззах вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Отабек 2022 йилнинг декабрида кучли шамоллаб қолади. Онаси 26 ёки 27 декабрь куни шифокорнинг шамоллаш ва тана ҳароратини тушириш учун қилган тавсияси бўйича «Амбронол» сиропини олиб келади. Отаси Нарзиқулов Жамолнинг маълум қилишича, рафиқаси сиропни Отабекка 3 маҳал, катта фарзандларига эса 1 маҳалдан ичирган.

29 декабрдан бошлаб Отабекда пешоб ажралмай қўяди. Шундан кейин уни дастлаб врачлик пунктига, кейин бўлса Самарқанд вилояти кўп тармоқли шифохонасига олиб боришади. Шифокорлар болакайни реанимация бўлимига олиб кириб кетади. Бир кундан кейин диализ қилишни бошлайди. Жами 5 марта диализ олган Ота бек 2023 йил 8 январда жон беради.

Муҳаммадали Ҳуррамов, 2 ёш 10 ой 11 кун

Муҳаммадали Ҳуррамов 2020 йил 29 ноябрь куни Сурхондарёда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

2022 йилнинг 15−16 декабрида Муҳаммадали йўтала бошлайди, томоғи қизариб, бурни битиб қолади. Кейин онаси дорихоначининг тавсиясига асосан «Амбронол» сиропини сотиб олади. Болакай 2023 йил 23−28 декабрга қадар кунига 2 маҳал, 2,5 миллилитрдан 5 миллилитргача бўлган миқдорда дорини қабул қилгач аҳволи оғирлашади. Шундан кейин онаси «Амбронол»ни беришни тўхтатади.

Муҳаммадали 30 декабрь куни эрталабдан бошлаб пешоб ажратмай қўйади. Шундан сўнг у туман шифокорига олиб борилади. «УЗИ» текшируви натижасига кўра болакайнинг буйраги ишламаётгани аниқланади.

2023 йил 1 январь куни Муҳаммадали РШТЁИМ Сурхондарё филиали болалар бўлимига олиб борилади, у ердаги шифокорлар томонидан ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилиб, шифохонага ётқизилади. 1 январдан 8 январга қадар жами 5 маротаба диализ қилинади.

Муҳаммадали 2023 йил 8 январь куни ҳаётдан кўз юмади.

Мўмина Сафарбекова, 1 ёш 11 ой 16 кун

Мўмина Сафарбекова 2021 йил 25 январь куни Жиззахда туғилган. Унинг касаллик тарихи суд ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Мўмина 2022 йил 16 декабрда шамоллаб қолади. Онаси олиб борган Фориш тумани тиббиёт бирлашмасидаги шифокор унга «Док-1 Макс» сиропини тавсия қилади. Мўмина шифокор тавсияга биноан дорихонадан харид қилинган ушбу сиропни 1 ҳафта давомида 3 маҳал 2,5 миллилитрдан (овқатдан кейин) қабул қилади. Шундан кейин соғлиги ёмонлаша бошлаган Мўминани ойиси РШТЁИМ Самарқанд вилояти филиалининг болалар бўлимига олиб боради.

Ойиси Насиба Ризақулованинг маълум қилишича, у ерда одам кўп бўлган, шу сабаб 21 декабрда Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган Республика тез-тиббий ёрдам шифохонасига келишган. Жонлантириш бўлимига ётқизилиб 12−13 маротаба «диализ» қилинган қизалоқ 7 январда комага тушади.

Мўмина 2023 йил 9 январь куни ҳаётдан кўз юмади.

Нурмуҳаммад Умарий, 2 ёш 6 ой 15 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Нурмуҳаммад Умарий 2020 йил 26 июнда Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

Умарийлар оиласининг тўнғич фарзанди Нурмуҳаммад 2022 йил декабрь ойида шамоллаб қолади. Бобоси ва онаси қишлоқдаги дорихонадан «Амбронол» сиропини олиб келиб, 2 кун, уч маҳал, 2 миллиграммдан ичиришади. Кейин боланинг тана ҳарорати кўтарилиб, қайт қилишни бошлайди. 8 декабрь куни Ургутдаги болалар шифохонасига олиб боришади.

Нурмуҳаммаднинг қайт қилиши шамоллашнинг асорати деб ташхис қўйилиб, шифохонага олиб қолинади. Икки кун ўтиб пешоби ҳам чиқмай қолади. УЗИда қовуғида сийдик йўқлиги маълум бўлгач, шифокорлар Самарқанд вилоятидаги кўп тармоқли шифохонага жўнатишади. У ер ёпиқлиги айтилиб, қабул қилинмагач, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий Марказининг Самарқанд филиалига боришади. Бу ердаги УЗИ натижаларида боланинг буйраги ишламаётгани маълум бўлгач, аҳволи оғир деб, бирдан реанимацияга олинади. Эртасига даволовчи шифокор болага диализ қилиш кераклиги, аммо диализ воситалари ўзларида йўқлиги, яқинлари вилоят кўп тармоқли шифохонасидан олиб келиб берса, муолажа бошлашларини айтади.

Боланинг дадаси Умарали ака вилоят кўп тармоқли шифохонасига борганда шифокорлар ўзларида даволанаётган 12 нафар боланинг буйраги ишламаётгани, диализ аппаратларининг бари бандлигини айтиб, Тошкентдан Самарқандга тиббий буюмлар етказадиган бир дўконнинг рақамини беради. Тошкентдан аппаратларни топиб, олиб келтиргунча икки кун ўтади. Ниҳоят муолажалар бошланади. Нурмуҳаммад бешинчи куни иккита диализдан кейин комага тушиб қолади. Бир ҳафта ўтгач, пешоб чиқаришни бошлайди, буйраги ишлаб кетади. Аммо заҳарли моддалар буйраккача бормай, танасига тарқалишда давом этади. Умумий ҳисобда 20 га яқин диализ олишига қарамай, Нурмуҳаммад Умарий 2023 йил 9 январь куни вафот этди.

Азима Абдуллоева, 1 ёш 6 ой 17 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Азима Абдуллоева 2021 йил 23 июнда Сурхондарё вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

2022 йилнинг 14−15 ноябрларида Азиманинг тана ҳарорати кўтарилиб, мазаси бўлмай қолади. Уни кўрсатиш учун олиб борилган Жарқўрғон туман тиббиёт бирлашмасининг Болалар бўлими шифокори антибиотик укол, «парацетамол-свеча» ва «Амброксол» сиропини ёзиб беради.

Отаси Русланбек Назаров уколларни ўша куни, сиропни эсa кейинги куни сотиб олади. «Амброксол» сиропини сўраганида дорихоначи 7 минг сўмга Ўзбекистонники борлигини айтади, лекин четники яхшироқ таъсир қилади деб ўйлагани учун уч-тўрт дорихонадан излаб, охири Ҳиндистоннинг «Амброксол» сиропини харид қилади. Дорини 4−5 кун, 19 ноябргача қабул қилгач Азиманинг аҳволида бирор ижобий ўзгариш бўлмайди, аксинча 20 ноябрь тонгида қайта иситмалайди.

Шундан кейин уни педиатрга олиб боришади. Иссиғини тушириш учун муолажа қилингач, уйга келгунича ҳарорати тушади. Кечга бориб эса яна ҳолсизланади. Сўнгра яна болалар бўлимидаги педиатрга олиб борилади. Педиатр болани кўриб, реанимациядан дўхтирларни чақиради.

Болани реанимацияга ўтказиб, таҳлиллар олишади. Ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилгач уч соат мобайнида туман тез ёрдам бўлимида қолишади. Кейин Термиздаги шошилинч тиббий ёрдамга олиб борилиб — у ерда уч кун даволанади.

Азима жами уч марта диализ олади. Диализ қиладиган катталар нефрологи бўлган Сурхондарёда болалар нефрологи йўқлиги боис 23 ноябрь оқшоми шахсий машинада Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт маркази томон йўл олишади.

Қизалоқнинг аҳволи 2 ё 3 кун палатада бўлгач ёмонлашиб, пешоб ажратмай қўяди. 25−26 ноябрда реанимацияга тушади. Бир ойларча реанимацияда бўлиб ҳар куни гемодиализ олади. 25−26 декабрлар кўзларини очиб бироз ўзига келади, палатага олинади. Лекин организм кучсизланиб қолганидан барибир карахт, қўл-оёғи қимирламас эди. Ўткир буйрак етишмовчилиги қайталаниб 3 ё 4 январларда қайта реанимацияга тушади. Азима 2023 йил 9 январь куни жон беради.

Кабирахон Носирова, 1 ёш 2 ой 21 кун

Кабирахон Носирова 2020 йил 21 октябрда Москва шаҳрида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

Муштарий Носирова ёлғиз фарзанди Кабирахон туғилгач Россиядан Ўзбекистонга қайтади. Бир йил ўтиб, қизалоқда томоқ оғриғи кузатилади. Она танишининг тавсияси билан дорихонадан «Док-1 Макс» сиропини олиб, уч кун, уч маҳалдан (миқдори номаълум — таҳр.) ичиради. Сироп тугаса ҳам қизи тузалмагач, онаси «Амбронол» сиропини олиб ичира бошлайди.

Кабирахон аввалига қайт қилишни бошлайди, кейин пешоби чиқмай қолади. Андижондаги юқумли касалликлар шифохонасига олиб боришганда дўхтирлар оғзи оғриб, йиринглаб, стоматит бўлиб кетгани, касалхонага ётиши кераклигини айтишади. Таҳлиллар топширишади. Шифохонага ётишнинг иккинчи кунида ҳам қизалоқнинг пешоби чиқмайди.

Муштарий Носирова палатадаги бошқа бир бемор билан фарзандининг аҳволи ҳақида суҳбати давомида «Док-1 Макс»дан болалар заҳарланиб, вафот этаётгани ҳақида эшитадию, шифокорларга «мен эътибор бермабман, «Док-1 Макс» ичганди, шунданмикан?» дейди. Дўхтирлар болани яна текшириб, ҳеч нарса бўлмаганини айтишади. Онаси дод солиб, ўзи бепарво бўлганини, қизига бир нима бўлиб қолганини айтса ҳам дўхтирлар қарамайди.

