Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.

Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.

Ўзбекистонда 30−31 декабрь кунлари об-ҳаво муҳити Каспий денгизи орқали кириб келаётган жанубий циклон таъсирида, тунги ва кундузги ҳароратларнинг бир-бирига яқин бўлиши кузатилади. Ушбу нам оқим кўплаб ҳудудларга ҳаво ҳарорати ноль даражадан юқори бўлган бир пайтда кириб келаётгани боис жойларга асосан ёмғир улашади. Шунингдек, жума куни жанубдан Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах каби вилоятлар ва у ердаги тоғларга қор улашувчи навбатдаги нам ҳаво оқими ҳам кириб келиши кутиляпти.

Манба: NASAМанба: NASA

Шундай қилиб, ҳафта боши ва охирида об-ҳавони жанубдан кириб келувчи иккита нам ҳаво оқими белгилайди. Ҳафта ўртасида жанубдан фаолроқ илиқ ҳаво оқимлари кириб келиб, минтақада ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг олдини олади. Шимолдан бошқа ҳудудларда тунги минимал ҳарорат -3 даража совуққача пасаяди. Аммо ҳароратнинг кундузи ҳам паст бўлиши ҳафталик ҳарорат режимини паст бўлишига олиб келади.

Манба: Meteoinfo.ruМанба: Meteoinfo.ru

Сешанба-жума кунлари юқори босимли совуқроқ ҳаво оқими таъсирида жойлардаги ҳарорат пасайишини аҳоли ўз танида ҳам ҳис қилади. Кундузи қуёшли очиқ ҳаво кузатилса-да, унинг тафтини ҳис қилиш пастлигича қолади. Ҳафта охирларига бориб, минтақага жанубдан нам ҳаво оқимининг кириб келиши ҳудудларда ҳароратнинг яна аста-секин юқори кўтарилишига олиб келади.

Ҳафта бошида нам ҳаво оқими ҳудудларда ҳароратнинг +12 даража, жанубий вилоятларда +15 даражагача кўтарилишини таъминлайди. Ушбу илиқлиликка ўхшаш об-ҳаво муҳити дам олиш кунлари минтақага яна қайтади.

Чоршанба-жума кунлари антициклон чеккаси таъсирида текисликларда тонг отиши ва Қуёш ботишидан сўнг туман ҳодисалари кузатилиши мумкин. Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти аҳолиси жума куни навбатдаги қор бўронига гувоҳи бўлиши эҳтимоли юқори.

«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 30 декабрь куни шимолий ҳудудлардан ташқари бошқа жойларда илиқ-нам ҳарорат кузатилади. Ҳаво ҳарорати республика бўйлаб кундуз куни +7…+12 даража илиққача, жанубий вилоятларда +15 даражагача етади. Шимол ва тоғларда эса +0…+5 даража илиқни ташкил этади. Тунда республиканинг катта қисмида ҳарорат ноль даража атрофида бўлса, тоғ ва водийда -5 даража совуққача пасаяди.

Жойларда туман кузатилиши мумкин, водий вилоятларидан ташқари бошқа ҳудудларда ёғингарчилик кутилади. Ёғинлар шимолий ҳудудларда, Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳамда тоғларда қор кўринишида бўлиш эҳтимоли бор. Умуман, келаётган нам ҳаво оқимлари душанба куни кўп жойларга ёмғир улашади. Водий вилоятларидан ташқари бошқа жойларда шамол тезлиги сониясига 18 метргача кучайиши кутилмоқда.

Синоптиклар 31 декабрь ва 1−2 январь кунлари Ўзбекистоннинг аксарият қисмида ёғингарчиликсиз қуруқ об-ҳаво бўлишини прогноз қилган. Сешанба куни Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятида тонгги муддатларда бироз ёмғир, сешанба-чоршанба кунлари эса баланд тоғларда қор ёғиши мумкин.

Кундузи ҳаво ҳарорати аста-секин пасайиб боради. Сешанба куни бироз илиқроқ, чоршанба-пайшанба кунлари эса совуқроқ бўлади. 1−2 январь кундуз кунлари ҳаво ҳарорати +3…+8 даражагача кўтарилади. Шимолий ҳудудлар ва тоғларда ноль даража атрофидаги илиқлилик сақланади. Тунда тоғлар ва шимолда −8…−10 даражагача совуқ кузатилса, бошқа ҳудудларда ҳарорат -3 даражагача пасаяди.

