Президент Шавкат Мирзиёев янги таҳрирдаги «Давлат сирлари тўғрисида»ги қонунни имзолади. У 2025 йил 29 мартдан кучга киради.
Аввалги қонун 1993 йилда қабул қилинган, шунинг учун «бу соҳадаги муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарурати пайдо бўлди», дейилади Сенат хабарида.
Қонуннинг эски версиясида давлат сирларини ҳимоя қилиш соҳасидаги органларнинг ваколатлари, махфийлик даражаси, маълумотларни махфийлаштириш ва давлат сирларидан фойдаланишга рухсат бериш муддатлари белгиланмаган. Шу сабабли давлат сирларидан фойдаланиш ва муомала қилишнинг ҳуқуқий асослари турлича талқин қилинади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг махфий қарорлари асосида давлат сирлари билан ишлаш ва уларни муҳофаза қилиш, махфийликни таъминлаш ва махфий режимда ишлашни тартибга солиш тартиби тасдиқланди.
Ушбу қарорларнинг махфийлиги сабабли Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқларини етарли даражада билмасликларига олиб келмоқда.
Шунингдек, амалдаги қонунда давлат сирлари билан танишиш учун рухсат бериш тартиби, махфийлаштирилмайдиган маълумотлар рўйхати, давлат сирларини бошқа давлатлар билан ўзаро алмашиш механизми ҳам тартибга солинмаган эди.
Ҳужжатда давлат сирларини сақлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсати президент томонидан белгиланиши, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси, Давлат хавфсизлик хизмати ва давлат сирларидан фойдаланувчи бошқа ташкилотларнинг соҳадаги ваколатларини аниқ белгилаб берилмоқда. Эски қонунга кўра, ваколатларни фақат Давлат хавфсизлик хизмати белгиларди.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси:
- давлат сирлари соҳасидаги ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилишини ташкил этади ва уларни амалга ошириш чораларини кўради;
- махфий ахборотни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битимлар тузади ва уларни амалга ошириш чораларини кўради;
- давлат сирларини хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга тақдим этиш тартибини белгилайди;
- махфий-режим органларини ташкил этиш, уларнинг фаолияти ва тугатилиши тартибини белгилайди;
- давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқини расмийлаштириш тартибини белгилайди;
- давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларда маълумотларни давлат сирлари жумласига киритиш, махфийлаштириш, махфийликдан чиқариш, шунингдек, давлат сирлари ва уларни ташувчилар ҳимоя қилинишини таъминлаш тартибини белгилайди;
- Ўзбекистонда махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини ва уни шакллантириш тартибини тасдиқлайди;
- давлат сирларининг ошкор этилиши ёки йўқотилиши оқибатида Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигига ёхуд давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар манфаатларига етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зарар миқдорини аниқлаш тартибини белгилайди;
- маълумотларни ва уларнинг ташувчиларини махфийлаштириш натижасида маълумот ташувчиларнинг мулкдорига етказилган зарар миқдорини аниқлаш тартибини белгилайди;
- ва бошқалар.
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар давлат сирлари билан боғлиқ фаолият учун рухсатнома олиш учун ДХХга мурожаат қилади, махфий-режим органларнинг тўлақонли фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратади, уларга тегишли малакага ва махсус ваколатли давлат органи томонидан берилган сертификатларга эга бўлган ходимларни тайинлайди, давлат сирларидан фойдаланишга рухсат берилган шахсларнинг ўқишини таъминлайди ва бошқа ваколатларга эга.
Давлат сирларига киритилган маълумотлар тўрт тоифага бўлинади:
- ҳарбий соҳа;
- ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий соҳалар;
- разведка ва тезкор қидирув фаолияти йўналишлари;
- иқтисодиёт, таълим, фан ва техника соҳаларига доир маълумотлар.
Ушбу рўйхат ҳукуматнинг 1994 йилги қарори билан тасдиқланган йўриқномада махфий қилиб берилган.
