Парламент сайловлари
Октябрь ойида Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларига депутатлар сайлови бўлиб ўтди. Биринчи марта улар аралаш тизим бўйича — мажоритар (бир мандатли округлар) ва пропорционал (партия рўйхатлари асосида) ўтказилди. Депутатлар сайловида яна бир янгилик — Тошкент шаҳридаги ўнта сайлов участкасида синов тариқасида электрон овоз бериш йўлга қўйилди.
Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz».
Сайлов якунларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг янги таркибида энг кўп ўринни Ўзбекистон Либерал-демократик партияси эгаллади.
МДҲ миссияси сайловлар очиқ, рақобатли ва адолатли ўтганини маълум қилди. ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси вакиллари жараён яхши ташкил этилганини қайд этди, аммо сайлов жараёнида халқаро стандартларга «жиддий номувофиқликлар» сақланиб қолаётганлигига эътибор қаратди.
ЖСТга кириш йўлидаги қадамлар
2024 йил, президентнинг Жаҳон савдо ташкилоти бўйича махсус вакили Азизбек Ўруновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни учун тарихий йил бўлди. Мамлакат 2026 йилда Камерунда бўлиб ўтадиган 14-вазирлар конференциясига қадар ЖСТга қўшилишни режалаштирмоқда. Ўзбекистон шошилинч равишда икки томонлама музокараларни якунлаган халқаро ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий сони 22 тага етди.
Фото: Azizbek Urunov / LinkedIn
3 июнь куни президент бозор ислоҳотларини жадаллаштириш ва миллий қонунчиликни ЖСТ битимлари билан уйғунлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида фармон имзолади. Ҳужжат билан, металлургия, кимё, энергетика ва телекоммуникациялар соҳасидаги мутлақ ҳуқуқлар бекор қилинмоқда. Мамлакат миллий стандартларни ЖСТ битимлари билан 29 фоизга уйғунлаштирди.
Август ойида Нукусда тадбиркорлар билан учрашувда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши пухта ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, шунингдек, ислоҳотларнинг ажралмас қисми эканини таъкидлаган.
Электр ва газ учун тарифларнинг ошиши
1 майдан Ўзбекистонда электр энергияси ва газ тарифлари оширилди, шунингдек, энергия ресурслари истеъмолининг ижтимоий меъёрлари (ойига 100 куб метр газ ва 200 кВт·соат электр энергияси) жорий этилди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қарорни 2019 йилдан бери ўзгаришсиз қолган жорий тарифлар ва энергия ресурслари таннархи ўртасидаги сезиларли фарқ билан изоҳлади.
Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»
Бу янгилик ижтимоий тармоқларда катта шов-шувга сабаб бўлди. Интернет фаоллари ва фойдаланувчилари электр энергияси бўйича ижтимоий нормани қайта кўриб чиқишга чақирди. Ёзда иссиқлик туфайли кондиционерлардан фаол фойдаланилади, қишда, айниқса, газ билан таъминланмаган ҳудудларда уй-жойларни иситиш учун электр энергияси сарфланади. Бу масала Қонунчилик палатасида ҳам кўтарилди, бироқ Энергетика вазирлиги электр энергияси бўйича ижтимоий нормани қайта кўриб чиқиш учун асос йўқ деб ҳисоблади.
Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида қонуннинг қабул қилиниши
Кузда президент болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги узоқ кутилган қонунни имзолади. Ҳужжатни ишлаб чиқиш билан Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги ва ЮНИСЕФ шуғулланди.
Қонуннинг асосий мақсади зўравонликнинг олдини олиш тизимини яратиш, ундан жабр кўрган болалар билан ишлаш ва оилаларда фаровонликни таъминлашдан иборат. Ҳужжат зўравонлик тушунчасини кенгайтирди, унга ғамхўрлик кўрсатмаслик ва буллинг ҳам киритилди, шунингдек, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишнинг умумий ва индивидуал чораларини санаб ўтди. Бу ҳақда экспертлар интервьюда батафсил сўзлаб берган.
Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги қудуқдан газ сизиб чиқиши
1 сентябрь куни «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конининг (М-25) 604-қудуғида бурғилаш ишлари олиб борилаётган вақтда технологик жараённинг бузилиши сабабли таркибида водород сульфид миқдори юқори бўлган газ сизиб чиқди. Аварияни бартараф этиш ишлари икки ҳафта давом этди.
15 сентябрь куни сизиб чиқиш тўхтатилди, бироқ икки кундан кейин у қайта сизиб чиқа бошлади, оқибатда 4 киши ҳалок бўлди ва 11 киши жароҳат олди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, сизиб чиқишни бартараф этиш бир неча ой вақт олиши мумкин.
