Ҳайдовчи Ғайрат Дўстовнинг Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги метан заправкалардан бирида навбати етганда шохобча ёпиб қўйилганидан норози бўлиб, масъулларга йўллаган кескин видеоси тармоқларда кенг муҳокамаларни келтириб чиқарди. Унинг майда безорилик содир этганликда айбланиб, 15 суткага қамалиши эса жамоатчилик танқидига сабаб бўлди. Фаоллар, шунингдек, пойабзали йиртилиб кетган, машинани ижарага олиб ҳайдайдиган ва шу орқали (видеодаги гапи буйича) бола-чақаси учун меҳнат қилаётган фуқарога ёрдам бериш учун пул йиғишни ташкиллаштирди. Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Ғайрат Дўстов иши буйича апелляция суди 3 январь куни бўлиб ўтади. «Газета.uz» ишга доир маълумотларни бир ерга жамлади.

Биринчи видеомурожаат

24 декабрь куни интернетда Ғайрат Дўстов йўллаган видео пайдо бўлди. У видеода «Моротранс» МЧЖга қарашли газ қуйиш шохобчасида бир неча кун навбат кутиб ҳам автомашинасига ёнилғи қуйдира олмаганини таъкидлайди.

«Ўзбек халқи шунақа қўйми? Кечаси билан ётибди мана бу ерда. Хоҳлаган пайтингларда машинани киритасизлар, хоҳлаган пайтингларда ёпиб қўясизлар. Шунча одам нимага турибмиз? Ака, менинг уйимда ногиронларим бор, касалларим бор. Мен битта шу Damas`ни ҳайдайман, шундан бир-икки сўм тирикчилик қиламан. Кечаси билан ётганман бу ерда. Нимага ёпиб ташлайсанлар, қани ўша катта, чақиринг 102 ни. Ака, ҳозир шуни майдалайман бор-ку (заправканинг касса ойнасини кўрсатиб — таҳр.), майдалаб ташлайман ҳозир, чақиринг. Икки кундан буён ётибман мана шу ерда. Иймон, инсоф бўлиши керакми озгина?.. 37 миллион аҳоли, 1 миллион бор-ку, битта муттаҳамга ишлаяпти ҳозир. Салгина бир оғиз гапирсанг, ана бу ерга олиб бориб, агитация қиляпсан, йўқотяпсан, сенинг миянг, томинг кетган [дейишади], қанақасига?» — дейди у мурожаатида.

Ғайрат Дўстов видеочиқишида оиласида ногиронлар борлигини айтиб, таги йиртилиб кетган пойабзал кийиб юрганини кўрсатган.

«Мана, эй инсон, тепадаги раҳбарлар, пи****с, мана, қанақа оёқ кийим кийиб юрибман? Уйимда бор-ку, ейишга битта тузик нарса йўқ, шифохона ҳар куни, ногироним бор. Кечаси билан ётдим бу ерда, заправканинг олдида ётганман. Қани, қани бу ерда ҳақиқат? Мурдача ҳам киймайди мана бунақа оёқ кийимни. Тушуняпсанми? Эй ифлослар, нима қиляпсанлар ўзи? Президент қаерга қараяпти? Атрофдагилари қаерга қараяпти? Бўлмаса бор-ку, автоматни олиб чиқиб, отиб ташлаларинг ҳамма кишини. Қанақа аҳмоқчилик бу?» — дейди арзчи.

Шунингдек, фуқаро бензин заправкаларда ҳам навбат мавжудлиги ва уни ҳам олиш қийинлигини айтди. «Қуйиб берадиган бензинига машиналарнинг мотори эриб кетяпти. Уни назорат қиладиган бирор ташкилот йўқми?» — дея қўшимча қилди эркак.

«Қани ўша ҳокимиятдан, зўрроқлари, каттароғи, мансабда ўтирганлар, биронтанг мана шу ерга келиб, заправкада бир кеча эмас, бир соат навбат кутиб тура оласанми? Турмайсан-ку», — деган Дўстов навбат кутиб турган ўнлаб кишиларни кўрсатди.

Иккинчи видеомурожаат

24 декабрь куни кечки пайт Ғайрат Дўстовга тегишли навбатдаги видео тарқалди. Унда у биринчи видеода айтган фикрлари учун масъуллардан узр сўрамаслигини билдирган.

