Россия президенти Владимир Путин мамлакатда бўлган ноқонуний муҳожирлар ўз мақомини тартибга солиши ёки 2025 йил 30 апрелгача мамлакат ҳудудидан чиқиб кетиши шартлиги тўғрисидаги фармонни имзолади. Тегишли фармон Ҳуқуқий ҳужжатлар расмий порталида эълон қилинди.

Патентни расмийлаштириш учун қуйидагилар зарур:

  • паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат ва унинг рус тилидаги нотариал тасдиқланган таржимаси;
  • рус тилини билиш, Россия тарихи ва қонунчилиги асослари тўғрисидаги ҳужжат;
  • ихтиёрий тиббий суғурта полиси ёки пулли тиббий хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома;
  • ОИВ инфекцияси йўқлиги тўғрисидаги сертификат — 1 йил амал қилади;
  • организмда гиёҳванд моддаларнинг йўқлиги тўғрисидаги хулоса — 1 йил;
  • хавфли юқумли касалликлар йўқлиги тўғрисидаги тиббий хулоса — 1 йил;
  • патент, ишлашга рухсатнома, вақтинча яшаш, ўқиш ёки яшаш гувоҳномасини беришни рад этиш учун асослар мавжуд эмаслиги, шунингдек бошқа талаблар бажарилиши.

Фармонга кўра, ҳарбий хизматни ўташ учун Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган муҳожирлар депортация қилинмайди. Уларга нисбатан депортация, реадмиссия, Россияга киришга рухсат бермаслик, мамлакатда бўлишни истамаслик ва вақтинча бўлиш муддатларини қисқартириш бўйича илгари қабул қилинган қарорлар ижро этилмайди. Бу қоида Россия миллий хавфсизлигига таҳдид соладиган хорижликларга нисбатан қўлланмайди.

Путин июнь ойида бўлиб ўтган Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи сессияси доирасида Россияда миграция сиёсатини ўрганишга қайтиш кераклигини, бу муаммо йўқдек кўринмаслик кераклигини айтганди. Унинг таъкидлашича, Россияда мигрантларга эҳтиёж бор, чунки ички кучининг йўқлиги иқтисодий ўсишни чеклайди.

Давлат думаси мигрантлар билан боғлиқ бир нечта ташаббусларни қабул қилмоқда. Масалан, ноқонуний миграцияни ташкил этиш билан боғлиқ жиноят нормалари, бу соҳадаги сохта ҳужжатлар билан боғлиқ маъмурий нормалар кучайтирилди. Муҳожирлар учун ноқонуний хизмат кўрсатувчи сайтларни суддан ташқари блоклашга рухсат берилди, рус тили бўйича имтиҳонларни қабул қилиш жараёнидан воситачилар чиқариб ташланди.

Президент матбуот котиби Дмитрий Песков, ўз навбатида, кескин демографик вазият фонида мамлакатни жадал ривожлантириш учун Россия бошқа давлатлардан келган меҳнат мигрантларига муҳтожлигини тушунтирди. Шу сабабли мамлакат мигрантларнинг келишини олқишлайди, дея қўшимча қилди у.

  • Сентябрда РФ Давлат думаси раиси Вячеслав Володин меҳнат муҳожирларига ўз оилаларини мамлакатга олиб келишни тақиқловчи қонун лойиҳаси тайёрланаётганини маълум қилганди.
  • Москвадаги «Крокус сити ҳолл»да 140 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, яна 500 дан ортиғи жароҳатланган терактдан сўнг Россия ҳукумати мигрантларга қарши риторикасини кучайтира бошлади. ИШИД-Хуросон (ИШИД-К) ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Бу ишда Марказий Осиё давлатларидан келган мигрантлар гумонланмоқда.