Жанубий Корея Коррупцияга қарши тергов бошқармаси (CIO) ходимлари Юн Сок Ёль қароргоҳида ҳарбийлар ва унинг қўриқчилари томонидан қаршилик кўрсатилгани сабабли ҳибсга олишга уринишларни тўхтатди, деб ёзмоқда Yonhap.
Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш учун ҳукумат 30 нафар CIO ходими ва 120 нафар полициячини юборган.
«Биз ордернинг ижроси давом этаётган қарама-қаршиликлар туфайли деярли имконсиз эканини аниқладик ва жойлардаги ходимларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлар туфайли уни тўхтатдик», — дейилади хабарда.
Бошқарма қонунда белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилишдан бош тортган гумонланувчининг хатти-ҳаракати юзасидан чуқур афсусда эканини маълум қилди. Кейинги қадамлар бўйича қарор текширувдан сўнг қабул қилинади.
Терговчилар полиция ҳамроҳлигида маҳаллий вақт билан эрталаб соат еттида Юн Сок Ёль қароргоҳига етиб келишди, деб ёзади Reuters. Бироқ, улар мажмуа ҳудудига кириб боргач, Президент хавфсизлик хизмати ходимлари ва ҳарбийларга дуч келган. Терговчилар ордер тақдим этганида, Хавфсизлик хизмати раҳбари Пак Чон Жун қўриқланадиган ҳудудлардаги чекловларни баҳона қилиб, уларга киришни рад этган.
Шунингдек, қароргоҳда президентнинг ҳибсга олинишига қарши норозилик билдирган мингдан ортиқ тарафдорлар тўпланган, дея қайд этади Yonhap. Тартибни сақлаш учун мажмуа атрофида тахминан 2700 нафар полициядан иборат кордонлар жойлаштирилди.
Юнни ҳибсга олиш муваффақиятсиз кечганидан сўнг унинг адвокатлари CIO`да исён айбловларини текшириш ваколати йўқлигини таъкидлади ва ҳибсга олиш ҳамда тинтув ордерларини ноқонуний ва ҳақиқий эмас деб атади.
CIO мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилгани учун Юн Сок Ёлга қарши қўзғолон иши бўйича текширув олиб бормоқда. Бошқарма вақтинча четлатилган президентни ҳибсга олиш учун ордер олган, чунки у уч марта чақирув қоғозларини эътиборсиз қолдирди. Сеул суди 31 декабрь куни ордер чиқарди, у 6 январгача амал қилади. Эътиборли жиҳати, бу — Жанубий Корея судининг мамлакат тарихида биринчи марта президентни ҳибсга олишга кўрсатма бериши.