Хусусан, ҳарбий соҳадаги давлат сирларига қуйидагилар киради:
- қўшинларнинг биргаликда ҳаракатланиш режаларини, тезкор режаларни, махфий объектларни қўриқлаш ҳамда мудофаа қилиш режаларини фош этувчи маълумотлар, жанговар бошқарув ҳужжатлари, фавқулодда вазиятларда Қуролли Кучлар қўшинларини турли даражадаги жанговар шайлик ҳолатига келтириш бўйича ҳужжатлар;
- Қуролли Кучларининг стратегик жиҳатдан ёйилиши, сони, жанговар таъминоти, ҳолати, қуролланиши, ташкилий тузилмаси, ривожланиши, жанговар таркиби ёки миқдори, жанговар тайёргарлиги тўғрисидаги, шунингдек, ҳарбий-сиёсий ва (ёки) тезкор вазият ҳақидаги маълумотлар;
- қўшинларнинг сафарбарлик жиҳатдан ёйилиши, одамларни ва транспорт воситаларини сафарбар қилиш, сафарбарлик жиҳатдан ёйилишни бошқариш тизими ва (ёки) қўшинларни шахсий таркиб билан бутлаш, қурол-яроғ, ҳарбий техника ҳамда бошқа моддий ва молиявий воситалар билан таъминлаш имкониятлари тўғрисидаги маълумотлар;
- давлат мудофаа буюртмаси доирасидаги буюртмалар, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш ҳажмлари ва йўналишлари, қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг конструкциялари, уларни ишлаб чиқариш технологиялари, уларнинг жанговар, физик, кимёвий тавсифлари тўғрисидаги, шунингдек, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани қўллаш тартиби ҳақидаги маълумотлар;
- ҳарбий мақсадларда фойдаланиладиган ракета ёқилғиси, балист порохлар, портловчи моддалар ва портлатувчи воситалар, шунингдек, қурол-яроғ ва ҳарбий техника учун янги қотишмалар, махсус суюқликлар, ёқилғини фош этувчи маълумотлар;
- мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини таъминлаш учун мўлжалланган алоқа тармоқлари ҳамда телекоммуникация инфратузилмаси тўғрисидаги маълумотлар;
- ҳарбий ёки махсус мақсадларда фойдаланиладиган радиочастота полосаларининг тақсимланишини фош этувчи маълумотлар;
- Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини таъминлаш манфаатларини кўзлаб космик инфратузилмадан фойдаланиш ва (ёки) уни ривожлантириш истиқболлари тўғрисидаги маълумотлар;
- ҳарбий объектлар ва инфратузилмаларнинг лойиҳаларини ҳамда ҳарбий-техник таъминот шартномаларни фош этувчи маълумотлар;
- республика бюджетининг Ўзбекистон мудофаа қобилияти ва хавфсизлиги таъминланишини фош этувчи харажатлари тўғрисидаги маълумотлар (умумий кўрсаткичлардан ташқари);
- ва бошқалар (тўлиқ рўйхат 20 банддан иборат).
Ташқи сиёсатга оид ва ташқи иқтисодий соҳадаги давлат сирларига қуйидагилар киради:
- барвақт тарқатилиши Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган, ташқи сиёсат стратегияси ва тактикасини фош этувчи, Ўзбекистон Республикасининг давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан икки томонлама муносабатларини тавсифловчи ташки сиёсат, ташқи савдо, илмий-техник алоқалар масалаларига доир маълумотлар ва шу каби бошқа маълумотлар;
- битта ёки бир неча чет давлатга нисбатан сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ёки илмий-техник масалалар юзасидан ишончлилик тартибида олинган маълумотлар, агар уларнинг ошкор этилиши манбанинг аниқланишига олиб келиши мумкин бўлса;
- халқаро муносабатларда ягона принсипиал ёндашувни ишлаб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси вакиллари ва бошқа давлатлар вакиллари ўртасидаги музокаралар тўғрисидаги маълумотлар, агар музокаралар иштирокчиларининг фикрига кўра ушбу маълумотларнинг ошкор этилиши тарафлардан бири учун дипломатик мураккабликларга сабаб бўлиши мумкин бўлса;
- барвақт тарқатилиши Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилиятига, хавфсизлигига, сиёсий ёки иқтисодий манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган халқаро шартномаларнинг тайёрланиши, тузилиши, мазмуни, бажарилиши, амал қилиши тўхтатиб турилгани ёки тугатилгани тўғрисидаги маълумотлар;
- қурол-яроғ, ҳарбий техника ёки аслаҳа экспорти ва импорти тўғрисидаги маълумотлар, агар ушбу маълумотларнинг ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган қоидаларга зид бўлса;
- чет давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоҳида даврдаги иқтисодий ҳамкорликнинг ҳажми ҳамда мазмунини фош этувчи маълумотлар.
