26 декабрь куни 100 нафар фаластинлик Тошкентга эвакуация қилинди. Таъкидланишича, ушбу амалиёт, президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан, Миср ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида амалга оширилган. «Газета.uz» Чирчиқдаги «Бўстон» дам олиш масканига жойлаштирилган бир гуруҳ фаластинликлар билан суҳбатлашди.

Соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Даврон Султановнинг «Газета.uz» мухбирига маълум қилишича, 23 декабрь куни Мисрдаги фаластинлик беморларни саралаш ҳамда уларни Ўзбекистонга олиб келиш учун 7 нафар шифокор мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи Қоҳира шаҳрига борган.

«Ишчи гуруҳи ҳамда элчихона вакиллари билан биргаликда Қоҳира шаҳридаги 21 та шифохонага жойлаштирилган фаластинлик беморлар орасидан соғломлаштиришга муҳтож бўлган 34 нафари ва уларнинг 66 нафар ҳамроҳлари, жами 100 нафар киши саралаб олинди», — дейди ССВ раҳбари ўринбосари.

Даврон Султанов, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи. Кадр: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»Даврон Султанов, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи. Кадр: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»

Шундан,

  • 3 ёшгача бўлганлар — 8 нафар,
  • 4−6 ёшдагилар — 11 нафар,
  • 7−18 ёшдагилар — 26 нафар,
  • 19−40 ёшдагилар — 31 нафар ва
  • 40 ёшдан катталар — 25 нафарни ташкил этади.

34 нафар беморнинг уч нафари ётоқ ҳолатида, икки нафари ўрта оғир аҳволда, саккиз нафарининг ҳаракати чекланган, қолган 22 кишининг аҳволи ўрта даражада.

Даврон Султановнинг қайд этишича, эвакуация қилинган фаластинликларнинг барчаси «Бўстон» дам олиш масканига жойлаштирилган. Уларни бирламчи тиббик кўрикдан ўтказиш учун 26 нафар малакали шифокор жалб этилган.

«Беморлар касаллик диагнози ва аҳволига кўра, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига даволаш учун йўналтирилади. Ҳамроҳлари учун эса „Бўстон“ сиҳатгоҳида реабилитация тадбирлари ташкил этилади», — дея қўшимча қилди у.

«Газета.uz» мухбирлари эвакуация қилинган фаластинликлар билан суҳбатлашди. Улар 2023 йил 7 октябрдан кейинги ҳаётлари, қандай қийинчиликларни бошдан кечирганликлари, уларга қандай ёрдам кераклиги ҳақида гапирди, шунингдек, кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди.

Рафиқ Доғмуш, 16 ёш

Кадр: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»Кадр: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»

Уйларни ҳеч бир огоҳлантиришларсиз бомбардимон қилишди, снайперлар болаларни нишонга олди. Масалан, амакимнинг ўғли снайпер сабаб ҳалок бўлди. У тўп ўйнаётган эди, снайперлар эса уни нишонга олиб, отиб ўлдирди. У ерда ҳар лаҳзада ҳалок бўлишингиз мумкин, ҳаётингиз кафолатланмаган.

Мен, опа-сингилларим ва онам уйда тонгги соат 6:30 да ухлаб ётгандик. Кўзимни очганимда ўзимни шифохонада кўрдим. Опа-сингилларим бўлакларга бўлиниб кетган, онамнинг боши йўқ — барчалари ҳалок бўлганди…

Фақат мен ва синглим тирик қолдик, синглим ҳозир Ғазода, чодирда яшаяпти. Очарчилик, озиқ-овқат етишмовчилиги бор. Мени Ғазодан Мисрга олиб чиқишганида вазним 20 кило эди. Бошимни кўтара олмасдим, бирор одам бошимни ушлаб туришига эҳтиёж сезардим. Шифокорлар етишмагани учун мана бу оёғимни уч марта кесишди. Аввал мана бу еридан, кейин бу еридан, охири бу еридан.

Мен Мисрга олиб боришганида ўлим ёқасида эдим. Аҳволимни кўрган мисрликлар ҳеч қандай ёрдам бера олмасликларини айтишди. Апрелдан бери Мисрдаман. Озиқ-овқат билан таъминлаб, танамдаги жароҳатларнинг боғичларини янгилаб туришди. Менда муаммо жуда кўп: оёғимни мана бу жойидан бошлаб умуман сезмайман, ҳаракатлантира олмайман ҳам. Бу борада Мисрдаги шифокорлар ҳеч қандай ёрдам бера олмади. Иккита шифохонага бордим, лекин ёрдам бера олишмади.

Дунёга айтар сўзим шу: нима қилиб бўлса-да, Ғазода қолган болаларни қутқаринг! Оиласи, ота-онаси, ака-укаларини йўқотган болаларни қутқаринг. Энг камида яраланган, жароҳатланганларни ташлаб қўйманг. Мен ўзим Ғазода бўлган вақтим ўлим ёқасида эдим. Аллоҳ қутқариб қолди ва омон чиқдим.

Бизни Ўзбекистонга олиб боришлари ҳақидаги хабарни эшитганимда хурсанд бўлдим ва бу мамлакат ҳақида маълумот қидириб кўрдим. Маълумотлардан бу яхши ўлка эканини билгач, янада хурсанд бўлдим. Самолётга чиққанимизда бизга бўлган муносабат, чиройли хулқни кўриб, тўла хотиржам бўлдим. Бундай катта ёрдам учун сизларга кўп раҳмат айтаман!

Бугуннинг ўзида олдимга уч шифокор келди. Улар жуда ҳурматли кишилар эди. Қандай тушунтирсам экан — улар менга гапиришга имкон бериб, сўзларимни охиригача тинглаб, сўнг мени текширишга киришди. Бу, Ғазо ва Мисрдаги шифокорлар билан таққосласам, мен кўрган энг яхши докторлар эди.

Муҳаннад Абу Олба, 26 ёш

Кадр: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»Кадр: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»

Уруш бошлангач, дастлаб шимолий минтақаларни бўшатиш ҳақида буйруқ келди. Шимолдагилар жанубга кўчди. Чунки жанубий минтақалар хавфсиз ҳисобланарди. Аммо, шимолни ташлаб, жанубга кўчганимиздан сўнг у ерни ҳам бомбардимон қила бошлашди. Биз тахминан етти марта у уйдан бу уйга кўчдик. Ғазодаги аҳолининг кўпчилиги 5−10 марталаб кўчишга мажбур бўлган — аввал у уйдан бу уйга, кейин чодирларга, сўнг шифохоналарга… Кўпчилик шифохоналарда яшаётганди.

Мисол учун, Маъмаданий шифохонасини олайлик — Исроил армиясининг ракета ҳужуми сабаб 350 киши қурбон бўлди. Бир куннинг ўзида, бир зарбада… Бу биргина Маъмаданий шифохонасига отилган ракета оқибати. Шифохоналар хавфсиз ҳудуд ҳисоблангани, халқаро ташкилотлар томонидан шундай эътироф этилгани учун ҳам одамлар у ерга қочиб бораётганди. Аммо Исроил армияси бу шифохонами, ўт ўчириш бўлимими, тез ёрдам марказими — бунга умуман қизиқмади, дуч келган жойга бомба, ракета отаверди.

Биз жанубга қараб кетдик. Жанубда ҳам танклар, артиллерия, самолётлардан бомбардимон қилиш ҳолатлари бўлди. Бу бомбардимонлар ҳеч бир огоҳлантиришларсиз қилинди. Одамларни бешафқат бомбардимон қилишди.

Фото: Шоҳрух Ҳайдаров / «Газета.uz»Фото: Шоҳрух Ҳайдаров / «Газета.uz»

Улар бомбардимон қилинаётганлар оддий одамлар — тинч аҳоли эканига ҳам қараб ўтиришмади. Бутун бошли уйларни бомбардимон қилишди. Бир уйда тахминан 40−50 киши бўлса, уларнинг бари бир зарбада ўлдириларди. Менинг ўнлаб қариндошларим 20 январда битта ракета зарбаси оқибатида бирга ҳалок бўлди. Мен ва укам Яҳё яраландик. Яҳё чап кўзидан яраланди. Снаряд парчалари чап кўзига теккан ва кўриш қобилиятини йўқ қилган. Яҳё ҳозир фақат бир кўзи билан кўради. Иккинчи кўзи кўрмайди.

