Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги Хўжамовлар оиласи гулчиликка кириб келганига ҳали 15 йил ҳам бўлгани йўқ. Ҳозир гулларни етиштириб, экспорт қилиш билан шуғулланаётган «Чинобод нурли замин агрофирма» компанияси раҳбари Ботиржон Хўжамовнинг сўзларига кўра, бу ишларнинг ҳаммаси унинг Россияда яшайдиган акаси сабаб бошланган.
«Россияда ўқиб, ўша ерда оила қурган ва фуқаролигини олган акам қўшимча иш сифатида мевалар ва полиз экинлари савдоси билан шуғулланарди. Аммо мева-чева тез бузилиши ва бу иш ортидан топилган маблағни нақдлаштиришдаги муаммолар сабаб яхши фойда кўрмасди. 2010 йили акамнинг курсдошлари — тадбиркор дўстлари бирга атиргул бизнесини йўлга қўйиш таклиф қилиб, сармояни ҳам ўзлари киритишини билдирган. Акам бунга бажонидил рози бўлди. Раҳматли онам гулларни жуда яхши кўрарди — ҳовлимизга турли атиргулларни экиб, парвариш қиларди. Оиламиздаги мана шундай муҳит биз тўққиз фарзанд — икки қиз ва етти ўғилда ҳам гулларга нисбатан меҳр уйғотган. Шунинг учун ҳам акамнинг қарорини оилавий қўллаб-қувватладик», — деб эслайди Ботиржон ака.
Унинг айтишича, ака-укалар Фарғона водийсидаги совет давридан бери ишлаб келатёган бир қатор гулчилик хўжаликларига борган. Избоскан, Қува каби туманлардаги гулчи деҳқонлардан улгуржи нархда турли атиргулларни сотиб олиб, уларнинг кўчатларини саралаб, буюртмачининг стандартига мос келганларини Россияга экспорт қила бошлашган.
«Лекин деҳқонлардан харид қилган атиргулларимизнинг кўпи майда, экспортбопи кам эди, таннархи бизга қимматга тушарди. Саралашдан қолган атиргул илдизларини ташлаб юборгимиз келмай, томорқамизга экиб, парвариш қила бошладик. Бир неча йил ичида ўзимизнинг қўлимизда ҳам атиргул турлари пайдо бўлди. Шу тариқа фермер хўжаликларидан ижарага 3−4 гектардан ер олиб, тут плантацияларига оилавий атиргул кўчатларини экишга киришдик ва ўзимиз етиштириб, парваришлаб сотадиган бўлдик. Қарасак, атиргул етиштиришни ҳам уддалай оляпмиз. Шундан кейин бизнесни кенгайтиришга қарор қилдик», — дейди Ботиржон ака.
2015 йили Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг қабулида бўлган Ботиржон Хўжамов тадбиркорлик фаолиятида дуч келаётган муаммоларини баён қилгач, унга ижарага 10 гектар ер ажратилган. «Ўша йили чет элга 100 минг долларлик маҳсулот сотгандик», — деб эслайди гулчи тадбиркор.
«Ҳозир Россия бозорида етакчилардан биримиз. Лекин ўрнимизни топиш осон кечмади. Россия Ғарб санкцияларига тушмасидан аввал атиргул кўчатларини асосан Сербиядан импорт қиларди. Биз Сербия тажрибасини ҳам анча ўргандик: у мамлакатнинг ҳавоси нам ва ери унумдор бўлгани учун атиргулларининг илдизи бақувват, аммо қуёш кам кўргани сабаб танаси сийрак ўсаркан. Бизда эса атиргулларнинг танаси бақувват, аммо илдизлари — намлик қидириб, ер қаърига чуқур кириб кетгани учун — ўқдек учли эди. Россиядаги ҳамкорларимиз уларни қутиларга жойлашда қийналар, илдизининг ярмини чопиб ташларди. Шу боис Россияда Ўзбекистон гулларига талаб деярли йўқ эди», — дейди Ботиржон ака.
Сербия тажрибаси ўрганилгач, Хўжамовлар Россия тоғларида ўсадиган ёввойи наъматакка Ўзбекистоннинг атиргулини пайвандлашни қарор қилади.