Тахминан 2022 йил 25 декабрь куни Андижон марказий шифохонасига ўтишади. Қиз уч кун диализ олади, 20 кун шифохонада ётиб, 2022 йил 11 январь куни вафот этади. Муштарий Носирова суддаги кўрсатмасида қизи вафот этгач уйга бориб «Амбронол» сиропининг қолган қисмини ўзи ичиб юборганини айтган. «Қишда, совуқда болам шундан ўлганини билдим, мен ҳам боламнинг орқасидан ўлгим келди», деган у.

Мансурбек Носиров, 3 ёш 7 ой 8 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Мансур Носиров 2019 йил 3 июнь куни Наманганда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Мансур 2022 йил декабрининг ўрталарида шамоллаб қолади. Шундан кейин отаси унга дорихонадан «Док 1 Макс» сиропини сотиб олади. Дорини қабул қилгандан кейин боланинг аҳволи яхшиланиш ўрнига баттар оғирлашади.

Отаси Нодирбек Насировнинг маълум қилишича, у ўғлини 20 декабрда РШТЁИМ Наманган шаҳар филиалига олиб борган.

Шифокорлар фарзандига ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир буйрак етишмовчилиги анурия босқичи, шунингдек, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги ташхисини қўяди. Тиббий муолажалар болакай ҳаётини сақлаб қололмайди.

Мансур 2023 йил 11 январь куни ҳаётдан кўз юмади.

Мирафзал Шералиев, 3 ёш 7 ой 8 кун

Мирафзал Шералиев 2019 йил 6 июнь куни Тошкент вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Оилада ёлғиз фарзанд бўлган Мирафзал 3−4 декабрь кунлари жияни билан бирин-кетин шамоллаб қолади. Кўрик учун олиб чиқилган поликлиника шифокори болаларнинг ҳар иккисига алоҳида-алоҳида дори ёзиб беради.

Рецептда ёзилган «Цинепар» бўлмагани учун дорихоначи унинг ўрнига «Док-1 Макс» сиропини беради. Ҳар сафар дорини ўлчаб беришга одатланган онаси, йўриқномага кўра сиропни 2 миллилитрдан шприцда — жами беш миллилитрдан сал ошиқроқ миқдорда ичиради.

Доридан кейин болада қусиш, ич кетиш, овқат ейишни тўхтатиш ва ҳолсизланиш кузатилади. Шундан кейин онаси уни қайта поликлиникага олиб чиқади. Поликлиникадагилар уни юқумли касалликлар шифохонасига юбормоқчи бўлади. Онаси Муштарий Абдураҳмонова эса қор ёғаётгани, совуқлиги, қолаверса, у ернинг шароит яхшимаслигини билгани учун ҳам Зафар шаҳарчасидаги асосий шифохона — поликлиниканинг ўзида қолишини айтади.

Муштарий Абдураҳмонованинг маълум қилишича, душанбагача фарзандига яхши қарашмайди. Шифокорга фарзанди пешоб чиқармаётганини айтганида «Балки сияётганини билмаётгандирсиз, памперс қўйинг», деган жавоб олади.

Пешоб ажралавермагач, шу касалхонанинг ўзида УЗИ қилдирмоқчи бўлади, аммо иш вақти тугади, деган жавобни олади. Хусусий УЗИга олиб борганида дўхтир «Болангизнинг буйраги ишламаяпти. Нимага икки кундан бери касалхонада ўтирибсизлар», деб зудлик билан Тошкентга олиб кетишни тавсия қилади.

Поликлиникага қайтиб шифокорга бу ҳақида хабар берганида «Тез ёрдам қилиб берамиз, пулини берасиз», дейишади. Асосийси, яхши жойга жўнатишлари, боласига яхши қарашлари эканини илтимос қилиб, нима сўрашса, қилиб беришини айтган Муштарий Абдураҳмонова фарзанди ва йўлланма билан 16-шаҳар касалхонасининг Қўйлиқдаги филиали томон йўл олади. Ўзининг машинаси борлигига қарамай, жавобгарлик борлигини айтиб шифохонадан битта дўхтир ҳам қўшиб беришади.

Етиб боришганида шифохона бош шифокори бориб учрайсиз дея берган рақам эгасининг телефони ўчиқ бўлади. Ўша ердаги врачлар эса болалар диализи бор бўлган Болалар миллий тиббиёт марказига боришни тавсия қилади.

Кейин эса дўхтирнинг вазифаси биринчи тез ёрдам кўрсатиш бўлгани учун болани олиб қолиб, дарров реанимацияга олиб киришади, лекин у ёқда даволашнинг иложи йўқлиги, диализ мавжуд эмаслигини таъкидлашади.

Бир ярим кундан кейин Мирафзал 16 касалхонасига олиб борилади. У ерда 1 ойдан кўпроқ даволаниб 23 марта диализ қилинади, 3 даражали кома ҳолатига ҳам тушади.

«Соғлом одам бир кун диализ олса, бир ҳафта ҳолсизланиб юради. Менинг ўғлим 23 та диализ олди. Энди ўзингиз ўйланг, уларга қандай жазо бериш мумкин? 23 та диализга чидади, комага тушди, «кома-3»га тушган инсоннинг ундан чиқиши оғир. Менинг болам «кома-3»дан ҳам чиқиб берди. Ҳамма оғриқларига чидади. Бир кун чеккан дардини тасаввур ҳам қилолмайсиз», — деган онаси Муштарий Абдураҳмонова судда берган кўрсатмасида.

Мирафзал 2023 йилнинг 14 январь куни ҳаётдан кўз юмади.

Асилбек Меҳрибонқулов, 2 ёш 7 ой 3 кун

Асилбек Меҳрибонқулов 2020 йил 12 июнь куни Самарқандда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Асилбекда 2022 йилнинг 28 декабрида шамоллаш аломатлари пайдо бўлади. Шундан кейин 28−31 декабрь кунлари унга уй шароитида система қўйилади. 2023 йилнинг 1 январида эса болакайда қуруқ йўтал пайдо бўлади.

Отаси дорихоначининг тавсияси билан «Амбронол» сиропини сотиб олади. Асилбек дорини бир ярим кун давомида 3 маҳал, 0.1 миллилитрдан қабул қилади. 2 январь тонгида пешоб ажратмай қўйгани боис эртаси куни уни Оқдарё тумани тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимига олиб боришади. Шифокор эса Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига йўлланма беради.

Отаси Зокир Юсуповнинг маълум қилишича, 4 январда Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига боришганидан ўғлига ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган. 4 январдан 15 январга қадар диализ ва бошқа муолажалар қилинган.

Асилбек 2023 йил 15 январда ҳаётдан кўз юмади.

Муслима Ниеткабилова, 2 ёш 8 ой 21 кун

Муслима Ниеткабилова 2020 йил 27 апрель куни Қорақалпоғистонда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Муслима 2022 йил тахминан декабрнинг ўрталарида шамоллаб қолади. Онаси участка шифокорининг тавсияси билан «Амбронол» сиропидан 5 кун 2 маҳал 2,5 миллиграммдан ичиради.

Қизалоқ 15 декабрдан бошлаб беҳол бўлиб, сиймай қўйади, йўтал, титроқ, қусиш каби ҳолатлар ҳам кузатилгани учун ота-онаси уни Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалига олиб боради. «УЗИ» ва бошқа анализ текширувларидан ўтказилгач шифокорлар унда ўткир ичак инфекциясидан кейинги ҳолат, гиповалемия, ўткир буйрак етишмовчилиги, анурия босқичи ташхисини қўяди.

Ўша куннинг ўзида бир маротаба гемодиализ муолажаси ўтказилади.

17 декабрда йўлланма билан Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий маркази шифохонасига олиб кетилган. Марказ шифокорлари қизалоққа ўткир буйрак етишмовчилиги ташхисини қўяди.Аҳволи оғирлиги сабабли жонлантириш бўлимига жойлаштиришади, диализ қилинади.

2023 йил 17 январда қизнинг аҳволи кескин оғирлашади. Муслима шу куни икки томонлама пневмония, этиленгликолдан ўткир заҳарланиш, ўткир буйрак етишмовчилиги оқибатида вафот этади.

Амирбек Бахтиёров, 2 ёш 4 ой 22 кун

Амирбек Бахтиёров 2020 йил 26 август куни Қашқадарёда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Амирбек 2022 йилнинг декабрида шамоллаб, йўтала бошлайди. Унга дастлаб «Парацитамол» берган онаси Дилноза Қаюмова қайнонасидан «Амброксол» сиропини олиб келишни сўрайди. Қайнонаси борган дорихонада «Амброксол» сиропи бўлмаган. Дорихоначи унга «Амбронол» сиропини тавсия қилади. Шундай қилиб Амирбек «Амбронол» сиропининг ҳаммасини 5 кун давомида қабул қилади ва аҳволи оғирлашади.

Шундан кейин болакай дастлаб Қамаши тумани марказий шифохонасига, сўнгра Қарши шаҳридаги болалар шифохонасига олиб борилади — у ерда 17 декабрдан 20 декабргача ётади. Шифокорлар боланинг буйраги ишламаётганини айтади. Шифохонада диализ аппаратининг йўқлиги учун улар 20 декабрда Тошкентдаги 16 сонли шифохонага боради. Онаси Дилноза Қаюмованинг маълум қилишича, ўғлининг доридан заҳарланганини айтган шифокорлар ундан «Амбронол» ёки «Док-1 Макс» дориларини ичирган ёки йўқлиги ҳақида сўрайди. «Амбронол» сиропидан берганини айтганида ўғлига диализ аппарати уланади.Комадан чиқади лекин жигар қисми ҳам зарарланганлиги сабабли Амирбек 2023 йил 17 январда вафот этади.

Солиҳа Маҳманазарова, 2 ёш 8 ой 25 кун

Солиҳа Маҳманазарова 2020 йил 26 апрелда Қашқадарё вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

Онаси Мадина Тўлабоеванинг эслашича, кичик фарзанди Солиҳа овқатдан бош тортмас, сурункали касали ҳам йўқ, соғлом қизалоқ бўлган. 2022 йилнинг ноябрь ойида грипп бўлгани учун поликлиникадан уч марта антибиотик қилдириб, соғайтириб олишган. Мадина опа ўзи ўқитувчи бўлиб ишлагани учун Солиҳани хусусий боғчага берган. Ноябрнинг бошида боғчадан бир ҳафта қолдириб, гриппдан тузатиб, яна чиқариб юборган.

Боғчада Солиҳанинг йўтали яна қайталаниб қолади. Онаси бу гал ҳам антибиотик олдирмай, сироп билан яхши қилиб олай деб, дорихонага бориб «Линкас» сиропини сўрайди. Авваллари иккала қизига ҳам шундан ичирган, ижобий натижа олган. Дорихоначи «Линкас» йўқлигини, ўрнига «Док-1 Макс» беришини айтади. Мадина опа дорихоначини узоқдан танигани учун маслаҳатига қулоқ солади. «Яхшими?» деб сўраганда «яхши», деб жавоб беради. «Ёш болага тўғри келадими?» деса, ёшини сўрайди. 2,5 ёшлигини айтганда «Бўлади», деб жавоб беради. Она ўзининг ҳам йўтали борлигини айтиб, «Боламга қўшилиб ичсам, ҳеч нарса қилмайдими?», деса дорихоначи «Йўқ» деб жавоб беради.

Дорини олади. Уйга бориб, Солиҳага 2,5 миллилитрдан уч маҳал беради. Ўзи ҳам кечқурун бир маҳал, 1 қопқоқча ичади. Катта фарзанди — Солиҳанинг опаси қизиқиб, «Бу ичяпти, мен ичмайманми?», деб хархаша қилганда унинг тилига ҳам номигагина ялатиб қўяди.

Дори ичгандан кейин Солиҳанинг иссиғи тушади, уйда ўйнаб юради. Бир «флакон»ни икки ярим кунда тугатишади. Кейин Мадина опа турмуш ўртоғига шу сироп яхши эканини айтиб, яна битта олиб келишини сўрайди. Ундан ҳам икки ярим миллиграмм, бир маҳалдан ичиришни бошлайди. Ўша вақтда Telegra’mдаги курсдошлар гуруҳига Мадина опанинг дугоналари «Док-1 Макс»нинг расмини ташлаб, шу доридан болалар заҳарланаётганини ёзишади. У шоша-пиша флаконни расмга тушириб, қизига ичираётганини ёзса, дугоналари бирин-кетин тўхтатишини айтиб огоҳлантиришади.

Мадина опа Солиҳани кўтариб поликлиникага олиб чиқиб, қизи иситма қилаётгани, «Док-1 Макс» ичиргани учун хавотирда эканини билдиради. Дўхтир «Сен хато ўйлаяпсан. Унақа нарсани хаёлингга келтирма. Шунчаки грипп болаларда шунақа ўтяпти. Антибиотик олса, тузалиб қолади», дейди. Уч кун «цефтриакцион» ёзиб берди.

Қизалоқ уйга келиб қусишни бошлайди. Сув ичса ҳам, мева-чева еса ҳам қайтараверади. Бора-бора ҳеч нарса емай қўйади, пешоби камайиб кетади. Икки кун антибиотик олгандан кейин ҳолсизланиб, ўрнидан туролмайдиган, фақат ухлайдиган бўлиб қолади. Иссиғи ҳам чиқиб кетади.

Она шифокорга бориб қизининг ўзгармаётганини айтганда осма укол ёзиб беради. Мадина опа коронавирус пайтлари осма укол боланинг ўпкасига сув йиғади деган гапларни эшитгани учун қўрқиб, розилик бермайди. Дўхтир туман шифохонасига боришини айтади. Боришади ҳам. Лекин Мадина опа қизи билан овора бўлиб у ердаги дўхтирга «Док-1 Макс»ни ичирганимни айтишни унутади. Уч кунлик осма ёзиб берилади. Қизалоқ биттасини олиб, иккинчисида йиғлагани учун ҳамшира кейингиларини ҳам қўёлмайди.

Кўп отмай оёғи шишади, пешоби чиқиши ҳам тўхтайди. Ота-онаси Қаршидаги хусусий шифохонага олиб боришади. Врачга «Док-1 Макс» ичирганимни айтанда «Бу доридан ҳозир заҳарли моддалар аниқланган, билмайсизми?», деб қолади. Онаси эшитмаганини айтади. Шифокор эса болани қабул қилмаслиги, болалар касалхонасига олиб боришларини айтади.

Болалар касалхонасига боришганда врач Мадина опанинг қўлидаги болани кўриб, қабул қилмаслиги, тез ёрдамга олиб боришларини айтади. Она тез ёрдам эшигидан кириши билан «„Док-1 Макс“ ичирганман, ёрдам беринглар», деб бақира бошлайди. Бирдан УЗИга олиб кириб кетишади.

«Иккала буйраги ҳам ишламаяпти», деган хулоса берилди. Битта дўхтир «Даволайман», деса, биттаси «Бизда катталар учун диализ бор, кичкиналарга йўқ. Буни ё Самарқанд, ёки Тошкент олиб кетасиз», дейди. Она эса бола кўтариб у эшикдан бу эшикка юрмаслиги, қаерга бўлса ҳам машина билан врач бериб, ўзлари жойлаштириб келишларини сўрайди. Кундузи 14:00 ларда болалар касалхонасига боришган бўлса, кечки 19:00 дан ўтиб, тўлов қилиши шарти билан тез ёрдам машинаси ва врач берилади. Улар она-қизни Тошкентдаги 16-касалхонага жойлаштириб кетади.

Бирданига катетер қўйишади. Бола беш кунда комага тушади. Онаси врачлардан «қизим яхшими?», деб сўраганда «қизинг яхши бўлса, реанимацияда ётмайсан», деган жавоб олади. Солиҳа 2023 йил 19 январда ҳалок бўлади.

Солиҳанинг онаси судда кўрсатма бераркан, «Менинг нима айбим бор? Менинг фарзандимни ҳам бошқа болалар каби ўйнашга, юришга ҳаққи бор эди-ку. Агар бирор касал бўлиб ёки тузалмайдиган сурункали касал бўлса, одам таслим бўларди. „Яна шуни антибиотик олдириб қийнамай“, деб бир сироп олган куним шу бўлдими? Кимга қандай билмайман, лекин мен ҳам шу қизим қатори гўрга кирган оналардан биттасиман. Уйимдаги қизим учун яшаб юрибман», деб йиғлаб гапирган.

Судья ва адвокатлар билан савол-жавоб давомида Мадина опа доридан ўзи ҳам бир қошиқ ичгани учунми, бошқа сабабданми Тошкентдан қайтганларидан кейин тоби қочгани, уч кун антибиотик олгани, сиропдан бироз ялаб кўрган катта қизини эса текширувлардан ўтказиб туришгани, аҳволи яхшилигини маълум қилган.

Мадинабону Ўктамалиева, 3 ёш 3 ой 16 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Мадинабону Ўктамалиева 2019 йил 3 октябрда Наманган вилояти Чуст туманида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

2022 йил 10 декабрда Мадинабонунинг овози ўзгариб, томоғи оғриганидан шикоят қилади. Онаси Садоқат Абдуқундузова 13 декабрь куни дорихонага чиқиб, «АЦЦ» таблеткасини сўрайди. Дорихоначи бу дори қолмаганини айтгач, Садоқат опа ўрнига бирорта дори тавсия қилишни сўрайди. «Док-1 Макс» берилади. Уйга олиб келиб қизига йўриқномасида ёзилгандек икки маҳал, 2,5 миллиграммдан ичира бошлайди.

Оила янги уйга кўчгани сабаб қизалоқни ўша кунлари боғчага беришади. Биринчи кун ҳеч нарса бўлмайди. Иккинчи кун сийдигида қизариш пайдо бўлади. Садоқат опа боғчага телефон қилганда Мадинабону овқат емасдан фақат қизилча салат еганини айтишади. У сийдик қизаришини шу салатдан бўлса керак деб тахмин қилиб, педиатр қайнонасига телефон қилиб вазиятни айтганда «бўлиши мумкин» деган тасдиқсифат жавобни олади. Учинчи куни соат 12:00 ларда боғчадан телефон қилиб қизалоқнинг фақат қайт қилиб, ётгани, ҳеч ким билан ўйнамаётганини айтишади.

Садоқат опа қизини боғчадан олиб чиқиб, ошқозони бузилгандир деб гумонлаб, 16:00 ларда Чуст туман тез тиббий ёрдамига олиб бориб, ошқозонини ювдириб келади. Лекин Мадинабону қайт қилиши тўхтамайди. Сув берса, ҳам қайт қилиб ташлайверди. Шу кундан сироп беришни тўхтатади. Орада шанба-якшанбага тўғри келиб қолади. Қайнонасини чақиради. У неварасининг кам сияётганини сувсизланиб қолганига боғлайди. Боланинг танасида шиш пайдо бўла бошлайди. Якшанба куни унинг ўзи онасига «Ойижон, сийишни билмаяпман», дейди.

Она 19 декабрь, душанбада хусусий клиникадаги УЗИга олиб боради. У ерда буйрагининг ранги ўзгаргани, очармаётгани, қон айланмаётганини айтишади. Кейин қайнонаси билан Наманган шошилинч тез тиббий ёрдамга олиб боришади. Неча кундан бери сиймаётганини сўрашганда икки кунлигини айтади. Ўша куни қизалоқни реанимациясига олиб, ҳамма таҳлилларни қилишди. Мочевина даражаси жуда кўтарилиб кетгани аниқланади. Бир соат ўтиб гемодиализ муолажасини бошлашади.