Фаластин халқи ва Ғазо аҳолисига меҳр-шафқат билан муносабатда бўлишларини сўраб қолардим. Улар ҳар куни геноцидга дуч келяпти. Ҳар куни бошпаналари бомбардимон қилиняпти. Ҳар куни чодирлари бомбардимон қилиняпти. Ваҳоланки, бу чодирларнинг ўзида яшаш, емоқ, ичмоқ учун етарли шароитнинг ўзи йўқ. Боз устига совуқ. Биз чодирларга қишда, жуда совуқ, шамол эсиб турган вақтда кўчган эдик.

Халқаро ташкилотлардан бизга раҳм-шафқат кўрсатишлари ва бу геноцидни тўхтатишларини сўраб қоламан.

Фото: Шоҳрух Ҳайдаров / «Газета.uz»Фото: Шоҳрух Ҳайдаров / «Газета.uz»

Биз тинчлик ва хавфсизликни тахминан 2000-йилларда, Ғазо секторини мустамлака, умуман, Фаластинни оккупация қилишганидан сўнг йўқотганмиз. Бизда ҳар йили уруш бўларди: 2008 йили уруш, 2012 йили уруш, 2016 йили уруш, 2017 йили яна уруш… Яъни, тақрибан ҳар йили ёки ҳар икки йилда бир Ғазода уруш эди. Биз тинчлик нималигини унутиб ҳам қўйганмиз. Умид қиламизки, бу тинчлик қайтади, иншааллоҳ.

Ўзбекистон ҳақида аввал ҳам эшитгандим, аммо бу мамлакат бизга, Ғазо секторидагиларга ёрдам қўлини чўзиши мумкинлигини ҳеч тасаввур қилмагандим. Ўзбекистон Ғазодагиларни кутиб олди, уларни турар жой, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлади ва эътибор қаратди, соғлиқни сақлаш томонидан ҳам эътибор кўрсатди ва елкадош бўлди. Ўзбекистонга кўп раҳмат.

Мира Зено, 11 ёш

Кадр: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»Кадр: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»

Ғазо бу — сабот ва иззат ери. Биз ҳам 5 ой урушнинг гувоҳи бўлдик. Бомбардимонларни, кўз олдимизда ўликлар ва жароҳатланганларни, ҳарбий самолётларни кўрдик. Аллоҳдан у ерда қолган отамни ўз ҳимоясида сақлашни сўрайман.

Ҳозирча онлайн ўқияпман. Урушдан олдин ҳам мактабда ўқиганман. Уруш пайти ҳамма мактаблар бомбардимон қилиб ташланди — мактаб қолмади. Уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлганлар ҳам мактабларда яшашига тўғри келди. Китоблар ва ўқув қуроллари йўқ эди.

Мактабим, боғларни, ҳамма нарсани соғиняпман. Одамлар ўлиб кетяпти ва уларни ҳимоя қиладиган ҳеч ким йўқ. Мен опам тузалиб кетишини, отам ва биз тинчликда яшашимизга умид қиламан. Тўғрисини айтаман, Ўзбекистон бирор кам-кўст қилмади. Опамнинг муоалажасини амалга оширди, бизга ғамхўрликни ҳам ўз бўйнига олди. Мактабларга киришимизга ҳам ёрдам берди. Ўзбекистонга раҳмат.

Келажакда, иншааллоҳ, шифокор бўлишни хоҳлайман. Чунки, ёшлигимдан тиш шифокорлгини яхши кўраман.

Ғазал Зено, 12 ёш

Кадр: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»Кадр: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»

Бизга нисбатан уруш жуда бешафқат бўлди. Ўзбекистонга раҳмат айтмоқчиман, чунки у биз ҳақимизда қайғурди, урушдан чиқиб кетишимиз ҳақида қайғурди. Тўғриси, биз у ерда жуда оғир аҳволда эдик. Бошимиз узра бомбардимон бўларди. Аллоҳга шукр, у ердан эсон-омон қутулиб чиқдик. Кўпчилик ҳалок бўлди. Биз сабр қилишимиз керак. Ғазо — сабот еридир! Роббимиз бизга ёрдам беради ва яқин орада ғалаба қозонамиз.

Мен ҳозир уруш сабаб онлайн ўқияпман. Мактаблар бомбардимон бўлиб кетган, Ғазода мактаблар қолмаган. Мен бу ерга фақат онам ва опаларим билан келдим. Отам ва қолган қариндошларим ўша ерда. Отам тирик. Аллоҳ у кишини ўз ҳифзида асрасин.

Ғазода ҳеч қандай тинчлик, омонлик йўқ. Бизни, Худога шукр, шу ерга олиб келишди. Бу ерда тинчлик ва хавфсизлик бор. Биз ватанимизда уруш бўлаётгани учун шу ердамиз…

Мажда Абуатайя, 36 ёш

Кадр: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»Кадр: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»

Биз бир мактаб биносида яшаётган эдик. Унинг ёнида масжид бор эди. Масжид портлатилди ва биз жароҳатландик. Нима бўлаётганини тушунмай қолдик ва у ердан чиқдик. Уруш бошланганида биз Ғазода машинада кетаётган эдик. Бизга хабарномалар тарқатишди ва Нусайрот деган ерга кетдик. Икки кундан сўнг уйга қайтиб, болаларимнинг кийимларини олмоқчи бўлдим, чунки уларнинг кийими йўқ эди. Бироқ уйим қулаб, вайрон бўлиб ётганини кўрдим. Исроил армияси биз яшаётган уйни портлатганди.

Биз яшаётган мактабни ҳам бомбардимон қилишди. Биз жароҳат олдик .Ўғлим ҳам бошидан жароҳат олди. Унинг бошига катта тош тушиб кетди. Биз очликда, жуда қаттиқ қийинчиликда яшадик. Сув йўқ, болалар овқат йўқлигидан қоринларини боғлаб олишганди. Жуда қийналдик. Икки-уч кун ейишга ҳеч нарса тополмай қолиб кетдик. Аҳвол шу даражага етдики, дарахт баргларини ейишга ҳам мажбур бўлдик. Ҳаётимдаги ҳамма нарса кетди: уйимиз йўқ бўлди, турмуш ўртоғим, қариндошларимнинг кўпчилиги ҳалок бўлди.

Кейин Рафаҳ деган жойга кўчдик. Қизим чодирда ўйнаб юрганди, бирдан яна портлаш бўлди. Кейин, қарасам… Мен бошқа бир жойда ярадорларга ёрдам бераётган эдим. Кейин, ўзимиз яшайдиган жойга қайтиб бордим. Қизимга бомба парчалари тегиб, оёғи узилиб кетгади. Худди шу вақтнинг ўзида уни машина ҳам уриб юборган.

Қизимнинг Ғазода 17 марта операция қилишди. Оёқларини кесишди. Қизимни Мисрга кўчиришлари учун жуда кўп ҳаракат қилдим. Мисрда яна 5 марта операция бўлди. Уруш бошимизга жуда кўп балолар солди: болаларимизни ўйиндан маҳрум этди, бошқа болалардек яшашдан маҳрум этди. Болаларимиз кўз олдимизда оч қолаётганини кўра туриб, ҳеч нарса қилолмай қолдик.

Сув масаласида… онт ичиб айтаманки, чанқаган ҳолимизда ухлаб қолардик. Совуқни-ку қўяверинг. Кўчадаги чодирда яшар эдик. Чодиримизга ёмғир сувлари кириб кетарди.

Телевизорда кўрсатилгани билан асл воқелик ичида яшаш — бошқа-бошқа нарса. Туни билан совуқдан қалтираб чиқардик. Нима қилишни билмасдик. Оиламда совуқдан ўлган болалар бор. Биз бошдан кечирган қийинчиликлар айтиб, тасвирлаб бўлмайдиган даражада. Очарчилик дейсизми, қийинчилик, азоб, оғриқ, ҳамма-ҳаммаси бор.

Бир вақт, ўтирган эдик, шундай кучли портлаш бўлдики, лаҳза ўтмай болаларимнинг бўлаклари ерларда сочилиб ётганини кўрдим.

Ҳамма амакиларим кўз олдимда ҳалок бўлди. Ақлга сиғмас ҳодисаларни кўрдим. Тунлари қўрқувдан ухлаёлмасдик, бомба тушишидан қўрқиб, ухламай чиқардик. Болаларимнинг барини ёнимга олиб, ҳаммалари бир-бирларини ушлаб, шаҳодат қайтариб ётишларини айтардим ва бирга ўлишни ўйлардим.

Болаларимизни таълимдан маҳрум қилишди. Мен ўзим уларни ўқитардим. Мисрга келиб, болалар ўйнаб юрганини кўрганимда, уларга қараб йиғлашни бошладим. Ғазода қолган болаларим учун йиғлардим. Уларни ҳамма ҳуқуқларини тортиб олишди. Болаларим тунлари йиғлаб чиқарди…

Қизим уйғониб, дадамга бораман, дерди. Дадам қани, бобом қани, дерди. Билмайман… Ҳаммалари ҳалок бўлди. Ҳеч ким қолмади. Биз, мана чиқиб, Ўзбекистонга келдик, Мисрга бордик, у ерга борардик, бу ерга борардик, қаерга боришни билмасдик. Юртимизни йўқотдик, оиламизни йўқотдик, уйимизни йўқотдик.

Аллоҳга ҳамд бўлсин, гўзал эваз бериб, бизга мард одамларни ёрдам берадиган қилиб қўйсин.

Мен Ўзбекистонга келганимда, очиғи, қўрқаётган эдим. Бўлди, бу ҳаётимдаги сўнгги қарор, деб ўйладим. Мен олти болам билан йўлга чиққандим, елкамда уларнинг масъулияти бор. Аэропортга келганимда делегациянинг кутиб олишларини кўриб, уларнинг эҳтиромини кўриб, болаларимизга бўлган муносабатларини кўриб — улар болаларимиз билан ўйнашаётганди — Аллоҳга қасамки, енгил тортдим. Болаларимга, қаранг, улар яхши одамлар экан, дедим.

Бизга тайёрлаб қўйишган жойларини кўрдим, ейиш ва ичиш шароитларини кўрдим — муҳаббатим янада ортди. Охиригача мана шундай чиройли қолишини тилайман, доимо ёнимизда туриб беришларини сўраб қоламан. Фарзандларимизга таълим олишга шароит қилиб берсалар, уларни бу оғир вазиятлардан чиқарсалар, деб ният қиламан.

Кадр: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»Кадр: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»

Ўзим ҳозир тушкунликдаман. Мен Мисрга илк келган вақтим урушда кўрган-кечирганларим оқибатида ҳар куни йиқилардим, ҳар куни зиналарда ҳушимдан кетардим. Биз жуда кўп қийналдик. Фаластинликларни кўрсангиз, уларнинг кўзлари остида қоралик бор, бу чарчоқдан. Бундай қораликни бошқа ҳеч кимда кўрмайсиз. Бошқа давлатларга борсак, ҳамма кўзингизнинг таги нега қора деб сўрайди. Кўп ўйлаганимиздан, кам ухлаганимимиздан, оғриқдан, деб жавоб берардик.

Биз шундай аҳволга тушдикки, ҳолимизни ёлғиз Аллоҳнинг ўзи билади. Мен бир аёл сифатида ҳуқуқларим қайта тикланишини истайман. Болаларимнинг ҳуқуқлари қайта тикланишини хоҳлайман. Нега бизнинг болаларимиз бошқа болалардек яшай олмайди?

Мен сизлардан бу ерда бизни ўзингизнинг одамлардек қабул қилишингизни, бизга эътибор кўрсатишингизни истардим. Шу билан бирга биздан бошқа руҳий, жисмонан азоб чеккан кишилар бор. Уларни ҳам Ўзбекистонга олиб келиб, меҳмон қилишларига умид билдираман.

Фарзандларимизга таълим олишга шароит яратиб берсалар, дейман. Бу бир ажрга эга бўлиш учун катта фурсат, ишонинг Ғазо болаларига қилинган ҳар бир ёрдам сизлар учун катта ажр. Чунки, улар Ғазода худди тирик мурдадек, шундай яшашяпти. Уйимдагилар мен билан боғланишганда, ўлимни кутяпмиз, дейишяпти. Улар ўлимни орзу қилишяпти. Очликда яшашяпти. Қасам ичиб айтишим мумкин, улар ҳафталаб, ойлаб туз тотмай яшашяпти. Шунчаки нон ейишни орзу қилишяпти. Жуда кўп муҳтожликлари бор. Биз уларни ҳис қила оламиз, чунки шундай ҳаётни яшаб ўтдик.

Болаларимиз таълим олишга, руҳий қўлловга муҳтож. Бомбардимонлар асорати сабаб улар тунда уйғониб кетадиган бўлиб қолган, ухлай олишмаяпти. Руҳий қўллов, болаларга кўнгилочар бирор машғулотлар, агар бу ерда қолишимизга имкон бўлса, тил ўрганишлари лозим, мактабларга боришлари керак… Мен учун энг муҳим нарса: таълим.

Менинг овози жуда чиройли қизим бор. Унда туғма қобилият бор. Унинг ўз юртимга аталган мадҳиялар, қўшиқлар айтсам, бир санъаткор бўлсам, деган орзуси бор эди. Унинг овозидан фойдаланиш керак. У мактабида энг фаол ўқувчилардан эди. Университетда ўқиб, диплом олса, гўзал қўшиқлар айтишни хобби қилмоқчи эди. Ҳатто, корейсча куйлаб юради. У бизнинг дардимизни қўшиқлар орқали етказмоқчи эди. Бироқ унинг бу қобилияти очилмай қоляпти. Нима қилишни ҳам билмайман.

Бир қўним топадиган уйимиз, болаларимиз учун сарфлашга оз-моз пул бўлса эди. Болаларимиз муҳтож. Албатта, кўп нарсага муҳтож эмасмиз. Муҳими: тинчлик ва одамлар биз ҳақимизда билиши, ҳолимиздан қайғуриб, ўз бағрига олиши. Эътибор қаратиши. Энг муҳими шу.

Албатта, бизни кутиб олгани учун Ўзбекистон давлатига раҳмат айтамиз. Бизга чиройли муомала кўрсатишди. Барча эҳтиёжларимизни қондиришди, гўзал кутиб олишди. Буни ҳеч қачон унутмаймиз. Уларга раҳмат айтамиз, барча хайрли тилакларни билдирамиз.

Аллоҳга қасамки, биз сизларнинг кутиб олишларингиздан жуда хурсандмиз, бундай чиройли кутиб олишингизни ҳатто тахмин ҳам қилмагандик. Раҳмат. Ўзбекистон президентига раҳмат айтамиз. Аллоҳ ишларига барака берсин, ўзбек халқига барака берсин. Доимо ўйлаганимиздек қолишингиз, сизлар ҳам биз ҳақимизда чиройли ўй-фикрда қолишингиз насиб қилсин.

Бизнинг муаммомиз — Фаластин масаласида ўзаро ҳамкорликда қолишни насиб қилсин. Сизларга барака берсин, раҳмат.

Нажла Бураий, 39 ёш

Кадр: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»Кадр: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»

Ғазо секторининг шимолида истиқомат қилардим. Биз уйларимизда хавфдан холи яшаётгандик, тўсатдан уруш бошланиб кетди. Бу уруш юртимиз, оиламиз ва ёшларимиз аёвсиз қийнаган, лаънатланган бир уруш бўлди.

Биз шимолда тахминан 37 кун бўлдик. Ўша пайтда уйим вайрон бўлиб, у ердаги барча ҳалок бўлди. Исроил оккупациясининг қуролли таҳдиди сабаб яшаш жойларимизни ташлаб, марказроқ минтақалар томон чиқиб кетдик. Мен Дайр ал-Балаҳ деган минтақага бордим. Дайр ал-Балаҳда бир ярим ой қолдим.