Бу кунларда ҳудудларга туман тушиши мумкин, кучли шамол ҳодисалари бўлиши прогноз қилинмаган.

Жума, шанба ва якшанба кунлари ҳарорат фонида аста-секин сезиларли ўсиш кузатилади. Буни кишилар ҳам ўз танида ҳам ҳис қила бошлайди. Нам ҳаво оқимларининг жанубдан «кириб келиши» Ўзбекистонда об-ҳаво муҳити бироз илиқ бўлишини таъминлайди. Жума куни Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Жизаах вилоятлари ҳудудларида қор ёғиши мумкин.

иқлим, иқлимшунос, об-ҳаво, об-ҳаво шарҳи, эркин абдулаҳатов, янги йил

Шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ўзгариши ва ёғингарчиликлар эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги маълумотларини «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали аниқроқ билиб олиш мумкин.

«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта давомида Ўзбекистоннинг воҳа ва жанубий вилоятларда намроқ кузатилиб, ёғингарчилик бўйича жорий ҳафтада шу кунларга хос иқлимий меъёр ва ундан бироз кўп ёғин тушиши тахмин қилинган.

Ҳарорат режими бўйича эса республиканинг катта қисмида ҳафталик ҳарорат кўп йиллик шу давр учун хос об-ҳаво муҳитига ўхшаш бўлса-да, шимол ва тоғли ҳудудларда бироз илиқ, Сурхондарё, Бухоро, Навоий вилоятлари жануби ҳамда Самарқанд вилоятларида совуқроқ об-ҳаво сақланиши ойдинлашган.

Шундай қилиб, келаётган ҳафта боши ва дам олиш кунларида ҳаво илиқроқ, ўртасида бироз совуқроқ ва қуруқроқ бўлиши кутилмоқда.

Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири

Ҳафта бошида Ўзбекистондан марказида атмосфера босими 1013 гПа гача бўлган циклон ўтиши кузатилади, кейинроқ, сешанба-пайшанба кунларида атмосфера босими бироз юқори кўтарилиб бориши рўй беради. Ушбу жараён кишилар саломатлигига сезиларли таъсир етказиш кучига эга эмас.

Жума кунидан Ўзбекистоннинг жанубий ва марказий ҳудудларига кириб келадиган навбатдаги циклонал жараёнлар айнан шундай жараёнларга таъсирчан кишилар организмига таъсир кўрсатиши мумкин.

Душанба куни ҳаво оқимларининг жой алмашинуви фонида кўплаб ҳудудларда тезлиги сониясига 18 метргача етадиган шамоллар кузатилиши кутилмоқда. Бу вақтда «барик тубсизлик» жараёнининг кучсиз даражаси рўй бериб, баъзи кишилар ушбу ўзгаришдан ҳам таъсирланиши мумкин. «Барик тубсизлик»нинг энг кўп учрайдиган аломатлари — бош айланиши, бош оғриғи, фотофобия, ҳаво етишмаслиги, кўнгил айниши ва қон босимининг кўтарилиши ёки пасайишидир. Кўрсатилган санада мия қон оқимининг бузилиши, гипертония, юрак хуружи хавфи ортиши мумкин.

Тавсиялар. «Барик тубсизлик» ҳолатида оқилона иш ва дам олиш режимига риоя қилиш, стрессли ва ортиқча жисмоний фаолиятдан қочиш, уйқу режимига риоя қилиш тавсия этилади. Қаҳва, чой ва шакарли ичимликлардан кўра тоза газсиз сув, умуман, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш муҳим.

Жума-шанба кунлари Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд вилояти аҳолиси булутли ҳаво оқими таъсирида организмида серотонин гормон етишмаслиги рўй бериши мумкин. Ушбу таъсирларга мойил кишилар олдинги материллардаги тавсияларга амал қилишлари мақсадга мувофиқдир.

