Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги ФВВга қарашли ҳарбий қисмда бир йиллик хизматни ўтаётган аскар 5 нафар фуқарони пичоқлади, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га.

Қайд этилишича, 3 январь куни соат 03:30 атрофида 19 ёшли аскар ҳарбий қисмда хизматдошини уриб, муассасадан чиқиб кетган. Маст ҳолатда эшиги очиқ турган хонадонга кириб, ошхона пичоғи ва чопиқ билан ухлаб ётган 4 нафар фуқаро — 64, 37 ва 28 ёшли эркакларни ва 24 ёшли аёлни сабабсиз пичоқлаган. Оқибатда 28 ёшли эркак шифохонада вафот этган.

Иш материалларига кўра, гумонланувчи аёлнинг хонасига кириб кўкракларидан ушлаётганида аёл уйғониб кетган. Шундан кейин йигит унинг уйғониб кетган эрига пичоқ билан ҳужум қилган, сўнгра нафақадаги фуқаро ва унинг ўғлига жароҳат етказган.

Бундан ташқари, гумонланувчи кейинчалик бошқа уй ёнида 68 ёшли нафақахўрга эшикни ёпаётган вақтда ҳужум қилган ва воқеа жойидан қочиб кетган. Жабрланувчи ўғлига қўнғироқ қилиб, бўлган воқеани айтиб берган. Эркак ҳужумчини қидириб топган ва гумонланувчи унга ҳам тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми ва 25, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) 2-қисми «а», «л» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. 2005 йилда туғилган гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.

Жабрланувчиларнинг 1 нафари вафот этган, қолган 4 нафарига шифохонада зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Нукус ҳарбий прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Кейинчалик иш Ҳарбий прокуратуранинг юритувига олинди.