2024 йил 24 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Бекобод туман фуқарони калтаклаб, унинг ўлимида гумонланган ИИБ ходимига суд ҳукми ўқилди. «Газета.uz» суд ҳужжатини ўрганди.

Ҳужжатга кўра, гумонланувчи Фирдавс Мурадуллаев 2022 йил январь ойидан 2024 йил 1 июлга қадар Тошкент вилояти ИИББ учинчи минтақавий ҳудуд Бекобод шаҳар ИИБ ЖХХ Ҳуқуқбузарликлар профилактика бўлинмаси профилактика инспектори лавозимида ишлаб келган. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган мансабдор шахси бўла туриб, мансаб ваколати доирасидан четга чиққан.

2024 йил 19 июнь куни соат 17:30 ларда Бекобод туманида профилактика инспекторлари томонидан ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан фаол қаршилик кўрсатгани сабабли ака-ука Дилмурод ва Дилшод Юсупвалиевлар ЖИБ Бекобод шаҳар суди биносидан Бекобод шаҳар ИИБ маъмурий биносига куч ишлатиб олиб келинган.

Фирдавс Мурадуллаев Юсупвалиевларни сўровхонага олиб кирмасдан, Дилмурод Юсупвалиевнинг қўлларини орқага қайирган ҳолда қаддини буккан ҳамда қорин қисмига тиззаси билан зарба берган. Сўнгра Дилмурод Юсупвалиевни ерга йиқитиб, унинг юз ва қорин қисмларига зарба бериб, оғир тан жароҳати етказган.

Шундан сўнг Дилмурод ва Дилшод Юсупвалиевларни вақтинча ушлаб туриш учун ўз ваколат доирасида шахсан ўзи ёхуд бошқа мансабдор шахснинг ушлаб туриш учун асос ҳисобланувчи қарори қабул қилинмаганини била туриб, ИИБ биноси ичидаги вақтинча ушлаб туриш хонаси (ВУТХ)га киритишга эришган. Оқибатда Дилмурод Юсупвалиев воқеа жойида вафот этган.

Суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра, унинг ўлими қорин ёпиқ ўтмас жароҳати, ингичка ичак тутқичи, мезентериал артерия ёрилиши ва ички қон кетиши (3000 мл) постгеморагикшок оқибатида юзага келган.

Фирдавс Мурадуллаев ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ВУТХ ичида Дилшод Юсупвалиевнинг чап қулоқ соҳасига урган. Шунингдек, Дилшод Юсупвалиев ВУТХдан маъмурий бино коридорига чиқиб, профилактика инспектори М.Имамқулов билан суҳбатлашиб турган вақтида ҳам чап юзи ва қулоқ қисмига икки маротаба зарба берган ҳолда унга енгил тан жароҳати етказган.

Судда Фирдавс Мурадуллаев айбига иқрорлик билдирмаган. У дастлабки тергов органи томонидан нотўғри айблов эълон қилинганини, Дилмурод Юсупвалиевни тепмаганини, камерада тепганга ўхшаб кўриниб қолганини, Дилшод Юсупвалиевни тартибга чақириш учун уриб юборганини айтиб, жабрланувчиларнинг оиласидан кечирим сўраган ҳамда моддий ва маънавий зарарларни тўлашга тайёрлигини билдирган.

Суд ҳужжатига кўра, Фирдавс Мурадуллаевнинг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.

Суд ҳукми билан Фирдавс Мурадуллаев Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлиши), 109-моддаси 1-қисми (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) ва 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан айбли деб топилди.

Унга 3 йил муддатга ИИБ тизимида, давлат иштирокидаги ташкилотларда раҳбарлик ҳамда моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган. Жазони ўташ муддати 2024 йил 20 июнь кунидан бошлаб ҳисобланади.

Нима бўлган эди?

Тошкент вилояти ИИББ хабарига кўра, 43 ва 46 ёшли ака-ука қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбланаётган 33 ёшли укасининг суд мажлисига борган. Улар укасига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганидан норози бўлиб, залда жанжал кўтарган ва жамоат тартибини бузган.

Мазкур ҳолатда жамоат тартибини тиклаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун суд залига ҳудудий ички ишлар бўлими ходимлари чақиртирилган. Етиб келган уч нафар ИИБ профилактика инспектори томонидан жанжал бартараф қилиниб, ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида воқеа иштирокчилари шаҳар ИИБ биносига олиб борилган.

43 яшар фуқаро Бекобод шаҳар ИИБ биносига кириш йўлагида соғлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотгани, у шаҳар шифохонасига олиб борилгани ва кўрикдан ўтказилганда вафот этгани аниқлангани қайд этилган.

Лекин марҳумнинг акаси, Дилшод Юсупвалиев «Газета.uz»га берган интервьюсида укаси ҳушини йўқотмагани, уни бир неча ходим калтаклаганини айтди.

«Кўчанинг бу тарафи Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳри суди бўлса, нариги томонида ИИБ биноси жойлашган, орадаги масофа тахминан 150 метр чиқади. Кўчага чиқишимиз билан 5 нафар ИИБ ходими укамнинг қўлини қайириб, ички ишлар биносига олиб кирди, орқасидан мен кирдим. Дарвозадан ўтишим билан 3 ходим менинг ҳам қўлимдан қайириб, олиб кириб кетди. „Нулёвка“ деган хонада битта ходим укамнинг қўлларини қайириб турди, иккитаси қорнига тепди, яна биттаси дубинка билан урди. Укам қорнини ушлаган ҳолда ерга йиқилди ва менга „тез ёрдам чақир, мазам қочяпти“, деди. Ўша вақтда ходимлар мени ҳам урди ва ерга йиқилдим. „Тез ёрдам чақир, укамнинг мазаси қочяпти“, дейишим билан битта ходим қулоғимга кетма-кет урди. Беш-олти ходим укамни кўз олдимда яна тепди», — деганди марҳум акаси.

«Ўша ерда 8 нафар ички ишлар ходими бор эди. Учтаси мени урган бўлса, қолгани укамни урди, ҳаммаси ёш йигитлар экан. Улар тез ёрдам чақириш ўрнига укамни „нулёвка“ хонасининг эшиги олдида яна урди. Навбатчи ходимга ҳам тез ёрдам чақиришини айтдим, аммо чақиргани йўқ, ҳаммаси томошабиндек қараб турди. Ходимлар бизни 7−10 минут давомида уришди», — деганди у.