Шавкат Мирзиёев 27 декабрдаги фармони билан ўсимлик ёғи импорти учун божхона божларининг ноль ставкаси муддатини узайтирди.
Ҳужжат билан кунгабоқар, махсар ва пахта ёғлари ҳамда уларнинг фракцияларини (кимёвий таркиби ўзгартирилмаган ҳолда рафинацияланган ёки рафинацияланмаган) импорт қилишда божхона божи ноль ставкасининг амал қилиш муддати 2026 йил 1 январгача узайтирилди (ТИФ ТН коди 1512).
Бироқ янги, совитилган ёки музлатилган парранда гўшти ва озиқ-овқат қўшимча маҳсулотларини (ТИФ ТН коди 0207) олиб киришда имтиёз узайтирилмаслигига қарор қилинди.
Эслатиб ўтамиз, гўшт, ёғ, ун, совун ва бошқа беш турдаги товарларни олиб кириш бўйича божлар 2021 йил 30 декабрда нолга тенглаштирилганди, бу тартиб 2022 йил 31 декабрга қадар амал қилган, кейин эса муддат 2023 йилга қадар ва 2024 йилга қадар узайтирилганди.
Кейинчалик 2025 йилгача имтиёзлар фақат ёғ ва парранда гўшти учун узайтирилган.
Шунингдек, Ўзбекистонда 59 турдаги озиқ-овқат ва бошқа товарлар, шу жумладан, гўшт, сут маҳсулотлари, сабзавот ва мевалар бўйича импорт божхона божининг ноль ставкасини қўллаш муддати 2026 йил 1 январга қадар узайтирилгани ҳақида хабар бергандик. Қарор ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган.