Ўзбекистонда тадбиркорлар шартномавий миқдордан ортиқ электр энергияси ва газ истеъмол қилганида қўлланиладиган оширилган тарифлар миқдори пасайтирилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 27 декабрдаги қарорида назарда тутилган.

«Газета.uz» аввалроқ ёзганидек, электр энергияси ва газдан фойдаланишнинг янги қоидаларида (Вазирлар Маҳкамасининг 31 майдаги қарори билан тасдиқланган) электр энергияси истеъмоли шартномавий миқдордан 10 фоизга ошиб кетган тақдирда юридик шахслар тарифнинг икки баравари миқдорида тўлаши белгиланганди.

Президент Шавкат Мирзиёев август ойида тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда бу икки бараварлик тарифдан барча корхоналар норози эканини айтганди. Бундай чекловлар саноатнинг ўсишига таъсир қилади, деганди у.

Давлат раҳбари ҳукуматга 1 ноябргача тадбиркорларга электр энергияси ва табиий газ учун тўловни олдиндан амалга оширишда қулайлик яратиш, шартномавий лимитларни ошириш ва ундан ортишига йўл қўйилган тақдирда ортиқча истеъмол қилинган электр энергияси ҳамда табиий газ учун қўшимча тўловни камида 10 бараварга камайтириш чоралари кўриш бўйича топшириқ берганди.

Бироқ, Вазирлар Маҳкамаси Энергетика вазирлиги ишлаб чиқиши ва 30 декабрдан кучга кириши лозим бўлган ўзгартиришларни кечикиб тасдиқлади. Ҳужжатга кўра, шартномада белгиланган миқдордан ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси ва газ учун қўшимча тўлов миқдори камида 10 баробар камайтирилиши керак.

Хусусан, эндиликда тадбиркорлар электр энергияси ва газ истеъмоли шартномавий миқдордан 20 фоизгача ошган тақдирда ҳам базавий тарифда ҳақ тўлашда давом этади. Агар ортиқча истеъмол 20 фоиздан ошса, тўлов базавий тарифдан 20 фоиз кўпроқ бўлади.

Аввалроқ Тадбиркорлар рейтингида «юқори» ва «ўрта» тоифага кирувчи корхоналарга электр энергияси учун тўловни ойига икки марта амалга ошириш имкониятини бериш режалаштирилганди. Шунингдек, инкасса топшириқномалари мавжуд бўлган тақдирда ҳам коммунал тўловларни амалга оширишга рухсат бериш таклиф этилганди. Бироқ, бу таклиф ҳозирча норматив ҳужжатлар билан тасдиқланмади.