«Мен гапирган гапларим учун, билдирган шикоятларим учун, норозилигим учун, оғзимдан қанақадир қўпол сўзлар чиққан бўлса, тепадагилардан, масъул шахслардан, метан газ билан боғлиқ муаммо бўлган ҳолатдаги раҳбарлардан — бирортангиздан кечирим сўрамоқчи эмасман… Мен ҳеч қандай бир оқимга аъзо эмасман, бошқа ҳам эмасман. Мен шунчаки инсонман, ўзимнинг ҳақ-ҳуқуқимни талаб қиламан», — деган ҳайдовчи.

У Damas машинасини ижарага олиб ҳайдашини, уни кечқурун заправкага навбатга қўйиб кетган вақтида номаълум шахслар автомобиль ойналарини синдириб кетганини айтган.

«Сизлар бир нарсани озгина ўйлаяпсизларми? Президент қаерга қараяпти? Бош вазир қаерга қараяпти? Атрофдаги масъуллар қаерга қараяпти? Ҳеч нарсани билмайсизларми? Жуда яхши биласизлар. Оддий халқ заправкага кириб, икки, уч кун навбатда туриб, битта метан қуйиб чиқсак, ҳудди ёш болага ўхшаб хурсанд бўламиз. Кулгили ҳолат эмасми? Бу қанақанги ҳолат? Ўзбекистон қолоқ давлатми? Шунча ҳам паст давлатми? Бойлиги камми? Ерости, ерусти бойликлари, ресурслари керагидан-да зиёд-ку. Нимага шуларни халққа бермайсизлар?» — дея қатор саволлар қўйган у.

«Менинг бугунги норозилигим ҳеч қандай агитация ҳам эмас ёки мен халқни бир жойга тўплаб, қўзғолонга ҳам тайёрлаганим йўқ. Қани янги Ўзбекистон?.. Қани ўша қонун, ишлайдиган ўша қонун қани?» — дейди эркак.

У масъуллардан ҳеч бўлмаганда ёнилғи, метан заправка, электр энергияси каби асосий эҳтиёжларни халққа бемалол қилиб қўйишларини сўраган.

«Ҳақиқатни айтганим учун мени бугун ички ишлар чақира бошлаяпти. Майли, унга ҳам бораман, тепароғига ҳам бораман. Нима қиласизлар? Бу нарсаларни шантаж деб ўйламанглар, мен ҳақиқатни, юракдаги гапларимни айтяпман… Мана шу билан (Damas`га ишора қилиб — таҳр.) тирикчилигимни ўтказяпман. Заправкадан газ оламан десам, газ йўқ бўлса. Бензинга борай десам, бензин ёпиқ бўлса», — дея сўзлаган Дўстов.

«Ўзимнинг тинчлигим, бола-чақам, уч кунлик ҳаётда яхши яшашим учун ўзим ҳаракат қилишим керак, ўз фикрларимни айтяпман… Демократик давлат, сўз эркинлиги, фуқаролар эркинлиги, қонун устуворлиги бўлганидан кейин менинг ҳам гапиришга ҳақим борми? Нима учун ҳақиқатни гапирсам, мени прокуратурага чақирасизлар шунчаси етмаганидек», — деган ҳайдовчи.

Учинчи видеомурожаат

24 декабрь куни Ғайрат Дўстовнинг учинчи видеоси пайдо бўлди. Унда фуқаро ўзининг соғ-саломатлигини қайд этган.

«Ошна-оғайнилар, қонун ҳимоячилари, посбонлар… Мен кеча жаҳл устида, сиқилгандан, ҳаёт муаммолари билан анча-мунча фикрларни айтдим. Кимдандир тиз чўкиб узр сўрамоқчи эмасман. Кўнглимдаги бор фикрларимни очиқ айтдим. Аллоҳга шукур, соғ-саломатман. Менга ҳали ҳеч ким босим ўтказиб, жуда қаттиқ бир ёмон ҳолатга тушириб қўйгани йўқ», — дея сўз бошлаган у.

«Эркин, озод ватанда яшаяпман. Фуқароларнинг эркинлиги бор, қонун устуворлиги бор, сўз эркинлиги бор. Ўша сўз эркинлигимдан фойдаланиб, ўз фикрларимни билдириб ўтдим. Ҳозирча соғ-саломатман, нафас олиб турибман. Худо хоҳласа, мана, метанга етиб келдик. Насиб бўлса, метанни оламиз-да, ундан кейин уч-тўрт сўм пул топиб, бугун қозонимиз қайнайди», — дея қўшимча қилган ҳайдовчи.

