2024 йил 31 декабрь куни Ўзбекистон президентининг «Мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ривожланиш соҳаларидаги стратегик таҳлил ва тадқиқот қилиш фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» [ПҚ-467] қарори қабул қилинди.

Қарор билан Таҳлилий ва тадқиқот тузилмалар фаолиятини ташкил қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди ва унинг таркиби тасдиқланди. Кенгаш раиси этиб президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси Сардор Умурзаков тайинланди.

Қуйидагилар мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ривожланиш бўйича узоқ муддатли стратегик таҳлилий ҳужжатларни ҳамда мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатига оид таклифларни мунтазам равишда Ўзбекистон президентига киритиб бориш;
  • илмий ва амалий тадқиқотларни ташкил қилиш бўйича буюртма бериш тизимини жорий қилиш;
  • йиллик стратегик йўналишдаги тадқиқотларни ишлаб чиқиш ва белгилаш, уларнинг натижаларидан мамлакатни янада ислоҳ қилишда устувор йўналишларни белгилаш жараёнида фойдаланиш;
  • Мамлакатнинг ички сиёсий ривожланиш масалалари бўйича амалий ва объектив маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида социологик тадқиқот ишларини ўтказилишини режалаштириш ва тасдиқлаш;
  • таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан, заруриятга кўра янги марказларни ташкил қилиш, амалдагиларни қайта ўзгартириш ва ихтисослаштириш бўйича таклифлар киритиш;
  • таҳлилий фаолият соҳасида кадрларни тайёрлаш, шу жумладан, хорижий тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда таҳлилий тузилмалар ходимларини малакасини ошириш курсларини ташкил қилиш;
  • мақбул таклифлар ва кўп вариантлилик принципи асосида турли соҳаларни ривожлантириш сценарийларини ишлаб чиқиш мақсадида давлат таҳлил марказлари ва илмий-тадқиқот институтларининг мустақил ва хорижий таҳлилий тузилмалар ва экспертлари билан кооперациясини (ҳамкорлигини) таъминловчи ягона платформани яратиш;
  • статистик маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишнинг ягона стандартларини ишлаб чиқиш, шунингдек, қатор вазирлик ва идораларнинг ҳар ой янгиланадиган ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларини ўз ичига олган идоралараро интеграциялашган маълумотлар базасини шакллантириш;
  • асосий идораларнинг тадқиқот марказлари ва йиғма ахборот-таҳлил бўлинмалари фаолиятининг ҳар йиллик режаларига таклифлар киритилиши ва ижросини ташкил этиш.

Шунингдек, қарор билан қуйидагилар белгиланди:

  • Мувофиқлаштирувчи кенгаш ички ва ташқи сиёсат жараёнлари бўйича стратегик тадқиқотларни ташкил қилиш ҳамда уларни ўтказишнинг барча жараёнларини мувофиқлаштириш масалаларига масъул бўлган маслаҳат органи ҳисобланади;
  • Мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, умумий мувофиқлаштириш ҳамда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш Ўзбекистон президентининг Махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси томонидан амалга оширилади;
  • Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан асосий вазирлик ва идоралар таҳлилий бўлинмаларининг (департамент, бошқармалар) фаолияти мувофиқлаштирилади;
  • республикани ривожлантириш бўйича стратегик ташаббуслар лойиҳаларини ишлаб чиқишга жалб қилинган асосий вазирлик ва идоралар раҳбарларининг биринчи ўринбосарлари тадқиқот марказларини ахборот таҳлилий материаллар билан таъминлаш ҳамда Мувофиқлаштирувчи кенгаш билан ҳамкорлик қилишга масъул бўлади;
  • Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг йиғилишлари ҳар чоракда оралиқ мажлислар шаклида ташкил этилади.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш бир ой муддатда кенгаш тўғрисида низомни ҳамда ишчи гуруҳлар фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг кенгаш билан ўзаро ҳамкорлиги механизмларини назарда тутувчи тартибни тасдиқлаши керак. Бундан ташқари, мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ривожланиш соҳаларида стратегик таҳлил ва тадқиқот қилишда яхлит тизимни йўлга қўйиш бўйича таклифлар киритиши керак.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

a) Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг таҳлилий фаолиятини таъминлаш йўналишида:

  • ишчи гуруҳлар ўзлари масъул бўлган йўналишларда мавжуд тизимли муаммо ва камчиликларни таҳлил қилади, уларни бартараф этиш бўйича илмий асосланган хулоса ва таклифларни ҳар чорак якуни билан Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим қилади;
  • Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан маъқулланган хулоса ва таклифлар Ўзбекистон президентига тақдим қилинади;

б) илмий ва амалий тадқиқотларни ташкил қилиш бўйича буюртма бериш тизимини жорий қилиш йўналишида:

  • Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг таклифлари асосида мамлакатнинг ички ривожланиши ва ташқи сиёсий фаолиятининг аниқ масалалари бўйича илмий ва амалий тадқиқотларни ташкил қилиш мақсадида илмий асосланган ва талабгир таклиф ва ташаббусларни ишлаб чиққан ҳолда буюртма портфели шакллантирилади;
  • буюртма портфели асосида илмий ва амалий тадқиқотларни ташкил қилиш бўйича тадқиқот ва таҳлилий марказлар ўртасида танлов ўтказилади;
  • тадқиқот ва таҳлил ишларига шартнома асосида мустақил экспертлар ва фуқаролик жамияти вакиллари, шунингдек, хорижий олим-экспертларни (сиёсатшунослар, иқтисодчилар, ҳуқуқшунослар, экологлар ва бошқалар) жалб этиш учун тадқиқот ва таҳлилий марказларга грант маблағлари ажратилади.