«Наъматак уруғларини куз охирларида экиб, то августгача парвариш қиламиз. Кейин атиргул билан пайвандлаш жараёни бошланади. Шу тариқа атиргулларнинг илдизи ҳам, танаси ҳам баққуват бўлиб, ҳамкорларимиз истагидаги маҳсулотга айланади», — дейди у.
Ботиржон аканинг маълум қилишича, ҳозир хўжалик 10 гектарга яқин майдонда атиргулнинг 500 дан зиёд турини парвариш қиляпти.
«Ҳар бир атиргул турини ўзимизда экиб, кўпайтиришдан олдин уни яхшилаб ўрганамиз: дала шароитида қандай ўсади, ҳиди қандай, барглари қанча, касалликка чидамлилиги қай даражада ва ҳоказо жиҳатларига қизиқамиз. Ҳар йили атиргул турларини кўпайтириш ниятида изланамиз», — дейди компания раҳбари.
Йилига 20−30 хил тур чиқариб ташланади, ўрнига янги турлар синаб кўрилади. Чунки, Ботиржон аканинг таъкидлашича, Россия бозорини эски турлар билан лол қолдириш қийин.
«Бугунги замон одамларига янгилик керак, уларни янги атиргул турлари ва гўзаллик билан хайратга солиш шарт. Бу мижозларни жалб қилишнинг ҳам ўзига хос бир усули. 2015 йиллари даламизда атиргулнинг 80−100 хил тури ўсган бўлса, бугунга келиб 500 турдан ошди. Улар орасида Нидерландия, Сербия, Африка мамлакатларидан келтирилган кўчатлар орқали кўпайтирилган атиргуллар ҳам бор», — дейди тадбиркор.
«Атиргул асли ёввойи ўсимлик бўлгани боис биз асосан шира ва ўргимчакканага қарши курашамиз, қолган касалликларга ўзи чидамли. Бундан ташқари, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг тумандаги мутахассислари ҳам келиб, текшириб туради. Шунингдек, Россиядаги ҳамкорларимиз ҳам ҳар йили келади, даланинг ўзида вазиятни кўриб, ўрганиб кетади. Гул ўстириш — жиддий жараён, бунда бепарволик ярамайди. Доим эътибор қаратганимиз учун ёппасига касалланиш кузатилмайди», — деди Ботиржон ака.
«Чинобод нурли замин агрофирма» компаниянинг 70 чоғли доимий ишчилари бўлиб, мавсумда уларнинг сони 100−150 нафаргача кўпайиши мумкин. Улар асосан пайвандлаш, майда шохларни кесиб, баргларини тозалаш каби ишларни бажаради. Бу ерда асосан қўл меҳнати бўлгани учун маҳаллий ишсиз хотин-қизлар ёлланма ишчи сифатида меҳнат қилади.
Хўжамовлар оиласи етиштирган атиргуллар кўчатлари Россиядан ташқари Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистонга ҳам экспорт қилиняпти. Атиргул ва унинг ғунчалари эса водий вилоятларидаги дўконларга тарқатилади.
«Ҳозир 800 мингдан ортиқ кўчатга харидоримиз бор, йиллик қувватимиз эса 1 миллион кўчатга етади. 2023−2024 йилги мавсумда 550 минг долларлик кўчат экспорт қилдик. Бу кўрсаткични сезиларли даражада ошириш мақсадимиз бор», — деди Ботиржон Хўжамов.
Гулчи тадбиркор келгуси режалари ҳақида гапираркан, яқин йиллар ичида атиргулдан шарбат ва мураббо тайёрлаш цехларини ишга туширмоқчи эканини айтди. Шунингдек, атиргулни қайта ишлаб, ундан эфир мойи олиш ва сотиш ҳам мақсад қилинган.
«Шу тариқа озиқ-овқат ва парфюрмерия соҳаларига ҳам кириб бормоқчимиз», — деди у.
«Атиргул сердаромад бизнес. Аммо меҳнати майда ва оғир. Одам ишини севиб, завқланиб, сифатли қилса, даромад ўзи келаверади. Рақобатчилар кўпайишидан қўрқмаймиз — биз учун одамлар, айниқса, хотин-қизларимиз гуллардан, атиргуллардан завқ олиб, хурсанд бўлиб юргани муҳимроқ. Ҳар бир эркак ўз рафиқасига, йигитлар севган қизига гул совға қилиб юрсин, Ўзбекистонимиз гулларга тўлсин!», — дея ўз сўзини якунлади Ботиржон ака Хўжамов.