15 сутка қамоқ

31 декабрга келиб, Ғайрат Дўстовга нисбатан суд хукми билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани маълум бўлди. Ҳукм жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани суди раиси Дурдона Дадаханованинг раислигида 26 декабрь куни ўқиб эшиттирилган.

«Газета.uz» ўрганган суд ҳужжатида Ғайрат Дўстов газ қуйиш учун навбатда турганида шохобча ёпилгани сабабли жаҳл устида шохобча ходимларини турли сўзлар билан ҳақорат қилиб, бақир-чақир қилгани, у қилган ишидан пушаймонлиги, келгусида бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини баён этиб, суддан енгиллик сўрагани ҳақида сўз боради.

Суд Ғайрат Дўстовни МЖтКнинг 183-моддаси (Майда безорилик)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топган. Бундан ташқари, ундан қамоқхона харажатлари учун 843 750 сўм ундириш белгиланган.

Жамоатчилик муносабати

Ғайрат Дўстовнинг кетма-кет эълон қилинган видеомурожаатлари тарқалар экан, жамоатчилик фаолларида унга нисбатан чора кўрилиши билан боғлиқ хавотирлар билдирила бошланди. «Агар эркак шу чиқишлари учун-да қандайдир жазо оладиган бўлса, кейин мени бу жамиятда адолат борлигига ҳеч ким ишонтиролмайди», — деб ёзди журналист Илёс Сафаров ҳукмдан икки кун аввал.

«Жамият, одамлар ҳақиқатни айтаётган, ҳаққини талаб қилаётган қаҳрамонни, ҳеч бўлмаса, фикрлар билан қўллаб-қувватлаши керак. Бу инсон жазоланмаслиги керак», — дея қўшимча қилди у.

Ҳайдовчи қамалгани ҳақидаги хабарлардан сўнг муҳокамалар янада авж олди. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев «оғзи шалоқ амалдорлар битта узр билан қутулаётган вақтда оддий бир халқ вакили қамаб қўйилишини адолатдан эмас», дея баҳолади.

«Агар халқ адолатни ҳис қилса, жуда кўп муаммоларга сабр билан чидай олади. Тўғри, муаммолардан норози бўлиб, эътирозини баралла айтадиганлари ҳам кўп бўлиши табиий, чунки халқ бу яхлит тана эмас, 37 миллион хил инсондан таркиб топган. Аммо гапириб-гапириб, барибир муаммоларга сабр қилишда, тишини-тишига қўйиб, турмуш ташвишлари билан ўралашишда давом этаверади. Ахлоқсизликка ўтмайди. Дардини айтиб, сал енгиллашиши мумкин, чунки бу жиноят эмас. Аммо халқ адолатни ҳис қилмаса, ҳар қадамда адолатсизликни кўрса, унда бу ёмон. Бунақада таранглашган асаблар ахлоқ чегарасини кесиб ўтади, оқибати кафолатланмаган», — деди у.

«Йилни катта хато билан бошладик. Афсус, минг афсус. Зиғирчалик фойдаси бўлмаган, аммо халқнинг давлатга бўлган ишончи нуқтаи назаридан жуда катта зарар олиб келадиган ушбу ташаббус кимдан чиққанини билмайман. Аммо бу хатонинг ўрнини қоплаш учун жуда кўп иш қилиниши кераклигини аниқ биламан», — деди ҳуқуқшунос.

метан заправка, ғайрат дўстов иши

Муаллиф: @habikatura

Юқоридаги карикатура бўлса Instagram`да «Инсон қадри учун озодлик» шиори билан флешмобга айланди ҳамда ҳозиргача 35 мингга яқин инсон уни ўз сторисларида бўлишди.

метан заправка, ғайрат дўстов иши

Молиячи, жамоатчилик фаоли Отабек Бакиров 2025 йил бошида «инсон қадри учун, инсон бахти учун биргаликда ҳаракат қиламиз», деган шиорга ишониши ҳамда фуқаро кафолат остида олиб чиқилиши тўғри бўлишини ёзди.

«Ғайрат Дўстовга кафолат бериб олиб чиқилиши тўғри бўлади. Туман, шаҳар кенгаши депутатлари бор. Маҳалла бор. Уйида қарамоғида бола-чақаси кўз тикиб ўтиргандир. Давлатнинг Куч пропорцияси бор, Меҳр пропорцияси ҳам. Ўз кучига ишонган давлат меҳриниям аямайди».

