1 январь куни АҚШнинг Янги Орлеан шаҳрида машина ҳудуд марказида одамлар тўпланиб турган жойга кириб борди. Ҳодиса Француз кварталининг асосий кўчаси ва шаҳарнинг энг машҳур сайёҳлик масканларидан бири бўлган Бурбон-стритда содир бўлди. Бу кўчада кўплаб барлар, ресторанлар ва тунги клублар жойлашган бўлиб, ҳужум пайтида уларнинг барчаси одамлар билан гавжум эди.

CNN маълумотларига кўра, ҳодиса туфайли ҳалок бўлганлар сони камида 15 кишини, жароҳатланганлар эса 35 кишини ташкил этмоқда. Буни шаҳар коронери доктор Дуайт Маккена тасдиқлаган. Ҳалок бўлган ва жароҳатланганларнинг аксарияти маҳаллий аҳолидир.

Гувоҳларнинг CBS News нашрига айтишича, автомобиль ҳайдовчиси оломон ичига кириб келгач, машинадан тушган ва атрофдаги одамларга қарата ўқ узган. Ўз навбатида, икки полициячи ҳам яраланган, якунда ҳужумчи полиция билан отишмада ҳалок бўлган.

Янги йил кечасидаги ҳужумда АҚШ фуқароси, техаслик 42 ёшли Шамсуддин Жаббор исмли шахс гумонланмоқда. У 2007 йилдан 2020 йилгача АҚШ армиясида, армияга қўшилишдан олдин АҚШ денгиз флотида ҳам бир ой хизмат қилган. Армия маълумотларига кўра, у штаб сержанти сифатида хизматни тарк этган, деб ёзади CNN. У, шунингдек, бир вақтлар Афғонистонда ҳам хизмат қилган.

Ҳужум қасддан содир этилгани аниқланди. Полициянинг таъкидлашича, гумонланувчи «имкон қадар кўпроқ одамни ўлдиришга уринган», шунингдек, у «қон тўкиш ва зарар етказиш ғояси билан йўғрилган». Федерал тергов бюроси (ФТБ) фожиали воқеани «террорчилик ҳаракати» сифатида текширмоқда. Бюронинг маълум қилишича, воқеа жойида қўлбола портловчи қурилмалар топилган. ФТБ баёнотида унинг ижарага олинган Ford машинасидан ИШИД гуруҳи байроғи топилгани ҳақида сўз боради, шу боисдан ушбу шахснинг террористик ташкилотлар билан потенциал алоқаларини аниқлаш устида ишланмоқда.

Фожиага АҚШнинг истеъфога чиқаётган президенти Жо Байден ҳам, унинг ўрнига сайланган Дональд Трамп ҳам муносабат билдирди.

Жо Байден «маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг янада кўпроқ қурбонлар ва ярадорларнинг олдини олишга имкон берган жасоратли ва шошилинч реакциясини» олқишлади. Президентнинг баёнотида, шунингдек, Байден тергов давомида ўз жамоасига «барча ресурслардан фойдаланишни таъминлаш» ва «бошқа ҳеч қандай таҳдид йўқлигига ишонч ҳосил қилиш»ни топширгани айтилади.

«Байрамни нишонлаш учун кўчага чиққан жабрланувчилар ва уларнинг оилаларига чин қалбимдан ҳамдардлик билдираман. Ҳеч қандай зўравонликка оқлов йўқ ва биз миллатимизнинг бирорта ҳам жамоасига қарши қилинган ҳар қандай ҳужумга асло тоқат қилмаймиз», — деб ёзди президент ўзининг X саҳифасида.

«Мамлакатимизда жиноятчилик мисли кўрилмаган даражага етган. Барчамиз бегуноҳ қурбонлар, уларнинг яқинлари, шу жумладан, Янги Орлеан полиция департаменти ходимларининг оилалари билан биргаликда қайғуряпмиз», — дея Трампдан иқтибос келтирди NYT.

«Мен кириб келаётган жиноятчилар бизнинг мамлакатимиздаги жиноятчилардан анча ёмонроқ деб айтганимда, бу баёнот демократлар ва сохта янгиликлар ёзадиган оммавий ахборот воситалари томонидан доимий равишда рад этилди, аммо бу ҳақиқат бўлиб чиқди», — деб қўшимча қилган Трамп (юқорида ёзилганидек, мазкур ишдаги ҳужумчи — АҚШ фуқароси).

Эслатиб ўтамиз, Германиянинг Магдебург шаҳрида 20 декабрь куни автомобиль Рождество ярмаркасига ташриф буюрганлар орасига кириб борганди. Бунда беш киши ҳалок бўлган, икки юздан ортиқ киши яраланган.