АҚШ президенти Жо Байден Украинага 2,5 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Бу ҳақда Оқ уй сайтида хабар берилди.
Байденнинг баёнотига кўра, ушбу ҳарбий ёрдам пакети ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, артиллерия снарядлари ва «бошқа ўта муҳим қурол-яроғлар»ни ҳам зудлик билан, ҳам узоқ муддатда етказиб беришни ўз ичига олади.
Янги пакетга Пентагон захираларидан 1,25 миллиард долларлик ҳарбий таъминот, шунингдек, Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси (USAI) доирасида 1,22 миллиард долларлик ёрдам киради.
USAI дастури бўйича Пентагон тайёр қуролларни топширмайди, балки қурол ишлаб чиқариш бўйича шартномалар тузади. USAI доирасида қурол етказиб бериш учун ойлар ёки йиллар кетиши мумкин. Оқ уй хабарига кўра, бу ушбу дастур доирасида мавжуд бўлган сўнгги маблағлардир.
«Мен ўз маъмуриятимга Украинага имкон қадар тезроқ ёрдам кўрсатишни давом эттиришни буюрдим, жумладан, Украинанинг эскирган техникаларини олиб чиқиб, уларни жанг майдонига тезда етказиб бериш, кейин эса АҚШ мудофаа саноат базасини модернизация қилиш ва захираларимизни янги қуроллар билан тўлдириш. Мудофаа вазирлиги юз минглаб артиллерия ўқлари, минглаб ракеталар ва юзлаб зирҳли транспорт воситаларини етказиб бериш жараёнида, бу эса қишга яқинлашаётган Украинанинг қўлларини бақувват қилади. Менинг кўрсатмамга кўра, Қўшма Штатлар лавозимимнинг қолган қисмида Украинанинг ушбу урушдаги позициясини мустаҳкамлаш учун тинимсиз ишлашда давом этади», — деди Байден.
Украина президенти Владимир Зеленский 29 декабрь куни кечқурун ёрдам пакети ҳақида маълум қилганди. «Мен Американинг Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим қарори тайёрланаётганидан хабардорман — биз эртагаёқ расмий эълонни кутмоқдамиз: жангчиларимиз учун каттагина қўллаб-қувватлаш пакетлари», — деганди у.
CNN телеканали сентябрь ойида 2024 йил апрелидан бошлаб АҚШ ўз захираларининг қисқариши туфайли Украинага ҳарбий ёрдам ҳажмини қисқартирганини таъкидлаган. Ўшанда Пентагон Киевга бир миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилган, аммо шундан кейин пакетларнинг ҳеч бири 400 миллион доллардан ошмади, баъзилари бундан ҳам камроқ бўлди — мос равишда 125 ва 250 миллион доллар. Шу билан бирга, 2024 йил декабрь ойида ёрдам пакетлари яна кўпайди: 3 декабрда Оқ уй Украинага 725 миллион доллар, 7 декабрда 988 миллион доллар, 13 декабрда 500 миллион доллар миқдорида ҳарбий ёрдам ажратилишини эълон қилди.
Reuters нашрининг таъкидлашича, ҳозирги ҳарбий ёрдам пакети Жо Байден маъмуриятининг Украинани тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаш бўйича сўнгги қадамларидан бири бўлиши мумкин.