Бундан ташқари, Отабек Бакиров совуқ кунлар кириб келиши ва яна навбатлар фонида исталган бошқа ўзбекистонлик ушбу фуқаронинг ўрнида бўлиши мумкинлигини таъкидлади. У энергетика соҳаси учун масъулларни газ берилмаётган ўринда етарлича ва жонли ахборот беришга чақирди.

Блогер Шаҳноза Соатовага кўра, Ғайрат Дўстов ўзи истаб эмас, вазият ва шароит тақозоси билан халқ қаҳрамонига айланди.

«Янги йилни ногиронлиги бор фарзанди ва оиласи даврасида эмас, панжара ортида кутган отаю; отасиз байрамни ўтказган жўжабирдек оила кўз олдимга келиб, юрак эзиляпти. Бу ишда одамлар ўзига нисбатан адолатсизлик кўряпти. Бу — факт, тармоқларда ёзилаётган норози фикрлар сони ва салмоғи соат сайин ортмоқда. Одамларнинг кайфиятини тушириб, ижтимоий тарангликни орттирган бу кейс узоқ вақт эсдан чиқмайди», — дейди у.

Соатова муаммони келтириб чиқарган сабабларни бартараф этиш муҳимлигини қайд этди.

«Ҳар йили совуқ тушса, метан заправкаларда одамлар норозилигини келтириб чиқарувчи ҳолатлар бўляпти. Ўтган йили ўласи қилиб урилган йигит воқеаси ҳали ёддан чиқмаганди. Ҳамманинг овозини ҳам, хотирасини ҳам ўчириш имконсиз. Шу ўринда Дўстовнинг қийин аҳволга тушиб қолган оиласидан маҳалла тузилмалари ва ижтимоий ҳимояга масъул органлар хабар олишларини илтимос қиламан», — деди у.

1 январь куни тармоқларда Ғайрат Дўстовни қўллаб-қувватлаш акцияси бошланди. Ҳайдовчига моддий ёрдам бериш мақсадида одамлар пул йиғишга киришди. Бир кун ичида 43,2 миллион сўмдан зиёд маблағ тўпланди.

метан заправка, ғайрат дўстов иши

Ғайрат Дўстовнинг рафиқаси: «Оиласида ҳеч қандай ногирон йўқ»

2 январь куни блогер Саодат Абдузакирова Ғайрат Дўстовнинг шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи дея таништирилган Лола Жабборалиева билан унинг хонадонида қилган суҳбати видеосини намойиш этди.

«Ғайрат Дўстов билан 2021 йилда танишиб, унга турмушга чиққанман. У билан 4−5 йил яшаб қўйдим, бир ўғил ва бир қиз фарзандимиз бор. Бир йилдан бери оилавий келишмовчиликлар сабабли яшамаяпман. Ойим бизга уй олиб берган, эрим у ерда яшашни хоҳламайди, уйни ўз номингга ўтказасан, деб гапиради. Ойим „Мени номимда туради, у катта ўғлингга, келажакда унга қолади, сен эринг билан уй олиб чиқиб кетаверасан“, дейди. Эрим бунга кўнмайди, шунинг ортидан жанжал бўлиб, мен иккита боламни олиб кетиб қолганман. Лекин эрим болаларни номига ҳам олмаган, фамилияни ўзим берганман», — дейди аёл.

У суҳбатда Ғайрат Дўстов турмуши давомида уй масаласида жанжаллашиб, уни кўп маротаба калтаклагани, у билан бундан буён яшамоқчи эмаслигини гапирган.

«Жаҳли чиқса, ўзи кўп гапириб ташлайверади. Бизнеслари бор, ўзи яхши пул топади, мева-чева билан, бозор билан шуғулланади. Лекин болаларга алимент, ҳеч нарса олмайман. Фақат болалар пули оламан ва шуни ишлатаман. У ҳеч нарса олиб бермайди, пул ҳам бермайди», — дея қўшимча қилди аёл. Шунингдек, у Ғайрат Дўстовнинг онаси ногирон эмаслиги ва ярим йил олдин вафот этганини, оиласида ногирон одам йўқлигини айтди.

Ўз навбатида, Саодат Абдузакирова эълон қилган видеолавҳа изоҳларида Дўстовнинг қамалиши ва унинг шахсий ҳаёти, жумладан, оиласидаги вазият орасида қандай боғлиқлик борлиги саволга тутилган. Шунингдек, бу ерда эътиборни аввало ҳайдовчи кўтарган муаммога қаратиш кераклиги ҳақида ўхшаш фикрлар қолдирилган.