Ўзбекистонда паловнинг ўртача нархи 15,6 фоизга ошди, дея хабар бермоқда президент ҳузуридаги Статистика агентлиги.
2023 йилнинг декабридан 2024 йилнинг декабригача бир порция ошнинг ўртача нархи 24 978 сўмдан 28 885 сўмга кўтарилди.
Ҳудудлар кесимида бир порция палов нархининг энг юқори ўсиш динамикаси — 28,9 фоиз Андижон шаҳрида қайд этилган. Шу билан бирга, Сирдарёда нархлар атиги 2,1 фоизга ошган.
Бугунги кунда энг қиммат паловни Тошкентда татиб кўриш мумкин, унинг ўртача нархи 35 744 сўм (йилига +20,5 фоиз). Нисбатан арзон ошни эса Наманганда топиш мумкин — у ерда паловнинг бир порцияси 22 201 сўм (+11 фоиз) туради.
Ҳудуд | 2023 йил декабрь (сўм) | 2024 йил декабрь (сўм) | Ошгани, % |
Қорақалпоғистон | 23 400 | 25 718 | 9.9 |
Андижон вилояти | 24 200 | 31 184 | 28.9 |
Бухоро вилояти | 28200 | 33717 | 19.6 |
Жиззах вилояти | 25 000 | 28 762 | 15.0 |
Қашқадарё | 26 600 | 30 688 | 15.4 |
Навоий вилояти | 23 400 | 26 759 | 14.4 |
Наманган вилояти | 20 000 | 22 201 | 11.0 |
Самарқанд вилояти | 27 000 | 30 480 | 12.9 |
Сурхондарё | 25 400 | 28 575 | 12.5 |
Сирдарё | 25 200 | 25 741 | 2.1 |
Тошкент вилояти | 24 333 | 27 287 | 12.1 |
Фарғона вилояти | 21500 | 26 602 | 23.7 |
Хоразм вилояти | 25 800 | 30 939 | 19.9 |
Тошкент | 29 667 | 35 744 | 20.5 |
2024 йил Ўзбекистонда расмий инфляция 9,8 фоизни ташкил этди, бу Марказий банк кутилмаларидан юқори. Бир йилда картошка деярли 40 фоиз, сабзи 18,3 фоизга қимматлади. Газ тарифлари ўртача 2,3 баравар, электр энергиясиники эса қарийб 1,7 баравар, пропан нархи 30,9 фоизга, бензинники 5,9 фоизга ошди.
Палов индекси
Палов индекси — биг мак ва оливье индексининг аналоги. У асосан озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгаришини таҳлил қилишга ёрдам беради ҳамда харид қобилияти паритетини (ХҚП) ноформал баҳолаш усули сифатида хизмат қилади.
Статистика агентлиги палов индексини мамлакатдаги энг машҳур таом — ош учун керакли масаллиқларнинг нархларидан келиб чиқиб тайёрлайди. Шу мақсадда йирик умумий овқатланиш корхоналарида, жумладан, барча вилоят марказларида жойлашган «Ош маркази»да 1 кг палов учун масаллиқлар рўйхати ҳамда уларнинг нархи тўғрисидаги маълумотлар тузилади.
Харид қобилияти паритети (ХҚП) — бу турли мамлакатларда бир хил миқдордаги пулга қанча товар ва хизмат харид қилиш мумкинлигини солиштириш усули. У валюталар курсига боғлиқ бўлмаган ҳолда, турли мамлакатлардаги одамларнинг ҳақиқий даромадлари қанчалик фарқ қилишини аниқлашга ёрдам беради.
Оддий мисол:
- Ўзбекистонда 10 долларга бир сават озиқ-овқат: нон, сут, тухум ва мева сотиб олиш мумкин.
- АҚШда 10 долларга фақат нон ва сут сотиб олиш мумкин.
Бу миқдор номинал жиҳатдан бир хил (10 доллар) бўлса-да, Ўзбекистонда унинг харид қобилияти юқорироқ.
Нима учун бу муҳим?
- Турмуш даражасини таққослаш: ҲҚП одамларнинг даромадларига қараб турли мамлакатларда қанчалик қулай яшашларини тушунишга ёрдам беради.
- ЯИМни тузатиш: ҲҚП ЯИМ мамлакат иқтисодиётининг реал ҳажмини аниқроқ акс эттиради.
Шундай қилиб, ҲҚП валюта курсининг ўзгариши таъсирини йўқотиб, турли мамлакатларда бир хил миқдордаги пулга қанча товар ва хизматларни сотиб олиш мумкинлигини кўрсатади.