Президент Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Мустақиллик даврида Маҳмудхўжа Беҳбудий хотирасини абадийлаштириш, ҳаёти ва фаолиятини чуқур тадқиқ қилиш, илмий ва бадиий асарларини кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Хусусан, кейинги йилларда Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонида унинг ҳайкали ўрнатилди, Самарқанд шаҳрида уй-музейи ташкил қилинди, истеъдодли драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот таъсис қилинди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий асарларининг ёш авлод интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш, уларни ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш борасидаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб ҳамда унинг бебаҳо меросини кенгроқ ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида 2025 йилда Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланади.
Бу бўйича бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ташкилий қўмита тузилади ва икки ҳафта ичида амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури тасдиқланади.
Ушбу дастурда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:
- мутафаккир адибнинг «Танланган асарлар» тўплами, унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий-оммабоп китобларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;
- Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида спектакллар саҳналаштириш ҳамда бугунги кунга қадар яратилган «Маҳмудхўжа Беҳбудий» киносериали ва «Халқ юраги» бадиий-публицистик фильмларининг оммавий намойишларини ташкил қилиш;
- Бадиий академиянинг марказий кўргазмалар залида адиб ҳаёти ва ижоди, шунингдек, Туркистон жадидлик ҳаракати намояндаларининг фаолиятига оид тасвирий санъат асарлари кўргазмасини уюштириш;
- умумий ўрта таълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари, «Темурбеклар мактаблари» курсантлари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида «Маҳмудхўжа Беҳбудий сабоқлари» мавзусида иншолар танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш;
- барча бўғиндаги таълим муассасалари, кутубхоналар, меҳнат жамоалари, маҳаллалар ва ҳарбий қисмларда таниқли олимлар ва адиблар иштирокида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижодига бағишланган ижодий учрашувлар, адабиёт ва китобхонлик кечаларини ташкил қилиш;
- замонавий рақамли ва тарғибот технологиялари асосида Маҳмудхўжа Беҳбудий асарларини ёшлар ўртасида кенг оммалаштириш;
Шунингдек, 2025 йил октябрь ойида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида «Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси ва жадидлик ҳаракатини ўрганишнинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил қилинади. Ноябрь ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида тантанали адабий-маърифий хотира кечаси ўтказилади.
Самарқанд шаҳридаги Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи ҳудуди ободонлаштирилади ҳамда музей экспозицияси бойитилади. Қарши шаҳридаги кўчалардан бирига унинг номилиб, унга бағишланган ёдгорлик лавҳаси ўрнатилади.
Интернет ва ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган аудиовизуал асарлар яратиш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида туркум материалларни эълон қилиш ҳам режа қилинган.
Президент матбуот хизматининг ёзишича, Ўзбекистон тарихида ғоят мураккаб ва синовли давр бўлган XX аср бошида майдонга чиққан Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси ҳисобланади. У миллий озодлик ҳаракатининг буюк намояндаси сифатида илм-фан, таълим ва тарбия, адабиёт ва санъат, матбуот соҳаларини ривожлантириш, жаҳондаги илғор тараққиёт ютуқларини ўзлаштириш орқали халқнинг онгу тафаккурини юксалтириш ҳамда ҳурриятга эришиш йўлида ўз ҳаётини бахш этган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий чор ҳукумати ва маҳаллий мутаассиб кучларнинг мислсиз қаршилигига қарамасдан, мамлакатда биринчилар қаторида илк замонавий мактаблар ташкил қилиш, улар учун зарур дарсликлар яратиш, нашриёт ва театрлар қуриш ишларига бош-қош бўлди. Моҳир публицист сифатида ўз даврининг долзарб муаммоларига бағишланган қатор салмоқли асарлар ва икки юздан ортиқ мақолалар яратди. Шу билан бирга, «Самарқанд» газетаси ҳамда «Ойина» журналига асос солди. 1914 йилда «Турон» театрида саҳналаштирилган «Падаркуш» пьесаси орқали ҳудудда театр санъатининг тамал тошини қўйди.