Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакатда иккинчи ва учинчи атом электр станцияси қурилишини истисно қилмади. Бу ҳақда у Ana tili газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

«Ишончим комилки, Қозоғистонга юқори қувватли атом станцияси керак. Қолаверса, яқин келажакда иккинчи, балки учинчи АЭС қурилишини бошлашимизни ҳам истисно қилмайман. Атом саноати аллақачон энергия тақчиллигини бошдан кечираётган иқтисодиётимиз ривожига кучли туртки беради. Қозоғистон атом энергетикаси ривожланган давлатга айланиши керак, деб ҳисоблайман. Унинг келажаги порлоқ», — деди Тоқаев.

Октябрда Қозоғистонда АЭС масаласи бўйича референдум бўлиб ўтган, натижада сайловчиларнинг 70 фоиздан ортиғи атом станцияси қурилишини қўллаб-қувватлаганди. Шундан сўнг мамлакат ҳукумати бештагача давлатни ўз ичига олган АЭС қуриш бўйича халқаро консорциум тузиш ниятида эканини маълум қилди.

Тоқаев интервьюсида бу йил компаниялар ўртасида танлов ўтказилишини, шундан сўнг ҳукумат якуний қарор қабул қилишини айтди.

У Россия президенти Владимир Путинннинг Остонага ташрифи чоғида у билан бу масалани муҳокама қилганини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, раҳбарлар Қозоғистон томони лойиҳа буюртмачиси сифатида консорциумда бош оператор вазифасини бажаришига келишиб олган.

«Хорижда АЭС қуришда юқори малака ва катта тажрибага эга „Росатом“ компаниясининг эҳтимолий иштирокида ҳақида гап борганди. Хитойнинг фуқаролик ядровий иншоотларини қуришдаги улкан муваффақияти инобатга олиниб, Хитой компанияси билан ҳам музокаралар олиб борилмоқда. Шунингдек, бошқа хорижий, жумладан, Ғарб корпорациялари томонидан ҳам қизиқиш бор», — деди Қозоғистон раҳбари.

Қозоғистон Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда мамлакатдаги электр энергиясининг 66 фоизи кўмир заводларида ишлаб чиқарилади. Агентликнинг прогнозларига кўра, 2035 йилга бориб Қозоғистонда электр энергияси истеъмоли 152,4 миллиард кВт/соатгача ошади, мавжуд энергия манбаларини ишлаб чиқариш эса 135 миллиард кВт/соатдан камроқгача камаяди.