«Газета.uz» мухбирлари бир ой ичида икки марта техноген ҳалокат жойига бориб, яқин атрофдаги Кофрун қишлоғи аҳолиси — аҳволи ёмонлашганига қарамай, ўз уйларини тарк этмаганлар ва Бойсун туманига эвакуация қилинганлар билан суҳбатлашди. Ҳалокатдан икки ой ўтгач ҳам одамлар газнинг салбий таъсири ва сизиб чиқишнинг жиддийлиги, соғлиқ учун хавф ва кўчиш ҳақида ишончли маълумотларнинг йўқлиги ҳақида шикоят қилишда давом этди. Охирги масалани бош вазир Абдулла Арипов Бойсун туманига қилган икки ташрифи давомида маҳаллий аҳоли билан муҳокама қилган, аммо якуний қарор қабул қилинмаган.
Янги Тошкентда илк объектлар қурилиши бошланди
Баҳорда президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент ҳудудида — пойтахтнинг 13-туманида умумий майдони 20 минг гектар бўлган илк объектлар ва замонавий Ўзбекистоннинг бош шаҳарсозлик лойиҳаси қурилишига старт берди.
Унинг кўлами бир қатор саволларни келтириб чиқаради: қурилиш қанчага тушади, архитектура, транспорт тизими қандай бўлади, пойтахтга сув етадими ва экологик вазиятни яхшилаш учун нима қилинади. Уларга жавоблар — лойиҳа бош архитектори Саидазим Шарипов билан катта видеоинтервьюда.
Тошкент шаҳрининг бош режаси
Яна бир узоқ йиллик тарих ниҳоясига етди — йил охирида ҳукумат Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режасини тасдиқлади. У аҳоли эҳтиёжлари, экологик зоналар ва маданий меросни муҳофаза қилишни ҳисобга олган ҳолда шаҳарни мувозанатли ривожлантиришни назарда тутади. Шу вақт ичида пойтахт аҳолиси 3 миллиондан 7,4 миллионгача ўсиши кутилмоқда. Бош режа билан қамраб олинган Тошкент шаҳрининг умумий майдони 43 873 гектарни ташкил этади.
Ҳужжатда барча қурилиш ишлари бош режада белгиланган тартибда амалга оширилиши, ҳудуднинг мастер режаси ва батафсил лойиҳаси ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши белгиланган.
Ҳаво сифати
Совуқ тушиши билан Тошкент мунтазам равишда ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Жаҳон банки ҳисоботига кўра, пойтахтда ифлосланишнинг ўртача йиллик даражаси ЖССТ тавсия этган даражадан (5 мкг/м3) 6 баравар юқори. Тошкентдаги PM2,5 ҳаво ифлосланишининг асосий манбалари — иситиш сектори (28%), транспорт (16%) ва саноат (13%). Тошкент шаҳридаги антропоген PM2,5 ташламаларининг умумий йиллик ҳажмининг 18 фоизини қурилиш ишлари натижасида ҳосил бўлган шаҳар чанги ва йўл чанги ресуспензияси (илгари йўл юзасида ўрнашиб қолган майда чанг заррачаларининг ҳавога қайта кўтарилиши жараёни) ташкил этади.
Пойтахт аҳолисининг 83 фоизи ҳаво ифлосланиши юқори бўлган ҳудудларда яшайди. Мураккаблашишда давом этаётган муаммо ҳар йили 3000 дан ортиқ бевақт ўлимга олиб келмоқда. Шаҳар иқтисодиёти ҳам азият чекмоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳаво ифлосланишининг зарари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 0,7 фоизини ташкил этиши мумкин.
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Январь ойида Экология вазирлиги Тошкентда ҳавони муҳофаза қилиш чораларини таклиф қилган эди. 2028 йилгача Аи-80 бензинидан воз кечиш, шунингдек, иссиқлик ва электр станцияларида мазут ва кўмирдан фойдаланишни тақиқлаш шулар жумласидандир. Юк машиналарининг тиғиз вақтларда ҳаракатини чеклаш эса ярим-ёрти чора бўлиб чиқди ва сезиларли ўзгаришларга олиб келмади.
Сентябрь ойида президент Тошкентда ҳаво сифатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлади. Унда «Шаҳар — пиёдалар учун» тамойилини жорий этиш, сунъий сув ҳавзалари ва яшил белбоғ яратиш, корхоналарда тозалаш ускуналарини ўрнатиш ва бошқа чора-тадбирлар кўзда тутилган.
ЙТҲлардан ўлим даражаси юқорилиги
2024 йилда мамлакат йўлларида одамлар ҳалок бўлишда давом этди. Биргина январь-май ойларида йўл-транспорт ҳодисаларида 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлди, 300 нафарга яқин ўқувчи жароҳат олди. Июнь ойида хавотирли ҳолат Сенатда муҳокама қилинди, аммо вазиятни ўзгартиргани йўқ.
