31 декабрь куни ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ шахслар қадоқдаги ҳожатхона қоғозларини йиғиб, уни автомобиль билан бузиб ўтгани акс этган видео тарқалди. Ундан сўнг ҳолатни уюштирганлар атроф-муҳитни ифлослантириб, ҳудудда қоғоз чиқиндиларини қолдириб кетгани ҳақида видео пайдо бўлди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи Қаҳрамон Худайберганов видео иштирокчиси бўлган Жасурбек Шодиев (Жасжан) исмли шахс ҳолат бўйича жавобгарликка тортилганини маълум қилди. Блогер уни «контент учун» қилгани, видео тармоқларда 4 миллиондан ортиқ маротаба кўрилганини айтди. У ҳолат такрорланмаслигини айтиб, узр сўради.
Маълум бўлишича, воқеа 30 декабрь куни Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги Боғбон МФЙ ҳудудида бўлган. Фуқаро ҳожатхона қоғозлари уюми устига чиққан пайтида машина унинг остидан тезликда юриб ўтган. Фуқарога ҳеч қандай жароҳат етмаган, машина зарар кўрган.
Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ўзининг Telegram`даги каналида фуқарога ИИБдан ташқари, Экология инспекцияси ходимлари атроф-муҳитни ифлослантиргани бўйича БҲМнинг 5 баравари миқдорида (1 млн 875 минг сўм) жарима қўллагани ҳақида хабар берди.
Айни пайтда Экология ходимлари ҳуқуқбузарнинг бошқа шерикларини ҳам аниқлаб, уларга ҳам чора кўриш ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.