Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри суди апелляция инстанцияси 3 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда 26 декабрь куни пойтахтнинг Бектемир туманидаги газ заправка ёпилишида айбдорлар манзилига қарата айтган кескин нутқидан сўнг 15 суткага қамалган ҳайдовчи Ғайрат Дўстовни озодликка чиқарди. Бу ҳақда суд залидан «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов хабар берди.

Апелляция

апелляция, суд, ғайрат дўстов

Жума куни судья Фаррух Эргашев бошчилигидаги суд унинг биринчи инстанция суди — Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани суди судьяси Дурдона Дадахонова раислигидаги суд қарори юзасидан шикоятини кўриб чиқди. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан 15 сутка қамоққа ҳукм қилинганди.

Мажлис 15:00 га белгиланган эди, бироқ 17:00 га яқин бошланди. Журналистлар ва фаоллар суд залига дарҳол киритилмади. Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг айтишича, суд апелляция шикоятини кўриб чиқишни бошлаган, бироқ сўнг суд адвокатларнинг мажлисда иштирок этмаётган судланувчи Ғайрат Дўстов иштирокини таъминлаш ҳақидаги талабига биноан танаффус эълон қилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 294-моддасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш маъмурий жавобгарликка тортилган шахс иштирокида кўрилади. Мазкур шахсга ишни кўриб чиқиш жойи ва вақти ҳақида хабар қилинганлиги тўғрисида маълумотлар бўлган ва ундан ишни кўриб чиқишни кечиктириш хусусида ҳеч қандай илтимос тушмаган ҳоллардагина, иш унинг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин.

Абидов барча ҳозир бўлганларни қабул қилиш чоралари кўрилишини айтди.

апелляция, суд, ғайрат дўстов

Судда «Газета.uz», Kun.uz, «Дарё», Qalampir.uz нашрлари мухбирлари иштирок этди. Шу билан бирга, бошқа ОАВ вакиллари, айрим жамоат фаоллари, жумладан, ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов суд залига киритилмади.

Суд жараёнида Дўстовнинг тоби қочди. У кўкрагини ушлаб қолди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири. Судланувчининг яқинлари унга сув сепиб, ўзига келтиришга ҳаракат қилди. Судья журналистлардан хонани вентильяция қилиш учун суд залини вақтинча тарк этишни сўради. У қисқа танаффус чақирди.

Воқеа жойига 30 дақиқадан сўнг етиб келган тез тиббий ёрдам ходимлари биринчи тиббий ёрдам кўрсатди.

Эркак аввалига 25 декабрь куни Бектемир тумани ИИБга олиб келинганини, кейин судга олиб борилганини ва 15 кунга ҳибсга олинганидан кейин бир кунга тергов изоляторига («Панельний») жойлаштирилганини айтди. Эртаси куни у Тошкент шаҳри ИИББга ўтказилган.

У қийноққа солинмаганини ва калтакланмаганини айтди. Шу билан бирга, у бошига қоп кийгизиб, ертўлага туширишганини билдирди.

Дўстов бир неча бор «Ватанга хиёнат қилмадим, хиёнатчи эмасман», дея такрорлади.

Ниёз Хасанов (чапда) ва Ғайрат Дўстов.Ниёз Хасанов (чапда) ва Ғайрат Дўстов.

Дўстов жабрланувчи Ниёз Хасановнинг (газ заправка бошқарувчиси) сўзларини бутунлай рад этди ва туҳмат деб атади. Судланувчи уни ҳақорат қилмаганини ва у билан ҳеч қандай зиддиятга эга эмаслигини айтди.

Ҳайдовчи сўнгги сўзида Ўзбекистонда қонунлар яхши ёзилгани, уларни адолатли қўллаш зарурлигини таъкидлади.

Судья Фарруҳ Эргашев ундан қилган ишидан пушаймонлиги ҳақида сўради: «Шундай совуқда, „Панельний“ (тергов изолятори — таҳр.) деган жойда, арзирмикан шу жанжалга?».

апелляция, суд, ғайрат дўстов

Дўстов «йўқ, арзимайди» деб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди ва кечирим сўради. Эркак, шунингдек, суддан жазони камайтиришни ҳам сўради.

Судья биринчи инстанция судининг қарорини ўзгартириш, ҳибсга олиш муддатини 15 суткадан 8 суткага қисқартириш ва уни озод қилишга қарор қилди. Шу тариқа Ғайрат Дўстовнинг апелляция аризаси қисман қаноатлантирилди, чунки у «майда безорилик» учун жазони бекор қилишни сўраганди.