Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳри суди 4 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Россия томонида Украинага қарши курашган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан ҳукм чиқарди. «Газета.uz» суд қарори билан танишди.

Айблов хулосасига кўра, 39 ёшли Т.А. 2023 йил апрель ойида мавсумий иш топиш мақсадида Москвага борган. У ердалигида у РФ Қуролли кучлари сафига қўшилишга ҳамда Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга қарор қилган.

2023 йил 21 июлда судланувчи Россия Қуролли кучлари билан 625-сонли шартнома тузган. Ўша йилнинг декабригача у Россия қўшинлари томонидан Украинанинг Шахтёрск ва Бахмут шаҳарларида олиб борилган жангларда қатнашган. 2023 йил 31 декабрь куни Ўзбекистонга қайтган.

Суд мажлисида собиқ ёлланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, пушаймонлигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, 2023 йил 17 апрель куни Москвага келиб, дастлаб «Сарок» дўконида 15 кун қассоб бўлиб ишлаган, сўнг «Новатэк» нефть биржасига ишга кирган. У ерда юқори ойлик маош эвазига Украинага қарши жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун РФ Қуролли кучлари сафига қўшилишга таклиф қилган Россия фуқароси билан танишган.

Судланувчининг сўзларига кўра, янги таниши ёлланма жангчилар жароҳат олса, товон пули ҳам тўланишини ваъда қилган. Ўзбекистон фуқароси бу таклифга қизиқиб қолган ва 2023 йил июнида шартнома тузиб, Москвадаги полигонда икки ойлик ҳарбий тайёргарликдан ўтган.

2023 йил 21 июлда у Россия кучлари билан қўшимча шартномалар тузган, унга жанговар ҳаракатларда қатнашгани учун ойига 450 минг рубль (ўша пайтдаги курс бўйича тахминан 4950 доллар/57,5 миллион сўм) ваъда қилинган. Аввалига у ҳар бири 150 минг рублдан иккита тўлов қабул қилган, аммо кейин тўловлар тўхтаган.

2023 йил июль ойининг охирида у Украинанинг Шахтёрск ва Бахмут шаҳарларига юборилган ва у ерда тожиклар ва бошқа чет элликлар билан учрашган. 2023 йилнинг ноябригача бўлган жангларда айбланувчи, ўзининг тан олишича, 10 дан ортиқ украиналик ҳарбийни ўлдирган.

Жанг майдонидаги фаоллиги учун у рус қўшинларининг разведка бўлимига ўтказилган. Кейин беш ой давомида у Луганскдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган.

2023 йил декабрь ойида у Москвага қайтиб келган. Россияда хизматда қолиш таклифини рад этиб, синглиси ва рафиқаси билан Ўзбекистонга боришга қарор қилган. Унинг кўрсатмаларига кўра, оила аъзолари унинг нима қилганидан қисман хабардор бўлган.

2023 йил 31 декабрь куни фуқаро Қозоғистон чегарасини кесиб ўтиб, Ўзбекистонга қайтган, шундан сўнг у ўз ихтиёри билан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган ва Россия Қуролли кучларида хизмат қилганини тасдиқловчи барча ҳужжатларни тақдим этган, дейилади суд қарорида.

Йиғилишда судланувчи қилмишидан пушаймонлигини билдириб, буни ўзининг оғир моддий аҳволи ва оиласининг ягона боқувчиси экани билан изоҳлади.

Судья Отабек Мамажонов уни Жиноят кодекси 154-моддасининг 1-қисми (ёлланиш / 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ва 154−1-моддасининг 1-қисми (хорижий давлатларнинг ҳарбий хизматига кириш, ёлланиш / БҲМнинг 300 бараваригача жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади) билан айбдор деб топди.

Суд жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни (айбига тўлиқ иқрорлиги, пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, оилавий аҳволи ва уч нафар фарзанди борлиги) инобатга олиб, унга 4 йил 2 ой муддатга озодликдан чеклаш жазосини тайинлади.

Унга яшаш жойини тарк этиши тақиқланди, иш ёки ўқиш учун зарур бўлган, шунингдек, иш ёки ўқиш жойига бориш ва уйга қайтиш учун зарур бўлган вақтлар бундан мустасно. Шунингдек, эркакка назорат қилувчи орган розилигисиз яшаш жойини ўзгартириш, шунингдек, Андижон вилояти ҳудудидан ташқарига чиқиш ҳам тақиқланди.