3 январь куни Германия ва Франция Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари Анналена Бербок ва Жан-Ноэль Барро Европа Иттифоқи номидан Сурияга ташриф буюрди. Бу ҳақда Германия ТИВ сайтида хабар берилди.
Улар ҳокимиятнинг амалдаги раҳбари Аҳмад ал-Шараа (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний номи билан танилган), шунингдек, Сурия фуқаролик жамияти вакиллари билан музокаралар ўтказди. Бербок ва Барро Башар Асад режими қулагандан кейин Дамашққа ташриф буюрган биринчи Европа ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари бўлди.
Бербокнинг баёнотига кўра, Германия Сурия халқига ҳокимиятни тинч йўл билан топширишда ёрдам беришни хоҳлайди, аммо янги Сурия жамияти этник ёки диний гуруҳидан қатъи назар, барчага сиёсий жараёнда ўрин бериши, шунингдек, ҳуқуқлар ва ҳимояни кафолатлаши керак. «Чунки ҳозирда Суриядаги диний ёки этник гуруҳлар ва озчиликлар, масалан, алавийлар, насронийлар, друзлар ёки курдлар, шунингдек, аёлларнинг сиёсий жараёнда иштирок этиши жуда муҳимдир», — дейилади баёнотда.
«Ўнлаб йиллар давом этган қатағонлар, Асад режимининг ваҳшийликлари ва унинг даҳшатли фуқаролар уруши Суриядаги миллионлаб одамлар учун чуқур жароҳатлар қолдирди. Бутун бир мамлакатга уларнинг номи билан баҳо берилди, аммо энди инсонлар келажак яхшироқ бўлишига ҳақли равишда умид қилмоқда. Асад оиласи ҳукмронлигининг оғриқли даври тугади. Янги боб очилди, лекин ҳали ёзилгани йўқ. Чунки айни дамда Сурия халқи яна ўз мамлакати тақдирини ўз қўлига олиш имкониятига эга. Ва бу чуқур, очиқ яраларни ёпиш учундир», — дейилади ТИВ хабарида.
Германия, шунингдек, Суриядаги жараён ташқи иштирокчилар томонидан бузилишининг олдини олиш учун халқаро шериклари билан ишлаётгани ҳақида сўз боради. Шу мақсадда Ақаба шаҳрида БМТ билан биргаликда муҳим тамойиллар ишлаб чиқилган.
«Уларга барча қўшни давлатлар Суриянинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши зарурлиги киради. Бундан ташқари, Россиянинг Суриядаги ҳарбий базаларини тарк этиш вақти келди. Сурия халқи кенг кўламли бомбардимонлар ва инсон ҳуқуқлари бузилишини унутмайди. Айнан Путин узоқ вақт давомида Асадни, режимнинг жиноятларини қўллаб-қувватлаган ва яширган. Энди бизнинг олдимизда миллионлаб сурияликлар орзу қилган мақсад бор: Сурия яна бир бор халқаро ҳамжамиятнинг ҳурматли аъзосига айланиши. Барча аъзолари учун хавфсиз макон. Ўз ҳудудини тўлиқ назорат қиладиган, одамларга яшаш учун зарур бўлган ҳимоя ва ёрдамни тақдим этадиган фаолият юритувчи давлат», — дея қайд этади Германия ТИВ.
- 8 декабрга ўтар кечаси қўзғолончилар Сурия пойтахти Дамашққа бостириб кириб, президент Башар Асад режимини ағдарганини эълон қилди. У мамлакатни 24 йил, оиласи эса 1971 йилдан буён бошқарган. Асад мамлакатдан қочиб, оиласи аъзолари билан Россияда бошпана топди.
- Сурия ўтиш ҳукуматига Муҳаммад ал-Башир раҳбар бўлди. У 2025 йил 1 мартга қадар мамлакат бош вазири вазифасини бажаради. Илгари у Сурия мухолифати томонидан ташкил этилган муқобил ҳукуматига раҳбарлик қилган.
- BBC нашрига берган интервьюсида Сурия исёнчилари етакчиси ва мамлакатнинг амалдаги раҳбари Аҳмад ал-Шараа Сурия ўз қўшнилари ёки Ғарб учун хавф туғдирмаслигини айтди. У урушдан тинкаси қуриган мамлакатга қарши санкцияларни бекор қилишга чақирди ва Сурия навбатдаги Афғонистонга айланиши мумкинлиги эҳтимолини рад этди.
- Декабрь ойининг иккинчи ўнкунлигида Европа Иттифоқи Суриянинг янги раҳбарияти билан Россия ҳарбий базаларини мамлакатдан чиқаришни муҳокама қилмоқчи экани ҳақида хабар берилганди. ЕИнинг кўпгина расмийлари Сурияда Россия ҳарбийлари бўлмаслиги тарафдори. Бу масала «Сурия расмийлари билан учрашувларда кўтарилиши» айтилганди.