3 январь куни Шавкат Мирзиёевга 2025 йил учун Ўзбекистоннинг давлат бюджети тўғрисидаги қонун ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида ахборот берилди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.
Қонун 17 та модда ва 10 та иловадан иборат, унда асосий иқтисодий кўрсаткичлар ўз ифодасини топган. Хусусан, 2025 йилда мамлакат ЯИМи 6 фоиз ўсиши кутилмоқда.
Консолидациялашган бюджет даромадлари 431 триллион сўм миқдорида, харажатлари эса 480,5 триллион сўм миқдорида режалаштирилган ҳолда, ЯИМга нисбатан 3 фоиз миқдоридаги тақчиллик билан тасдиқланди.
Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари баланси ЯИМга нисбатан 2 фоиз миқдорида тақчиллик билан шакллантирилди. Бунда давлат бюджети даромадлари 308,5 триллион сўм, харажатлари эса давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 344,8 триллион сўм миқдорида режалаштирилди.
2025 йилда Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг даромадлари прогнози 65,8 триллион сўм, харажатлари прогнози 84,3 триллион сўм миқдорида бўлиши инобатга олинган. Шунингдек, республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга 18,5 триллион сўм миқдорида тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар ўтказиб берилиши назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, президент 2025 йил учун давлат бюджетини 24 декабрь куни тасдиқлаган. «Газета.uz» қонуннинг асосий кўрсаткичлари ҳақида ёзганди.
Хусусан, қонунга кўра, бу йил ҳам бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинди. Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, фан, маданият ва спортни ривожлантириш, муҳтож аҳолини уй-жой билан таъминлаш каби тадбирлар учун жами давлат бюджети харажатларининг 52 фоизи йўналтирилади.
Маҳаллий бюджетлар даромадини кўпайтириш ва мустақиллигини ошириш мақсадида қуйидаги солиқ турлари қўшимча тарзда туман ва шаҳарлар бюджетларида қолдирилади:
- айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг ер ва мол-мулк солиқлари тўлиқлигича (йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқлар бундан мустасно);
- жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумларининг камида 50 фоизи (йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқлар бундан мустасно);
- давлат мулкини хусусийлаштиришдан маҳаллий бюджетларга тушадиган тушумларнинг 50 фоизи.
Шунингдек, туман ва шаҳарлар маҳаллий кенгашларига айрим солиқ турлари бўйича коэффициент қўллаш ваколатлар берилди.
Хабарда ёзилишича, давлат бюджети жорий йилда ҳам «иқтисодиётни изчил ривожлантириш, ижтимоий масалаларни манзилли ҳал этиб, аҳоли фаровонлигини оширишга» хизмат қилади.