Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон Европага «яшил энергетика йўлаги»ни яратиш лойиҳаси доирасида таъсис шартномасини имзолади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шартнома уч мамлакатнинг магистраль электр тармоқлари операторлари — Озарбайжоннинг Azerenerji, Қозоғистоннинг KEGOC ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» томонидан 27 декабрь куни видеоалоқа доирасида имзоланди.

Ҳужжат уч давлат президентлари томонидан 13 ноябрь куни имзоланган битимни амалга ошириш, шунингдек, Европа Иттифоқининг «Яшил битим» (2050 йилга қадар иссиқхона газлари ва атроф-муҳитнинг умумий ифлосланишини нолга тушириш режасига эришиш) каби янги ташаббусларни ҳисобга олган ҳолда электр энергияси савдоси имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Томонлар лойиҳани амалга ошириш учун Бокуда (Озарбайжон) қўшма корхона ташкил этишга келишиб олди. Маслаҳатчи вазифасини Италиянинг CESI компанияси бажаради ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқади.

Эслатиб ўтамиз, 2030 йилдан бошлаб Ўзбекистон мамлакатда ишлаб чиқарилган «яшил» электр энергиясининг ортиқча қисмини Қозоғистон ва Озарбайжон орқали Европага экспорт қилишни режалаштирмоқда.

Озарбайжон Марказий Осиё, Кавказ, Европа, Каспий ва Қора денгизларни ягона энергия йўлаги орқали боғлаш учун Қора денгиз туби бўйлаб кабель ётқизиш ниятида.

Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов 6 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Европа иқтисодиёти кунлари доирасида 2030 йилда Ўзбекистон хорижга 10−15 млрд кВт⋅соат электр энергиясини экспорт қилиш имкониятига эга бўлишини маълум қилганди.

«2030 йилда [Ўзбекистонда] электр энергиясига бўлган эҳтиёж тахминан 120−125 миллиард кВт/соат бўлиши башорат қилинмоқда. Бизда кўплаб электр энергияси ишлаб чиқарувчи объектлар мавжуд — улар тахминан 135 миллиард кВт/соат қувватга эга. Инфратузилма тайёр бўлиши билан барча ортиқча қувват Европага экспорт қилинади», — деб таъкидлади у ўшанда.

Август ойида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Европа мамлакатларига электр энергияси экспорти ҳажми «кабель қуввати ва ҳамкорларнинг хоҳишига боғлиқ»лигини айтган эди. Энергетика вазири Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб тўлиқ қопланишини, мос равишда, мамлакат Европага 2 дан 5 ГВтгача энергия етказиб беришга тайёрлигини айтган.