Разведка, контрразведка, тезкор-қидирув ва давлат хавфсизлигига тааллуқли бўлган бошқа фаолият соҳасидаги сирлари жумласига қуйидагилар киради:
- разведка, контрразведка, тезкор-қидирув фаолиятининг кучлари, воситалари, услублари, режалари, шакллари ва натижаларини фош этувчи маълумотлар, шунингдек разведка, контрразведка, тезкор-қидирув фаолиятини молиялаштириш тўғрисидаги маълумотлар;
- аниқ шахсларнинг разведка, контрразведка, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг кадрлар таркибига мансублигини фош этувчи маълумотлар;
- тезкор-сафарбарлик тадбирлари, уларнинг ҳолати ва натижалари ҳақидаги маълумотлар;
- Ўзбекистон Республикаси президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек, давлат органларининг ички идоравий ҳамда халқаро ҳимояланган алоқа тармоқлари ва тизимлари (жойлаштирилган объектлари ва қурилмалари), криптографик ҳимоя воситаларининг калитли (яратиш, ишлаб чиқариш ва таъминлаш) хужжатлари, криптографик ҳимоя воситаларини таҳлил қилиш услублари ёки воситалари ҳақидаги ҳамда махсус мақсадга мўлжалланган ахборот-таҳлилий тизимлар тўғрисидаги маълумотлар;
- конституциявий тузумга тажовуз қилиш, тинчлик ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши жиноятлар билан боғлиқ бўлган жиноят ишлари бўйича терговни амалга ошириш кучлари, воситалари ва услубларини фош этувчи маълумотлар, агар улар давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган вазиятларни текшириш билан боғлиқ бўлса;
- давлат томонидан қўриқланадиган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш кучлари, воситалари, услублари, режалари, унинг ташкил этилиши тўғрисидаги маълумотлар;
- ва бошқалар (9 банддан иборат).
Иқтисодиёт, таълим, фан ва техника соҳасидаги давлат сирлари жумласига қуйидагилар киради:
- Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг уруш даврида барқарор ишлашига тайёргарлигини белгиловчи кўрсаткичлар тўғрисидаги маълумотлар;
- иқтисодиётнинг турли тармоқларида принципиал жиҳатдан янги буюмларни, технологик жараёнларни яратишда фойдаланилиши мумкин бўлган, шунингдек, қурол-яроғ ва ҳарбий техника имкониятларининг, уларнинг жанговар самарадорлигини оширишнинг сифат жиҳатидан янги босқичини белгиловчи фан ва техника соҳасидаги янги ютуқларнинг моҳиятини фош этувчи маълумотлар;
- металлургия саноати томонидан айрим турдаги нодир металларни ва стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа материалларни ишлаб чиқариш ҳақидаги маълумотлар;
- ер қаъридаги ресурслар потенциалини, баланс захираларни ёки айрим турдаги фойдали қазилмаларни қазиб олиш тўғрисидаги ахборотни фош этувчи маълумотлар;
- давлат ҳужжатларини қалбакилаштиришдан ҳимоя қилиш усуллари ва уларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш усуллари тўғрисидаги маълумотлар;
- индикация, газдан тозалаш, аҳолини оммавий қирғин қуролидан кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини ёки ушбу воситалар учун янги сорбцион ва бошқа материалларни яратиш мақсадида амалга ошириладиган ишларни фош этувчи маълумотлар;
- муҳим мудофаа ёки иқтисодий аҳамиятга эга бўлган топографик, геодезик ёки картографик фаолият натижаларини фош этувчи маълумотлар;
- сафарбарлик чоғида темирйўлларнинг юкларни темирйўлларда ташишни таъминлаш, ҳарбий юкларнинг ташилишини ташкил этиш бўйича имкониятлари ва (ёки) захираларини ҳамда ҳажмларини, энергетик, минерал ва қишлоқ хўжалиги хомашёсининг, ёқилғининг, материалларнинг стратегик турларини, қурол-яроғнинг ёки ҳарбий техниканинг алоҳида турларини ташиш ҳажмларини ҳамда транспортда ташиш йўналишларини, шунингдек, темирйўл ҳаракати хавфсизлигини ва юкларнинг бут сақланишини таъминлашга доир махсус чора-тадбирларни фош этувчи маълумотлар;
- фуқаро муҳофазаси кучларининг ёки воситаларининг ҳолатини фош этувчи маълумотлар;
- Ўзбекистон Республикасининг мудофаа манфаатларини кўзлаб фойдаланилиши мумкин бўлган кон қазилмалари, табиий бўшлиқлар, метрополитен ва бошқа иншоотлар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек аҳолиси 200 минг кишидан ортиқ бўлган шаҳарларнинг ичимлик суви таъминоти схемаларини, темирйўл боғламалари, стратегик ва мудофаа аҳамиятига эга бўлган объектларнинг схемаларини ва (ёки) ичимлик суви таъминоти бош иншоотларининг, уларни таъминловчи сув ажратгичларнинг жойлашишини фош этувчи маълумотлар;
- ядровий материалларнинг ва ядро қурилмаларнинг жисман ҳимоя қилинишини таъминлаш тўғрисидаги маълумотлар, бундан Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган ва уларни айирбошлашни назарда тутувчи халқаро шартномалар таъсирига тушадиган маълумотлар ҳамда очиқ манбалардан олиниши мумкин бўлган маълумотлар мустасно;
- Ўзбекистон миллий валютасини ва давлат қимматли қоғозларининг бланкаларини қалбакилаштиришдан ҳимоя қилиш усуллари ҳамда уларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш усуллари тўғрисидаги маълумотлар;
- ва бошқалар (25 банддан иборат).
