«Афросиёб» тезюрар поезди 2025 йилдан Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида тўхтаб ўтишни бошлайди. Бу ҳақда президентнинг 2024 йил 29 ноябрдаги «Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига таянган ҳолда Самарқанд шаҳри ҳокимлиги хабар берди.

Жамоатчилик учун очиқ бўлмаган ҳужжатга кўра, Транспорт вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари»га «Тошкент — Бухоро» йўналиши бўйича Каттақўрғон шаҳрида оралиқ поездлар тўхтаб ўтишини ташкил этиш топширилган.

Бундан ташқари, ҳужжатда Самарқанд ва Каттақўрғон ўртасида электропоезд қатновини йўлга қўйиш режалари ҳақида сўз боради.

Шунингдек, янги йўналишлар, жумладан, «Булунғур — Самарқанд — Жума — Каттақўрғон» йўналишини очиш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида вокзаллар инфратузилмаси яхшиланади, замонавий поездлар харид қилинади.

Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш ўтказганди. 2025 йилда ҳудудий дастурлар доирасида вилоятга 1 миллиард 850 миллион доллар сармоя киритиш, 20 минг иш ўрни яратиш, қўшимча равишда 1,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.