Шавкат Мирзиёев Янги Орлеан шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан АҚШ президенти Жозеф Байденга таъзия мактуби йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
«Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон халқи номидан ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига, бутун Америка халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади», — дейилади хабарда.
1 январь куни Янги Орлеан шаҳридаги Француз кварталининг асосий кўчаси ва шаҳарнинг энг машҳур сайёҳлик масканларидан бири бўлган Бурбон-стритда машина одамлар тўпланиб турган жойга кириб борди ва камида 15 киши ҳалок бўлди, шунингдек, 35 киши жароҳатлангани айтилди. Кейинроқ ҳалок бўлганлар сони 14 нафар дея маълум қилинди.
Федерал тергов бюроси (ФТБ) бу воқеани «террорчилик ҳаракати» деб таърифлади. Ҳужумда АҚШ фуқароси, армия собиқ хизматчиси гумонланмоқда. Унинг ижарага олинган машинасидан ИШИД байроғи топилган.