Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни экспортни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришга қаратилган фармонни имзолади, деб хабар қилди Адлия вазирлиги.
Тузатишларга кўра, экспортчиларнинг автомобиль, ҳаво ва темирйўл ташувлари харажатларини компенсация қилиш амалиёти бекор қилинмоқда.
Экспортчиларга 2024 йил 31 декабрга қадар амалга оширилган экспорт учун белгиланган тартибда субсидия ва компенсациялар берилади. Ушбу тўловлар 2025 йил 1 февралга қадар амалга оширилади.
Фармон 2025 йил 1 январдан кучга киради.
Янги чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг ЖСТ доирасидаги халқаро стандартлари ва мажбуриятларига мос келадиган экспортни қўллаб-қувватлашнинг шаффоф тизимини яратишга қаратилган.
Сўнгги йилларда экспортчиларнинг транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисми давлат субсидиялари ҳисобидан қоплаб берилган. Масалан, ушбу мақсадлар учун 2024 йилда 133,8 млрд сўм, 2023 йилда 509,9 млрд сўм, 2022 йилда 336 млрд сўм маблағ ажратилган. UzAuto Motors ва бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчилар экспорт қилишда «йўл харажатлари» учун давлат бюджетидан 200 млрд сўм олган. Собиқ депутат Дониёр Ғаниев буни шундай таърифлаган эди: корхоналар ўз машиналарини чет элда арзонроқ сотишлари учун Ўзбекистон солиқ тўловчилари бошқа мамлакатлар аҳолиси сотиб оладиган автомобиллар учун солиқ тўламоқда.
2025 йил бюджетида транспорт харажатларига субсидиялар назарда тутилмаган.
2025 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунга кўра, 1 январдан бошлаб экспортчи ва реэкспортчилар учун 2019 йилда жорий этилган фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича имтиёзлар ҳам бекор қилинади.