Шу билан Мадинабону 22 декабргача фақат қайт қилади, ўзгариш бўлмайди. Садоқат опа ўша куни «Док-1 Макс»дан заҳарланиш ҳолатлари бўлгани ҳақида хабарлар ўқийди. Қизча 24 декабрда оғирлашади, кўзи оғриётганидан шикоятни қилди. Шу куни 16:00 ларда комага тушди. Шу аҳволида 29 кун диализ олади. Ўртада фақатгина бир кун мочевинаси яхши чиққани учун танаффус бўлади. 17 январь куни териси остида тошмалар пайдо бўлиб, майда томирлари, яъни тромбоцитлари ёрилганини аниқланади. 18 январь куни яна диализ олади, 19 январь кечки соат бирларда қизалоқнинг жони узилади.

Марҳума қизалоқнинг онаси Садоқат опа суддаги кўрсатмасида турмуш ўртоғи 2021 йил 11 августида коронавирус сабаб вафот этгани, Мадинабону эридан қолган ёлғиз ёдгор бўлганини айтган.

«Боламнинг касалхонада бир ой чеккан азоблари, бир қулоғидан оққан қонли йирингларини кўрганим, комага кетаётган кунида „Болам, қаеринг оғрияпти“, деб сўраганимда „Ойижон, ҳеч қаерим оғримаяпти. Фақат бағрингизга босинг“, деб жавоблари ҳамон эсимда. У эримдан қолган ягона ёдгорим эди. Майли, ҳамманинг боласи ўзига азизу, мен қизимни осонликча катта қилаётганим йўқ эди. Уни ўзим ёлғиз катта қилиб, у билан ёлғиз яшаган эдим. Ўша руҳий тушкунликдан ҳалигача чиқа олганим йўқ», деб йиғлаб гапириб беради у.

Зуҳра Эркинова, 5 ой 30 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Зуҳра Эркинова 2022 йил 22 июлда Наманган вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

2022 йил декабрь ойида 5,5 ёшли эгизаклар Фотима-Зуҳранинг Зуҳраси шамоллаб қолади. Ота-онаси 2017−2018 йилларда шамоллаб қолган бошқа фарзандлари «Синепар кид»дан тузалгани учун Зуҳрага ҳам шу доридан олиб ичира бошлашади. Кейинги кун икки марта «Док-1 Макс», бир марта «Амбронол» сиропидан шпиртс билан 1,5 миллилитрдан ичиришади.

Қизчанинг пешоби чиқмай қолади. Буни кечки пайт билиб, шифохонага олиб боришади. Шифокорлар пешоб чиқмаётганини боланинг танасида суюқлик қолмагани билан боғлаб уйга жўнатиб юборади. Пешоб чиқмаслик кейинги кун ҳам давом этгач, ота-онаси яна учта жойдаги шифокорларга олиб боради, Республика тез тиббий ёрдам илмий амалий марказининг Наманган филиали урологлари ҳам кўриб ташхис қўйишолмайди.

Қон лабораториясида ишлайдиган танишларига айтиб таҳлил топширишганда кератин миқдори дозасидан ошиб кетгани аниқланади. Шифокорлар заҳар бутун танасига тарқалиб кетаётгани учун қизни Тошкентга олиб бориш кераклигини айтишади. Зуҳра 5 январь куни Тошкентдаги болалар миллий тиббиёт марказига олиб келинади, 17 кунлик даволанишларга қарамай 2023 йил 21 январда вафот этади.

Муслима Давронбекова, 2 ёш 9 ой 5 кун

Муслима Давронбекова 2020 йил 26 апрелда Хоразм вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи суд ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Муслима 2022 йилнинг 9 ноябрида шамоллаб қолади. Онаси туғуруқхонада бўлгани боис бувиси Абдуллаева Иззатой уйининг олдидаги дорихонадан «Док-1 Макс» сиропини сотиб олади. Муслима дорини 2 кун давомида 2 маҳал, 2,5 миллилитрдан қабул қилгач аҳволи ёмонлашиб қайт қила бошлайди.

Шундан кейин уни Хива тумани шошилинч шифохонасига олиб боришади. У ердагилар Урганчга олиб боришни айтади. РШТЁИМ Хоразм вилояти филиалига боришганида барча таҳлиллар олиниб, УЗИ қилинганидан кейин эса уларда гемодиализ йўқлигини айтиб, қизалоқни Тошкент шаҳрига олиб боришни тавсия қилишади.

Муслима Тошкентдаги РШТЁИМга келганидан кейин реанимация бўлимига жойлаштирилади ва уни гемодиализ қилиш бошланади. Орадан уч кун ўтиб комага тушган Муслима 2023 йил 31 январь куни ҳаётдан кўз юмади.

Ҳумоюн Эркинов, 4 ёшу 1 ой 22 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Ҳумоюн Эркинов 2019 йил 3 март куни Сурхондарёда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

2022 йил 18 декабрь куни Ҳумоюнда йўтал бошланиб, тана ҳарорати ҳам кўтарилади. Шундан кейин унинг отаси шифокор тавсиясига кўра дорихонадан «Амбронол» сиропини олиб келади.

Болакайга сироп 3 кун 3−4 маҳалдан ичирилади. Дори таъсир қилмагач, уни Қумқўрғон тумани шифохонасига олиб боришади.

