Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров ўзининг Telegram`даги каналида газ заправкадан масъулларга мурожаат қилган ва кейинчалик «майда безорилик» сабаб 15 суткага қамалган Ғайрат Дўстов ҳақида пост қолдирди.

Унинг постида бир неча мавзулар ҳақида гап борган.

«Исроф ва қадрсизлик энг катта мусибатларимиз бўлса керак. Соғлик, қадр, имконият ва маблағни игнада йиғиб, белкуракда совурадиган миллатга айланиб қолаётгандекмиз… Янги йилда итальянлар эски мебелларини янги йилга ўтказмасликка ҳаракат қилишса, биз пулимизни келгуси йилга ўтказмасликка ҳаракат қилаётгандек ҳаракат қиламиз. Бозорга кирган ҳамма нарса сотилади, яна икки карра қимматига. 1 январь кунидан янги пул муомалага киритиладигандек…», — деб ёзган депутат.

Кейинчалик эса пост тўйлар мавзусида давом этган.

«Худди шундай — тўйлар… Эртага кун йўқдек — исроф, тумонат, шовқин-сурон, исрофгар дастурхонни ярми ахлатга отилиши бир дард, оломоннинг қаҳрамони бўлишга даъвогар, суруштирсанг ҳомийлик сўраган боласининг мактабида жанжал қилган ёки ташлаб кетган боласини алиментига даромади етарсиз, иккиси ҳам бўлмаса, пул топиб ақл-барака топмаган омадсиз-маст эркакларни ғижимлаб пул сочиши яна бир дард…», — деб ёзган Алишер Қодиров.

Шундан сўнг постда метан заправкадаги мурожаати билан танилган ва кейинчалик «майда безорилик» сабаб 15 суткага қамалган Ғайрат Дўстов ҳақида гап боради.

«Ғайрати ва имкониятини қадрламайдиган жамият бўлиб қолаётгандекмиз… Метан болага тушунмадим, барака топгур ўзингни қадрла, ғайратингни байрамдан кейин қил, вазифаси суриштириш бўлган идоралар суриштиришга мажбур, байрамни болаларинг олдида эмас, суриштирув изоляторида ўтказишинг аниқ эдику?», — деб ёзган депутат.

«Эътирознинг тўғри-нотўғрилиги ҳақида кейинроқ ва кенгроқ, лекин бир оилада болалар отасининг тадбирсизлигидан янги йилни нафақат кайфиятсиз, отасиз ҳам кутишга мажбур бўлдилар… Давлат, қонун, ҳукумат — бу институтларнинг ҳаммаси инсон учун ишлайди. Инсон учун ишлаш учун инсонлар учун чекловлар жорий этади ва уни қўллашга ваколатли ва мажбур. Дунёни истаган давлатида ҳақ ва мажбурият бир-бирига чегара чизади, қайси томон тартиблироқ бўлса, ўша томоннинг ҳудуди кенгроқ бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Ўзини қадрламайдиган, топганини тушунмайдиган, исрофчи жамиятнинг ҳақ ҳудуди доимо тор бўлган, бундан кейин ҳам шундай бўлади», — дея қўшимча қилган у.

Алишер Қодиров ўз постини янги йил табриги билан якунлаган.

«Биз йўлнинг бошидамиз, инсон ҳар йилда бир ёшга улғайса, давлатлар, жамиятлар ўн, йигирма, айримлари эса юз йилларда бир ёшга улғаяди. Кучли жамият бўлиш учун ҳали кўп тортишилади, бу зарур ва табиий жараён, лекин қанча вақт кетиши қадр ва инсоф, барака ва исроф деган тушунчаларни тезроқ англаб етишимиз ва ҳаётимизга татбиқ эта олишимизга боғлиқ. 2025 йил Ўзбекистонимизга ҳайрли ва баракали келсин», — деб ёзган депутат.

Ғайрат Дўстов билан боғлиқ воқеаларнинг барча тафсилотлари билан «Газета.uz»нинг мана бу материалида танишиш мумкин.