Биоиқлимий шароитлар

Ҳафта бошида шимолий ҳудудлардан ташқари бошқа жойларда тунда, тонгда ва бошқа муддатларда ҳам ҳароратнинг сезиларли юқори кўтарилиш фонида аҳоли совуқлик таъсирини танасида ҳис қилмайди. Дам олиш кунлари ҳам шундай бўлади.

Аммо сешанба-жума кунлари оралиғида антициклонал қуруқ об-ҳаво таъсирида ҳароратнинг пасайиши одамлар ҳис қиладиган ҳароратни ҳам пасайтиради. Бу кунларда қалинроқ кийим кийиш тавсия этилади. Умуман олганда, бу ҳафтада кишилар танаси, физиологиясида кучли совуқлик стрессларини келтириб чиқарадиган об-ҳаво муҳити кузатилмайди.

Шимолий ҳудудлар ва тоғларда яшовчи аҳоли Янги йилга ўтар оқшомни -5 даражадан паст совуқ ҳароратда кутиб олиши ойдинлашмоқда. Аммо бошқа ҳудудлар учун 2025 йилни кутиб олишда бундай совуқлик прогноз қилинмаяпти. Айрим баланд тоғли ҳудудларда Янги йил оқшомида кучсиз қор ёғиш ҳолатлари кузатилиши эҳтимоли бор.

Космик таъсирлар

Ўзбекистонликлар ҳафтанинг сешанба-чоршанба кунлари кучли магнит бўрони қўзғалишларидан таъсирланишлари мумкин. Кўплаб прогноз моделлари Қуёш фотосферасидаги кетма-кет кучли чақнашлар сабаб, Ер магнитосферасида сешанба ва чоршанба кунлари кучли магнит бўрони қўзғалишлари бўлишини тахмин қилган.

Хусусан, Россия прогноз моделлари сешанба-чоршанба кунлари қизил хавфга эга магнит бўрони қўзғалишлари кузатилиши мумкинлигини маълум қиляпти. Бунга сабаб — Қуёшдаги кучли чақнашлардан ажралган плазмананинг Ер магнитосферасига урилишидир.

Қуёш фотосферасида 29 декабрь куни иккита Х синфга яқин кучли чақнаш содир бўлди. Ушбу чақнаш Ер магнитосферасига хавф туғдирувчи ҳудудда юз берган. Катта эҳтимол билан, 1 январга ўтар кечаси Ерда 4−5 баллик магнит бўрони кузатилиши мумкин.

Манба: xras.ruМанба: xras.ru

Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам аҳоли 31 декабрь ва 1 январь кунлари «қизил» хавфга магнит бўронлари қўзғалишларидан азият чекиши билан боғлиқ вазият тахмин қилинган.

Манба: Ionos.kzМанба: Ionos.kz

Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқ.

Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши

Душанба ва жума кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида кутилаётган ёғин-сочинли об-ҳаво майда дисперс заррачалари тарқалишига имкон бермайди. Аммо ҳафтанинг бошқа кунлари, масалан, сешанба-пайшанба кунлари антициклонал жараёнлар бундай заррачаларнинг тарқалиши учун қулай муҳитни юзага келтиради. Мамлкатнинг кўплаб ҳудудларида антициклонал жараён таъсирида Қуёш ботиши ва чиқишидан сўнг кузатиладиган инверсия фонида ҳавода сув буғининг тўйиниши, хиралик (туман, ғубор ҳодисалари), унинг ортидан ҳавода бироз ифлосланиши юзага келиши мумкин.

Пайшанба ва жума кундуз кунлари ҳароратнинг аста-секин юқори кўтарилиб бориши ҳавода — пастдан юқорига кўтарилувчи куч ҳисобига — майда дисперс заррачалари кўпайишига сабаб бўлиши мумкин. Хусусан, Тошкент шаҳрида ҳам айнан шу кунлари ҳавода майда дисперс заррачалари билан боғлиқ ифлослик бироз кўпайиши мумкин.

Ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.

Шундай қилиб, 30 декабрдан 5 январгача бўлган етти кунликда об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар душанба-сешанба ва шанба-якшанба бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини нисбатан енгилроқ ҳис қилиши кутилмоқда.