Махфийлаштириш тартиби
Маълумотларни давлат сирлари жумласига киритиш ва уларни махфийлаштириш махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхати асосида амалга оширилади.
Маълумотларнинг махфийлик даражасидан келиб чиққан ҳолда уларни тарқатиш, тақдим этиш ва (ёки) чекловлар ўрнатиш бўйича чора-тадбирлар давлат сирлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари доирасида амалга оширилади.
Махфий маълумотлар рўйхати Давлат сири жумласига кирувчи маълумотлар асосида ва давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг марказий органлари таклифларидан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан ДХХ билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар раҳбарлари маълумотларни давлат сирлари таркибига киритиш тўғрисидаги қарори учун шахсан жавоб беради.
Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларнинг махфийлигининг қуйидаги уч даражаси ва ушбу маълумотларни ташувчилар учун ушбу даражаларга мувофиқ махфийлик грифлари белгиланади:
- махфийликнинг биринчи даражаси — «Алоҳида аҳамиятли»;
- махфийликнинг иккинчи даражаси — «Мутлақо махфий»;
- махфийликнинг учинчи даражаси — «Махфий».
Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни махфийлаштириш муддати давлат аҳамиятига молик сир учун — 30 йилдан, хизмат сири учун — 10 йилдан ошмаслиги керак.
Махфийлаштирилмайдиган маълумотлар
Айрим маълумотлар давлат сирларига киритилиши мумкин эмас:
- фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солаётган фавқулодда вазиятлар тўғрисида;
- табиий офатлар, уларнинг прогнозлари ва оқибатлари тўғрисида;
- экология, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, демография ва ижтимоий таъминотнинг ҳолати тўғрисида;
- жиноятчиликнинг ҳолати ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида;
- давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонунчиликнинг бузилишлари ҳақидаги маълумотлар;
- фойдаланиши, тарқатилиши ва тақдим этилиши қонун билан чекланмаган бошқа маълумотлар.
Бундай маълумотларни махфийлаштириш тўғрисида асоссиз қарор қабул қилган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилади, фуқаролар эса бундай қарорлар юзасидан судга шикоят қилиши мумкин.
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар мулкдорлардан маълумотларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисида шартномалар тузиш ҳуқуқига эга. Шартномада маълумотлар мулкдорига тўланадиган компенсация миқдори ва маълумотларни ошкор қилмаслик мажбурияти кўрсатилади.
Мулкдор воз кечган тақдирда, бошқа шахсга ўтказиш суднинг қарорига биноан компенсация тўланган ҳолда мажбурий амалга оширилиши мумкин.
Бироқ чет эл фуқаролари ва ташкилотларига тегишли маълумотларга бўлган мулк ҳуқуқи, агар улар қонун бузилмасдан тайёрланган бўлса, чекланиши мумкин эмас.
Фуқаролар бундай қарорларга судда эътироз билдириш ҳуқуқига эга.
Давлат сирларидан фойдаланиш
Давлат сиридан фойдаланиш рухсат беришни талаб қиладиган лавозимлар номенклатураси асосида тартибга солинади.
Рухсатномани расмийлаштириш ДХХ томонидан амалга оширилади. Рухсатномага эга бўлмаган шахслар давлат сирларига киришни талаб қиладиган лавозимларга тайинланиши мумкин эмас.
Рухсатнома Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга (халқаро шартномаларга риоя қилган ҳолда) расмийлаштирилиши мумкин.
Давлат сиридан фойдаланишга рухсат олиш учун ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги ёзма мажбурият, қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз ҳуқуқларини чеклашга ёзма розилик, ваколатли давлат органи томонидан ўтказиладиган текшириш тадбирларига розилик, давлат сирлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шу жумладан уларни бузганлик учун жавобгарлик чоралари билан танишиш талаб этилади.
Президентга, бош вазирга, Қонунчилик палатаси депутатларига, Сенат аъзоларига, судяларга, давлат лавозимларига президент томонидан тайинланадиган шахсларга текшириш тадбирисиз рухсат берилади.
Рухсат беришни рад этиш учун асослар:
- судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган бўлса;
- давлат сирлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ жиноят, фуқаролик ёки маъмурий ишнинг мавжудлиги;
- суднинг муомалага лаёқат сиз ёки лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги қарори;
- текширувлар натижалари бўйича хавфсизликка таҳдидларни аниқлаш;
- текширув тадбирларидан қасддан бўйин товлаш ёки ёлғон маълумотлар тақдим этиш.