Buka Gym компанияси «Газетa.uz»га ўзининг спорт залида машҳур боксчи Шаҳрам Ғиёсовнинг айиқ билан жанг қилаётгани акс этган видеолавҳа юзасидан расмий изоҳ берди. Шаҳрам Ғиёсов компаниянинг амбассадори ҳисобланади.

«Биз залларимиздаги ҳар қандай ҳайвонлар билан бундай тадбирларни қўллаб-қувватламаймиз ва маъқулламаймиз. Биз буни клубимиз қоидаларига зид деб ҳисоблаймиз. Бу бизнинг лойиҳамиз, бизнинг медиаматериалларимиз эмас эди ва ҳеч бир ходимимиз бу жараёнда иштирок этмаган», — дея маълум қилди компания.

Buka Gym видеода компания залининг акс этганини тушунтирди: «Биз Ўзбекистоннинг деярли барча таниқли ва ҳаваскор спортчилари билан ишлаймиз. Спортчилар ва мижозларимиз кўпинча бизнинг залларимизни чемпионлар уйи деб аташади ва ўзларини ўз уйидагидек ҳис қилишади. Чунки биз уларга ҳар қандай эҳтиёж учун ўз хоналаримизни беришга доим тайёрмиз. Бу машғулотлар, мусобақалар, қандайдир спарринглар ёки турли хил интервьюлар, реклама роликлари, мухлислар ва блогерлар билан учрашувлар бўлиши мумкин».

«Ҳа, бу ҳолатда биз сиз аллақачон кўрган нарсани олдиндан кўра олмадик ва олдини ололмадик. Видео иштирокчиларининг ўзлари қандай хатога йўл қўйганини тушуниб етди. Бренднинг барча амбассадорлари билан суҳбатлар ўтказилди ва уларга залда бўлишнинг барча қоидалари ва тамойиллари тушунтирилди. Ҳам ахлоқий, ҳам техник жиҳатдан. Зал ходимлари ҳам огоҳлантирилган ва бундан буён бундай хатоларга йўл қўймайди», — дея ишонтирди компания.

«Биз ушбу видео ортидан ҳайратга тушган барча ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан узр сўраймиз. Биз ҳайвонларни яхши кўрамиз ва доимо уларни ҳимоя қиламиз», — дея таъкидлади Buka Gym.

Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳам баёнот эълон қилди.

Вазирлик ҳолатни ўрганмоқда, текширув натижалари бўйича батафсил маълумот берилади ва ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний тартибда чора кўрилади, дейилади баёнотда.

2025 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан ёввойи ҳайвонларни, шу жумладан, айиқларнинг барча турларини (шу жумладан, давлат ва кўчма циркларда (шапито)) тутқунликда ёки сунъий яратилган яшаш муҳитида сақлаш тақиқланади.

«Экология вазирлиги ҳайвонларга нисбатан ҳар қандай шафқациз муносабатни қоралайди ва бу каби ҳолатлар қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлишини яна бир бор эслатиб ўтади!» — дейилади вазирлик хабарида.