Президент 2024 йил 30 декабрда қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ҳужжатга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини дала четлари, шахсий томорқа ва аҳоли хонадонларида, кўп қаватли уйлар яқинида ва маҳаллалар ички кўчаларида етиштиришнинг янги тартиби жорий этилмоқда.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига мазкур жойларда маҳсулот етиштириш, қишлоқ хўжалиги субъектларини уруғ ва кўчатлар билан таъминлаш, етиштирилган маҳсулотларни экспортга йўналтириш ишларини ташкил этиш вазифаси юклатилади.
Дала четларидан самарали фойдаланаётган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга бир йил муддатга бепул ички фитосанитария сертификати берилади.
Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан далалар четига in-vitro усулида яратилган мевали пайвандтагли кўчатларни сотиб олиш қийматининг 50 фоизи миқдорида, лекин ҳар бир мевали пайвандтагли кўчатга 25 минг сўмдан кўп бўлмаган миқдорда субсидиялар ажратилади.
Ҳужжат билан дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг атрофларидаги майдонларда, аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди ҳамда маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини ташкил қилишни мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи тузилди. Унга Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори раҳбарлик қилади.
Унга қуйидаги вазифалар юкланди:
- ҳар бир туманда дала четлари, аҳоли хонадонлари, кўп қаватли уйлар ёнидаги, маҳаллалар ички кўчалари бўйлаб ер майдонларининг аниқ ҳажмини ўрганиш ва тасдиқлаш;
- ҳокимлар ва Кадастр агентлиги томонидан мулкчилик ҳуқуқи белгиланмаган экин майдонларининг четидан фойдаланиш ҳуқуқини белгилаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш ишларини ташкил этиш;
- тегишли йилнинг 15 февралига қадар ҳар бир туман кесимида далалар четлари, шахсий томорқалар ва аҳоли хонадонларида, кўп қаватли уйлар яқинида, ички уй-жойлар бўйлаб экилган экин майдонлари ва маҳсулот турлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базасини шакллантириш;
- дала четлари бўйлаб, шахсий томорқа ва аҳоли хонадонларида, кўп қаватли уйлар яқинида, маҳаллалар ички кўчаларида экиш учун ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига мос уруғ ва кўчатлар танланиши бўйича тавсиялар бериш ва агротехник тадбирларни субъектлар кесимида ташкил этиш.
- унумдор навли уруғ ва кўчат навлари ҳамда минерал ўғит ва кимёвий препаратларнинг ўз вақтида етказиб берилишини ташкил этиш.
Ҳар йили 1 апрелгача экин экмаслик ва дала четларида йил давомида ҳосил етиштирмаслик ҳолатлари аниқланганда (форс-мажор ҳолатлар бундан мустасно):
- барча қишлоқ хўжалиги ерларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун ер солиғи ставкаси уч баравар ставкада ҳисобланади;
- Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратиладиган кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тўхтатилади;
- дала четларини иккиламчи ижарага олган ижарачиларга Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспексияси БҲМнинг 10 бараваригача миқдорда жарима солади.