Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 2027 йилда ишга туширилиши кутилаётган янги темирйўл қурилмоқда. Бу ҳақда «Қозоғистон темир йўллари» (ҚТЙ) компанияси матбуот хизмати хабар берди.

ҚТЙ маълумотларига кўра, янги темирйўл линиясининг қурилиши мавжуд Сариағаш — Тошкент участкасидан юкларни янги тармоққа йўналтириш, «Сариағаш» станциясини тушириш ва Ўзбекистонга экспорт юкларини кўпайтириш имконини беради.

«Шу мақсадда „Қазақстан темир жоли“ — „Самруқ-Қазина“ портфель компанияси томонидан қиймати 286 миллиард тенге (545,8 миллион доллар) бўлган инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар 203 км дан 100 км га яқин рельс-шпал тармоқлари йиғилди. Лойиҳани амалга ошириш учун 46 та йўл-қурилиш техникаси ва 70 дан ортиқ киши жалб этилган», — дейилади хабарда.

Янги темирйўл қурилиши 2023 йил ноябрь ойи охирида бошланган. Ўшанда Дарбаза — Мақтаарал темирйўл линиясининг узунлиги 152 километрни ташкил этиши маълум қилинганди.

Қозоғистон ҳукумати йирик инфратузилма лойиҳаси давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг топшириғи билан амалга оширилаётгани ва республиканинг транспорт-транзит салоҳиятини янада ривожлантиришга қаратилганини маълум қилди. Унинг доирасида Қозоғистон-Ўзбекистон давлат чегараси орқали янги ўтказиш пункти очилади.

темирйўл, қозоғистон, қозоғистон темир йўллар, Самруқ-Қазина, Дарбаза - Мақтаарал

Лойиҳа икки босқичга бўлинган. Биринчиси, «Сирдарё» бекатига чиқадиган Ердаут — Мақтаарал — Ўзбекистон давлат чегараси линиясини қуришни назарда тутади.

Иккинчи босқичда Ўзбекистоннинг давлат чегараси бўлган Жетисай шохобчасини худди шу станцияга чиқиш йўли билан фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Лойиҳада Қозоғистоннинг улуши 85% деб баҳоланди.

ҚТЙнинг собиқ раҳбари Канат Алмагамбетовнинг таъкидлашича, Дарбаза — Мақтаарал линияси Туркистон вилоятининг иккита чекка ҳудуди — Мақтаарал ва Жетисайни Қозоғистоннинг қолган қисми билан боғлайди.

«9 та станция қурилади. Темирйўл Қозоғистондан ушбу ҳудудларга ва ушбу ҳудудлардан Қозоғистонга тўғридан-тўғри юкларни олиб чиқади. Чунки ҳозир улар Ўзбекистон билан чегарадан ўтишга мажбур. Бу туманлар ривожига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Қурилишдан сўнг улар жиддий импульс олади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг транзит салоҳияти ҳам сезиларли даражада ошади.

«Афғонистон, Эрон, Тожикистон ва Ўзбекистонга кетаётган юклар бу йўлдан тезроқ ўтади. Яна бир таъсир: Сариағаш — Тошкент участкасидаги таранглик камаяди. Кейинги йилларда у ерда юклар кўп бўлмоқда. Айни пайтда, уларнинг барчаси ҳам ўз вақтида узатилгани йўқ, чунки у ер бундай юк оқимига мўлжалланмаган. Сўнгги икки-уч йил ичида миқдор кескин ўсди. Қурилиш ушбу асосий участкадаги муаммони ҳал қилишга ва йўловчи поездларини ҳаракатлантиришга ёрдам беради», — деди Канат Алмагамбетов.

2024 йил апрель ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон қўшма темирйўл корхонасини ташкил этишга келишиб олганди. Томонлар Хитойга товарларни ташиш учун юк терминалларини ўзаро манфаатли тарзда тақдим этади.