Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Ana tili газетасига берган интервьюсида 2022 йил январидаги фожиали воқеалар ҳақида гапирди. Иқтибослар Tengrinews.kz томонидан тақдим этилди.
Эслатиб ўтамиз, уч йил аввал Қозоғистондаги тартибсизликларда 230 киши ҳалок бўлганди. Ҳаммаси суюлтирилган газ нархининг кескин ошиши билан боғлиқ тинч митинглар билан бошланган. Кейинроқ, ҳокимият нархларни пасайтириш ва ислоҳотлар ўтказишга ваъда бериш орқали аҳолининг норозилигини тўхтатишга ҳаракат қилганига қарамай, митинглар тартибсизлик ва тўқнашувлар, жумладан, Олмаотадаги қирғинлар ва қуролли тўқнашувларга сабаб бўлди.
«Қаңтар (Қаңтар оқиғасы — „Январ воқеалари“ — таҳр.)дан уч йил ўтиб, аксарият фуқароларимиз мисли кўрилмаган тартибсизликларнинг асосий сабаби ошкора ижтимоий адолатсизлик, сиёсий турғунлик, шунингдек, фитначиларнинг тийиқсиз амбициялари, уларнинг халқ ва давлат тақдирига бефарқлиги эканига ишонч ҳосил қилди. Бундай ҳолатлар, афсуски, жаҳон тарихида тез-тез учраб туради. Қозоғистон бунда биринчи эмас, менимча, охирги ҳам эмас», — деди Қосим-Жомарт Тоқаев.
Қозоғистон раҳбарининг сўзларига кўра, ўша кунлардаги воқеалар атрофида «аввалгидек уйдирмалар ва содир бўлган воқеаларнинг турли версиялари айланиб юради, айниқса, баъзи сиёсий режалар билан шуғулланувчи шахслар фактларни сохталаштирмоқда, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини манипуляция қилишга уринмоқда».
«Январь воқеалари ҳақида гапирганда, ўша кунларнинг манзарасини кўз олдимизга келтиришимиз керак: вайрон бўлган машиналар, талон-торож қилинган дўконлар, босиб олинган давлат бинолари, ҳарбий хизматчиларнинг калтакланиши, қурол-яроғ ўғирланиши, аёлларга нисбатан зўравонлик. Биз масъулиятсиз сиёсатчиларнинг ўша пайтда давлатимиз бошига тушган ҳақиқий хавф-хатарни унуттириш мақсадида нотўғри, ёлғон маълумотларни тарқатишига йўл қўймаслигимиз керак. Бахтимизга, аксарият фуқароларимиз оқни қорадан ажрата олади. Бундай соғлом фикрлайдиган, мулоҳазали инсонлар давлатимизнинг ўзаги ва таянчидир», — деди Тоқаев.
Қозоғистон президенти шундай деди: «Ўшанда қирғин ташаббускорлари ва тўнтариш ташкилотчиларига қарши қатъий чоралар кўрилмаганида, Қозоғистон ҳозир бутунлай бошқа давлат бўлиб, мустақиллиги ва суверенитети чекланган бўларди».
«Халқимизнинг бирдамлиги туфайли бу оғир синовдан ўтишга муваффақ бўлдик. Албатта, Қаңтар ҳаммамизга кўп нарсани ўргатди. Биринчиси: мамлакатда ҳокимият консолидациялашган бўлиши, қўшҳокимият бўлмаслиги керак. Иккинчидан: давлат раҳбари — „Худонинг ердаги сояси“ эмас, балки маълум муддатга ёлланган давлат менежеридир. Учинчидан: юқори давлат лавозимларига номзодларни, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларини синчковлик билан танлаш керак, улар ватанга содиқ бўлишлари лозим», — деди Тоқаев.
«Энг муҳими, „Қонун ва тартиб“ концепцияси асосида халқ бирлигини кўз қорачиғидек асраш, адолат тамойилларини ҳамма жойда жорий этиш керак. Ушбу концепцияга қарши, жамиятда „демократик қадриятлар“ номи остида анархия тарафдори бўлганлар моҳиятан қозоқ давлатчилигига путур етказишни хоҳлайди. Бу билан эса муроса қилиб бўлмайди. Демократиянинг энг юқори даражаси — қонун тантанасидир. Бу мақсад сари машаққатли йўл бор», — деди Қозоғистон раҳбари.
Шу интервьюда Тоқаев Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев билан қанчалик тез-тез мулоқот қилиши ҳақидаги саволга жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда улар ойига тахминан бир марта телефон орқали гаплашади.
«Ҳар қандай тарихий давр ўзининг ёрқин ва қоронғи томонларига эга. Бизнинг энг янги тарихимизда ижобий жиҳатлар ҳар ҳолда анча кўп эди. […] Албатта, Нурсултон Назарбоевнинг кўп йиллик президентлик бошқаруви давомида камчиликлар бўлган, лекин ишламайдиган одам хато қилмайди», — дея жавоб берди Қозоғистон етакчиси.
Шу билан бирга, у истеъфога чиққанидан кейин Назарбоев «сиёсий андиша билан ажралиб турмаганини» таъкидлади: у бош вазир, Миллий банк раиси, вазирлар, ҳокимлар иштирокида мунтазам равишда йиғилишлар ўтказди.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг декабрь ойида Россия президенти Владимир Путин билан учрашувига ҳам изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, бу ўтган йилдаги иккинчи учрашув бўлиб, биринчи учрашув куз бошида бўлиб ўтгани ҳақида ОАВда хабар берилмаган.
«Улар, афтидан, эски дўстлар ва ҳамкасблар сифатида учрашади, улар ёдга оладиган нарсалар бор. Бундай учрашувларнинг ташаббускори Нурсултон Абишевич бўлиб, бу унинг учун жуда муҳим. Қозоғистон ССР Министрлар Советининг собиқ раиси, партия раҳбари ва кейинчалик суверен Қозоғистон президенти сифатида у маънавий ва сиёсий жиҳатдан Кремль билан чамбарчас боғлиқ эканини унутмаслик керак. Ахир Москвага хизмат сафарларида, съездлар ва пленумларда, ишчи ва расмий ташрифларда қанча вақт ўтказилган», — деди Тоқаев.
Эслатиб ўтамиз, Нурсултон Назарбоев 2019 йил март ойида халққа мурожаатида президентлик лавозимини тарк этишини эълон қилганди. Ўша пайтда мамлакат Сенатини бошқарган Қосим-Жомарт Тоқаев президент вазифасини вақтинча бажариб турган, кейин эса ўша йилнинг июнь ойида давлат раҳбари этиб сайланган. Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайлови 2022 йил 20 ноябрь куни «давлат институтларини тўлиқ қайта ишга тушириш» доирасида бўлиб ўтган. Давлат раҳбари биринчи марта қайта сайланиш ҳуқуқисиз етти йиллик муддатга сайланган. Бу сайловда ҳам Қосим-Жомарт Тоқаев ғалаба қозонган.