Ўзбекистонда чет давлатлар автотранспорт воситаларининг мамлакатга киргани ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғимларнинг ставкалари кўриб чиқилди. Бу 2025 йилга мўлжалланган Давлат бюджети тўғрисидаги қонундан англашилади.
Хусусан, Туркманистонда рўйхатдан ўтган юк машиналарининг кириши учун тўловлар сезиларли даражада оширилмоқда. 2025 йил 1 январдан бошлаб улар тоннасига қараб:
- 10 тоннагача — битта юк машинаси учун 130 доллар (50 доллар бўлган);
- 10 тоннадан 20 тоннагача — 180 доллар (100 доллар);
- 20 тоннадан ортиқ — 250 доллар (150 доллар).
Бундан ташқари, Туркманистоннинг юк автотранспорт воситаларидан учинчи мамлакатлардан юкларни ташиш ва Ўзбекистон ҳудудидан юкларни олиб чиқиш учун қўшимча йиғим суммаси 200 долларга — 175 доллардан 375 долларгача оширилади.
Европа Иттифоқи давлатлари ва Озарбайжон учун мамлакатда бўлиш вақти бўйича табақалаштирилган тарифлар жорий этилди: 14 кунгача киришда 80 доллар, 14 кундан ортиқ — 280 доллар.
Ушбу йиғимнинг транспорт воситасини Ўзбекистон ҳудудига киришда ҳисобланган суммаси транспорт воситасини Ўзбекистондан чиқишда қайта ҳисобланиши мумкин. Қайта ҳисоблаш транспорт воситасининг мамлакатда ҳақиқатда бўлиш муддатига боғлиқ.
Ўзбекистонга киришда чет давлатларнинг ташувчиларига юкларни автомобилда халқаро ташишга доир рухсатномаларнинг миллий ташувчилар эҳтиёжидан ортиқчасининг ҳар бир донасини реализация қилиш учун 400 АҚШ доллари миқдоридаги йиғим белгиланади. Бунда, транзит рухсатномаси учун ушбу йиғим ставкасига нисбатан 0,5 камайтирувчи коэффициент, учинчи мамлакатларга (дан) юк ташиш рухсатномаси учун 2,0 кўпайтирувчи коэффициент қўлланади.
Эрон автотранспорт воситаларидан Ўзбекистон ҳудудига киргани ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғимлар ставкаси тенглик асосида «0» (ноль) этиб белгиланади.
Қолган мамлакатлар учун тўловлар аввалги даражада сақланиб қолди:
- Тожикистон — тоннаcига қараб 100−150−200 доллар;
- Қозоғистон — 300 доллар;
- Қирғизистон — 300 доллар;
- Афғонистон — 50 доллар.
қолган давлатлар — 400 доллар.
Октябрь ойида Ўзбекистон ва Туркманистон транспорт хизматлари учун тўловларни тенг ва шаффоф асосда олишга келишиб олганди. Маълум қилинишича, 2025 йилдан бошлаб миллий ташувчилар учун йиғимлар тенглаштирилади.
Шунингдек, мамлакатлар ўртасида рухсатнома бланкаларини электрон алмашиш (E-Permit) тизимини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бундай тизимлар ҳозирда Ўзбекистон, Туркия ва Қозоғистон ўртасидаги ташувлар учун ишлайди.