Отаси Сирожиддин Хасановнинг маълум қилишича, у ерда ўғлига «сариқ касал» деб нотўғри ташхис қўйиш билан бирга, бошқа бир касал билан адаштириб бошқа шифохонага йўлланма беришади,

Ҳумоюнга қилинган осма укол кетмай қолгач, уни РШТЁИМ Сурхондарё филиалига олиб боришади. Шифохонада ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилиб, гемодиализ қилиш тавсия қилинади. Бироқ Ф4 флаконли фильтр топилмайди ва шу боис касалхонада 1 кун қолиб кетишади. Оқибатда Ҳумоюннинг аҳволи ёмонлашади.

21 декабрда у Тошкентдаги РШТЁИМга олиб келинади. Бу орада пешоб ажратмай қўйган болакайга гемодиализ қилинади. Икки кун ўтгач эса уни «Болалар миллий тиббиёт маркази»нинг Реанимация бўлимига ўтказишади.

Касаллик билан 5 ой курашган Ҳумоюн 2023 йил 25 апрель куни вафот этади.

Ясмина Шерқулова, 8 ёш 1 ой 30 кун

Ясмина Шерқулова 2015 йил 19 февраль куни Тошкент вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

1 синф ўқувчиси бўлган Ясмина тахминан 12−13 декабрда томоғи ачишиб оғриётганидан шикоят қилади. Онаси Саодат Файзуллаева уйининг олдидаги дорихоначининг тавсияси билан «Док 1 Макс» сиропини сотиб олиб, қизига йўриқномага кўра — тушлик пайтида 2,5 миллилитрдан ичиради. Кечга бориб қайт қила бошлаган Ясмина дорини 2 кун 2 маҳалдан қабул қилади, шу иккинчи куни туз тотмайди.

Қайт қилиши тўхтайвермагач, поликлиникага олиб чиқилган Ясмина дастлаб кўп тармоқли шифохонага юборилади. Кўп тармоқли шифохонадагилар эса юқумли касалликлар шифохонасига юборади, аммо шифохонадагиларнинг ҳеч бири қизнинг аҳволи нима сабабдан оғирлашганини билмайди.

Онаси Саодат Файзуллаеванинг маълум қилишича, кечаси шифохонага қайта олиб борганида Ясминага қарашмаган — шифокорлар қизида вирус кечаётганини айтиб, уни кушеткага ётқизиб қўйган. Эрталаб қизига қарашини сўраганидан кейингина реанимацияга олиб киришади.

2022 йил 17 декабрда Тошкент шаҳридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилганида унинг буйраги ишламаётгани, пешоб чиқармаётгани аниқланиб, гемодиализ қилинади.

3−4 кун ўтиб комага тушган қизалоқ, 1 ойдан кейин кома ҳолатидан чиқади. Яна 10 кун ўтгач қайта комага тушадию бу сафар ундан қайтиб чиқмайди — Ясмина 2023 йил 18 апрель куни ҳаётдан кўз юмган.

Абубакр Муҳаммаджонов, 5 ёш 9 ой 27 кун

док-1 макс, док-1 макс иши

Абубакр Муҳаммаджонов 2017 йил 26 июль куни Наманган вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукми асосида баён қилинади.

Абубакр 2022 йилнинг декабрида шамоллаб қолади. Шу сабабли онаси 20 декабрда уни оилавий поликлиникага олиб боради. Болалар шифокори унга «Амбронол» сиропи ва яна 2−3 хил дори ёзиб беради. Сотиб олинган дориларни болакай 3 маҳал 5 млдан қабул қилади.

Дориларни ичгач, пешоб ажратмай қўяди, қайт қилишни бошлайди. Шифокор йўлланмаси билан юқумли касалликлар касалхонасига олиб борилади. Боланинг ўпкасида шамоллаш борлигини айтган дўхтирлар уни вилоят болалар шифохонасига юборади. Абубакр болалар шифохонасида пайти енгил кома ҳолатига тушади.

Шундан кейин уни РШТЁИМ Наманган филиалига ётқизишади. У ерда «ўткир буйрак етишмовчилиги» ташхиси қўйилади. 4−5 кун реанимация бўлимида гемодиализ қилинади. Боланинг аҳволи яхшиланмагач, шифокорлар уни Тошкентга олиб боришни тавсия қилади.

Отаси Иброҳимжон Сатторовнинг сўзларига кўра, Тошкентга кетишаётганида ўғли яна енгил кома ҳолатига тушади. У 2023 йил 5 январь куни Тошкент Болалар миллий тиббиёт марказига ётқизилади. У ерда диализ муолажаларини олади.

Аммо муолажалар натижа бермайди — Абубакр 2023 йил 23 май куни вафот этади.

Ушбу материал устида Зиёда Рамазонова, Гулираъно Мусаева, Миролим Исажонов, Муҳрим Аъзамхўжаев, Шаҳзод Ҳабибуллаев ишлади. «Газета.uz»нинг «Док-1 Макс» ишига доир материаллари устида, шунингдек, Шоҳруҳ Ҳайдаров, Элшод Салимов, Мадина Аъзам, Маъмуржон Обраҳматов ҳам меҳнат қилган.