2025 йил 1 январдан бошлаб «Ўзбекнефтгаз» Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқариладиган барча турдаги нефть маҳсулотлари, жумладан, автобензин фақат «эркин рақобат муҳитида» биржа савдолари орқали сотилади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
«Республика аҳолисининг автобензинга бўлган талабини бир маромда қондириш масаласи давлат назоратига олинган бўлиб, бунинг учун барча имкониятлар сафарбар этилган», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, биржа савдолари 3 январдан бошланади.
Давлат компаниясининг таъкидлашича, бугун мамлакатнинг товарлар ва хизматлар бозорида самарали рақобат муҳитини пайдо қилиш, монополияни босқичма-босқич камайтириш, тақсимлаш тизими унсурларини тугатиш, хўжалик юритувчи барча субъектларнинг моддий-техника ресурслар билан таъминланишида тенг шарт-шароитларни яратиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи Аи-80, Аи-91, Аи-92, Аи-95 бензинлари (асосан 80-бензин), авиация ёнилғиси, суюлтирилган газ, дизель ёнилғиси, ўчоқ мазути, техник олтингугурт, пропанли хладагент, пиролизли газолин, углеводород эриткичи ишлаб чиқаради.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2017 йил 14 ноябрдаги қарори билан бозор тамойиллари асосида фақат биржа савдолари орқали сотиладиган юқори ликвидли ва (ёки) монополь турдаги маҳсулотлар, хомашё ва материаллар рўйхати тасдиқланган. Бу норма монополист корхоналар ва (ёки) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахсларга тааллуқлидир.
Ушбу рўйхатга 38 турдаги товар ва хомашёлар, жумладан, бензин, дизель, суюлтирилган газ, мазут ва бошқалар киритилган. Яъни, «Ўзбекнефтгаз» қонунчиликка кўра, бензинни биржада сотишга шундоқ ҳам мажбур.
«Газета.uz» «Ўзбекнефтгаз»га ўзгаришлар қайси маҳсулотларга тааллуқли экани бўйича мурожаат қилди.
Ўтган йилнинг бошида Энергетика вазирлиги «Газета.uz»га Аи-92 ва ундан юқори маркали бензин ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига 2026 йилгача Аи-80 бензиндан воз кечиш режалари ҳақида хабар берганди. Шу билан бирга, юқори октанли бензин маркаларига акциз ставкаларини пасайтириш таклиф қилинган. Ўзбекистон президенти 2025 йилдан Аи-80 бензиндан бутунлай воз кечишни топширган. Бироқ Аи-80 бензинидан фойдаланишни тақиқлаш якунда 2028 йилдан босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилди.