Тошкентда BMW S1000 RR спорт мотоцикли ҳайдовчиси соатига 310 км тезликда ҳаракатланиб, бу ҳақда ижтимоий тармоқларда видео жойлаштирди. У маъмурий жавобгарликка тортилди, деб хабар берди пойтахт ИИББ ЙҲХБ матбуот котиби Қаҳрамон Худойберганов.

Ҳуқуқбузарнинг айтишича, видео ўтган йилнинг август ойида ёзиб олинган. У ёшлар ва бошқалар ундан ўрнак олишларини хоҳламаслигини айтди.

Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−3-моддаси 3-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 км/соатдан ортиқ ошириб юбориши БҲМнинг 9 баравари ёки 3,37 млн сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади).

Эслатиб ўтамиз, 23 сентябрь куни бокс бўйича Париж Олимпиадаси чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев президент совғаси сифатида олинган автомобилда Тошкент марказида 110 км/соат (шаҳарларда рухсат этилган тезлик — 60 км/соат) тезликда ҳаракатланиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузганди. У ҳам Instagram`га видео жойлаштирган (кейинчалик видео олиб ташланди). Спортчига БҲМнинг 9 баравари миқдорида жарима солинди, шунингдек, у билан «профилактик суҳбат» ўтказилган.

Сентябрь ойи охирида ижтимоий тармоқларда Тошкентда блогер Нигина Мелиқўзиеванинг Lacetti автомашинаcида юқори тезликда кетаётиб, йўл тор ва тирбанд бўлишига қарамай бир нечта қатнов чизиқлари бўйлаб хавфли ҳаракатлар (халқ орасида «шашка» деб аталади) амалга оширгани акс этган видеоси тарқалганди. Унга БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима белгиланган ва «профилактик суҳбат» ҳам ўтказилган. ЙҲХБ ходимлари билан суҳбат чоғида у юртдошлар ва обуначиларидан «узр сўраган», лекин бу ишни менсимаслик билан қилган.

Октябрь ойида қўшиқчи Тошкент-Самарқанд йўлида автомобилини 195 км/соат тезликда бошқариб, йўл ҳаракати қоидасини бузган хонанда Жаҳонгир Отажонов 3 млн 375 минг сўм жаримага тортилганди. Видео унинг Instagram саҳифасида эълон қилинган.