Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида табиий газдан ноқонуний фойдаланган оилавий корхона аниқланди, деб хабар берди «Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати.

«Ҳудудгаз Самарқанд» ГТФ комплаенс назорат тузилмалари, «Тойлоқтумангаз» ГТБ, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, «Ўзэнергоинспекция» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида рейд ўтказилган. Жараёнда «Қўрғонча» МФЙда жойлашган «С.Ш.» оилавий корхонаси табиий газдан ноқонуний фойдаланаётгани маълум бўлган.

Хабарга кўра, корхона (новвойхона) эгалари яширин йўл билан табиий газ тармоғига уланиб олган. Ҳолат бўйича далолатнома тузилиб, табиий газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилинди ва давлат манфаатларига 1 миллиард 329 миллион сўмлик зарар етказилгани аниқланди.

Барча далилий ашёлар ва ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот органларига топширилди.