АҚШнинг 39-президенти Жимми Картер 100 ёшида вафот этди. Ҳаётининг сўнгги дақиқаларида у Плейнсдаги (Жоржия штати) уйида оиласи қаршисида бўлган, дейилади Картер марказининг 29 декабрь кунги баёнотида.

АҚШ президенти Жо Байденнинг таъкидлашича, Картер «маъно ва мақсадга тўла ҳаёт кечириш нимани англатишининг намунасидир». У Картерни ўзининг «асл дўстим» деб атади, уни «Америкадаги миллионлаб одамлар» ҳам шундай деб ҳисоблашган.

Фото: Оқ уйФото: Оқ уй

Байден 9 январни Жимми Картер учун умуммиллий мотам куни деб эълон қилди.

Жимми Картер Демократик партиядан бўлган, 1977 йилдан 1981 йилгача президент сифатида ишлаган. Бунгача у Жоржия губернатори (1971−1975) ва маҳаллий сенат сенатори (1963−1967) бўлган.

1980 йилги сайловларда Картер республикачи Рональд Рейганга ютқазди ва шундан сўнг у инсон ҳуқуқлари ҳамда хайрия ишлари билан шуғулланадиган Картер марказига асос солди. 2002 йилда «халқаро низоларнинг тинч ечимларини топиш, демократияни илгари суриш ва инсон ҳуқуқларига риоя қилиш, шунингдек, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишни рағбатлантириш бўйича тинимсиз саъй-ҳаракатлари учун» тинчлик бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган.

2015 йилда Жимми Картерга онкологик касаллик ташхиси қўйилган. Сиёсатчи сўнгги йилларда жигар ва мияга тарқалган хавфли ўсма меланома билан курашди. 2023 йил февраль ойида Картер маркази собиқ президент қатор шифохоналарга ётқизилганидан сўнг шифокорлар томонидан кейинги даволанишдан воз кечгани ва умрининг қолган қисмини Жоржия штатининг Плейнс шаҳридаги уйида «қўшимча тиббий аралашув ўрнига ҳоспис парвариши» билан оиласи ҳамроҳлигида ўтказишга қарор қилгани ҳақида хабар берган.

Картер АҚШ тарихида энг узоқ умр кўрган президентга айланди. 2024 йил 1 октябрда Картер 100 ёшга тўлганди.