Кейин, Дайр ал-Балаҳ жанубидаги Матоҳин деган жойга қуролли ҳужум бўлди. Бизга бу ерларни ташлаб, жанубга чиқиб кетиш ҳақида хабарномалар тарқатилди. Кўкрак саратони сабаб саломатлигим жоида эмасди. Жанубга кўчганимизда қаттиқ касал бўлиб қолдим. Чодирда қолиб кетдим. Кўчиш, озиқ-овқат, ичимлик етишмовчилиги. Ёш болалар эса уларга ғамхўрлик қиладиганларга муҳтож эди.

Шифохонага хорижда даволаниш учун тиббий маълумотнома олишга бордим. Тиббий маълумотнома олдим ва исмимни рўйхатга киритишди. Аллоҳнинг фазли билан 1-рамазонда Мисрга чиқиб кетдим. Искандарийядаги Қоббарий шифохонасига бордим. У ерда 7 ой қолдим, бироқ ҳеч бир даво тополмадим. Ундан кейин Халқаро Мансура шифохонасига ўтказилдим. Менга керак бўладиган амалиётлар қилинди. Тўлиқ муолажа олдим.

Ўзбекистон раҳбари, президент Шавкат [Мирзиёев] жанобларига ушбу ташаббуслари учун кўп раҳмат айтаман. Чунки у киши бизни қийинчликдан хурсандчиликка олиб чиқди. Мен руҳан жуда тушкун ҳолатда эдим. Бизга нисбатан ўй-хаёлларингиз, фикрларингиз қандай чиройли бўлса, ҳақиқатда ҳам шундайлигича қолишини истаймиз. Бу урушлар, кетма-кет даволанишлар, муолажалардан кейин кўплаб фаластинликларнинг руҳий ҳолатлари яхши эмас.

Насиб қилса, бу янги бир ҳаётнинг боши бўлсин. Шу ерда сизларнинг қўлларингизда, Аллоҳнинг қудрати ва изни билан шифо топишимиз насиб бўлсин.

Аллоҳ яхши ишларингизга яна ҳам кўпайтирсин, фаластинликларнинг юзларига табассум югиришига сабабчи қилсин. Чунки улар руҳан жуда эзилган. Ғазода ҳамма — болалар, аёллар, қариялар бу уруш, бу қатлиомлардан умидсизланган. Бу уруш ҳаммамиз учун қатлиом бўлди.

Мен Ўзбекистон делегациясини кўрганимда хотиржам бўлдим. Очиғи, улардан энг яхши муомалани кўрдим. Ҳар бирлари — самолётдаги ходимлари ҳам, шифокорлар ҳам — ҳаммалари бизни қучоқ очиб, самимият билан кутиб олишди. Сизлар бизни тиббий жиҳатдан эмас, аввало инсоний жиҳатдан гўзал кутиб олдингиз.

Фаластинлик аёлларнинг ҳам бошқа аёллар сингари яшашга ҳақи бор. Бутун дунё аёллари яшаяпти, фақат биз… Бу Аллоҳнинг қазои қадари. Биз Аллоҳга шукр айтамиз. Фаластинлик аёл курашчи ва қурбон берувчидир! Онам ҳалок бўлди, эрим ҳалок бўлди, қизим асир тушган… Фаластинлик аёл ҳамма «ҳа» деганида «йўқ» дея олган аёлдир. У қурбон берувчи, сабр қилиб, ажр кутувчи аёлдир. Жасоратли халқнинг қизи. Бу — мағлуб бўлмайдиган халқ. Ғалаба, Аллоҳнинг изни билан, бизга келажак.

Фаластинликлар эга бўлган нарсасини қурбон қилган халқдир. Бизнинг бу кўйга тушишимизга сабабчи ҳаммага Аллоҳ ўзи кўрсатсин. Бизнинг ҳам бошқа халқлар сингари тинч яшашга ҳақимиз бор эди. Болаларимизни ўлдиришди. Уларни ўйиндан, еб-ичмоқдан, таълимдан, энг бирламчи ҳуқуқлардан маҳрум қилишди.

Миролим Исажонов ва Шоҳруҳ Ҳайдаров суҳбатлашди, Аброр Ҳасан ўғли ўзбек тилига ўгирди. Фотосуратлар муаллифи — Шоҳруҳ Ҳайдаров, видео ва монтаж устаси — Шаҳзод Ҳабибуллаев.