Президент Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни «Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Ҳужжатнинг «йўл харитаси»га мувофиқ, электр энергиясини беҳуда сарфлаш, жумладан, ундан биноларни ёритиш учун хўжасизларча фойдаланиш тушунчаси ва тадбиркорлик субъектлари фаолият турларининг хусусиятини инобатга олиб, белгиланган молиявий ва маъмурий жарима миқдорлари қайта кўриб чиқилади.
Хусусан, уларнинг жаримадан қарздорлиги ҳисобига тармоқдан узиш ўрнига бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши режа қилинмоқда.
«Ўзэнергоинспексия», бизнес омбудсман ва Савдо-саноат палатаси бу борада қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, 2025 йил мартигача кўриб чиқиш учун тақдим этиши керак.
Бундан ташқари, тадбиркорларга корпоратив картадан мобил иловалар орқали электр энергиясига тўловларни амалга ошириш тизимини жорий этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, табиий газ истеъмолини онлайн назорат қилиш юзасидан «Ҳудудгазтаъминотт АЖ томонидан «Ҳудудгаз корпоратив» дастурини ва Солиқ қўмитасининг my.soliq.uz дастури билан интеграция қилиш ишларини якунлаш режа қилинган.
Шу билан бирга, ЭҲФлар ҳисобот ойи давомида хатоликларсиз улгуржи истеъмолчиларга тўлиқ юборилишини йўлга қўйиш белгиланган.
Масъул вазирлик ва корхоналар табиий газдан фойдаланиш қоидаларига тегишли ўзгартириш киритиш юзасидан қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиши керак.
Бунда:
- истеъмолчи томонидан табиий газни етказиб бериш учун белгиланган муддатда тўлов амалга оширилмаган тақдирда, истеъмолчи табиий газ учун тўловни амалга ошириш зарурлиги ҳақида автоматик тарзда (овозли қўнғироқ ёки SMS хабар ёрдамида) хабардор қилинади;
- бир иш куни давомида тўлов амалга оширилмаган тақдирда газ таъминоти тўхтатилади.
«Йўл харитаси»да республика бўйича корпоратив истеъмолчилар тўловларини ягона шахсий варақда юритиш бўйича тизим жорий қилиш юзасидан «Ҳудудгазтаъминотт АЖ томонидан ички буйруқ қабул қилиш ва ҳудудий филиалларда амалиётга жорий қилиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати кечикиб бўлса-да, белгиланган лимитдан ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси ва газ учун қўшимча тўловлар миқдорини пасайтирганихабар қилинганди. Лимитнинг ўзи эса оширилган.