Ижтимоий тармоқларда йўл ҳаракати қоидаларини очиқдан-очиқ бузиш катта аудиторияга эга блогерлар ва таниқли санъаткорлар томонидан қўллаб-қувватланадиган трендга айланди. Қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов Zeekr автомобилида рухсат этилган 100 км/соат тезлик ўрнига 195 км/соат тезликда ҳаракатлангани тасвирланган видеони эълон қилди. Унга жарима қўлланди. Қонунларда бундан қаттиқроқ чоралар назарда тутилмаган.
«Газета.uz» журналистлари иштирокидаги «Контекст» подкасти ўзининг бир сонини нима учун давлат йўлларда ўз фуқароларини ҳимоя қила олмаётганига бағишлади.
Олимпия ва Паралимпия ўйинлари
Ёзда Париждаги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этган спортчилар ўзбекистонликларга ўз мамлакати билан фахрланиш учун сабабларни тақдим этди.
Ўзбекистон тарихида илк бор 90 нафар спортчи 19 та спорт тури бўйича 75 та йўлланмани қўлга киритди. Футболчилар гуруҳдан чиқа олмади — дастлабки икки ўйинда улар рақибларига имкониятни бой берди.
Париж Олимпиадаси Ўзбекистон учун мустақил тарихидаги энг муваффақиятли мусобақа бўлди. Республика 13 та медаль билан 206 та давлат орасида умумий медаллар ҳисобида 13-ўринни, Марказий Осиёда 1-ўринни, МДҲда 1-ўринни ва Осиёда 4-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон терма жамоаси 28 августдан 8 сентябрга қадар Парижда бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида муносиб иштирок этди. 65 нафар параспортчи 9 та спорт тури бўйича рекорд даражада — 113 та лицензияга эга бўлди.
Паралимпия мусобақаси якунига етмасдан мамлакат тарихига энг муваффақиятли мусобақа сифатида кирди. Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси 10 та олтин, 9 та кумуш ва 7 та бронза медалини қўлга киритди. Миллий терма жамоа умумий ҳисобда 13-ўринни эгаллади.
Модернизм давридаги мозаикалар ва бир қатор биноларнинг маданий мерос сифатида эътироф этилиши
Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги бинолардаги мозаикалар маданий мерос объектлари сифатида тан олинди. Ҳукумат қарори билан 160 га яқин монументал санъат асарлари Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилди. Рўйхатни янада кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Пойтахт мозаикасини асраб-авайлашда Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти ҳамда Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси томонидан катта ишлар амалга оширилди. Ташкилотлар биргаликда пойтахтдаги мавжуд ва йўқолган мозаик панноларнинг тўлиқ онлайн каталогини тақдим этувчи mosaic.tashkent.uz сайтини ишга туширди. Уларнинг сони ҳаммаси бўлиб 334 та.
Шунингдек, модернизм даврининг ўнта муҳим биноси маданий мерос объекти мақомига эга бўлди. Қуёш институти, «Ўзбекистон» ва «Шодлик» меҳмонхоналари (шу жумладан, «Илҳом» театри биноси), Давлат санъат музейи, «Эски Жува» бозори гумбази ва Авиасозлар саройи шулар жумласидандир. Ташаббус ортида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси турибди, у Тошкентдаги модернизм ёдгорликларини ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритишга эришмоқчи.
Комил Алламжоновга суиқасд
Парламент сайловлари арафасида содир бўлган шов-шувли воқеа Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжоновга қилинган суиқасд бўлди. 26 октябрга ўтар кечаси Тошкент вилоятининг Қибрай туманида унинг машинасига ўқ узилган. Собиқ амалдор ва ҳайдовчи тан жароҳати олмаган.
Тергов давомида қотилликка суиқасд қилишга алоқадор тўққиз киши аниқланган. Беш киши ҳибсда. Қидирув эълон қилинган тўрт кишидан иккитаси Корея Республикаси ва Қозоғистондан топилди. Россиянинг икки фуқароси — Бислан Расаев ва Шамиль Темирханов Интерпол орқали қидирилмоқда.
Давлат органларининг максимал даражада ёпиқлиги сабабли миллий оммавий ахборот воситаларида деярли ёритилмаган шов-шувли воқеа муҳокамасига Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров қўшилди. У ўзининг Telegram каналида (ноябрь ойи бошида ва декабрь ойи охирида) иккита постда «чечен изи» борлигини ва суиқасдга алоқадорлигини рад этиб, «агар мен чиндан ҳам ниманидир режалаштирганимда эди, ишни охиригача ва юз фоиз натижа билан бажарган бўлардим», деди. У, шунингдек, жабрланувчиларга «бу ролни ўйнамаслик»ни тавсия қилди, «акс ҳолда, барча фитналар, туҳматлар ва уйдирмалар учун бизнинг анъаналаримиз бўйича жавоб беришга тўғри келади», дея таҳдид йўллади. Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев бу таҳдидларни мамлакат ички ишларига аралашиш деб атади ва Ўзбекистон Бош прокуратурасидан вазиятга ҳуқуқий баҳо беришни сўради.