Сурхондарё вилоятида автодромга қўйилган янги талаблар сабаб автомактабларга лицензия бериш тўхтатилган. Бу муммони бартараф этиш юзасидан ЙҲХХга сенатор сўрови юборилди, дея хабар қилди Сенат.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензиялаш ваколати Ички ишлар вазирлигига ўтказилган бўлсада, бугунги кунга қадар Сурхондарё вилоятидаги бирорта автомактаб фаолияти лицензияланмаган.

Қайд этилишича, ҳайдовчиларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензиялаш ваколати Ички ишлар вазирлигига ўтказилгунига қадар Сурхондарё вилояти бўйича лицензия олиб, фаолият юритган тадбиркорлик субъектлари сони 48 тани ташкил этган. Улар томонидан фақатгина 2023 йилнинг ўзида 18 641 нафар ҳайдовчилар тайёрланган. Бугунги кунда эса Ички ишлар вазирлиги томонидан лицензия бериш масаласи ҳал қилинмаётгани сабабли ҳайдовчиларни тайёрлаш ишлари амалга оширилмаяпти.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти ҳудудида жойлашган автомототранспорт воситаларини бошқариш учун номзодлардан имтиҳон олиш автодромлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 май кунидаги 272-сонли қарори ҳамда Ички ишлар вазирлигининг 2024 йил 18 январдаги 27-сон буйруғи талабларига мувофиқ келмаганлиги сабабли номзодларни имтиҳонлардан ўтказиш ишлари тўхтатилган.

Бунинг оқибатида илгари автомактабларда ўқиган ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун қайта имтиҳон топшириши лозим бўлган фуқаролар имтиҳонларни топшириш учун Қашқадарё вилоятига боришга мажбур бўлмоқда.

«Бу каби ҳолатлар қабул қилинган қонунларнинг ижросини таъминлашда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан етарли эътибор қаратилмаётганидан далолат бериб, автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш бўйича зарур чоралар кўришни тақозо этади», — дейилади Сенат хабарида .

Юқоридагиларни инобатга олиб, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси томонидан транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрловчи ҳамда қайта тайёрловчи автомактаблар фаолиятини лицензиялаш, Сурхондарё вилоятида жойлашган имтиҳон олиш автодроми фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда болаларда йўл ҳаракати қоидалари бўйича етарли кўникмаларни шакллантириш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш мақсадида олиб борилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг режалари юзасидан 2025 йилнинг 14 январига қадар асослантирилган тушунтиришлар бериш бўйича сенатор сўрови юборилди.

Сенатор сўрови натижалари Сенат расмий сайтида эълон қилинади.

Аввалроқ «Газета.uz» юқорида қайд этилган муаммо Ўзбекситоннинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилаётгани ҳақида мақола эълон қилган эди. Унда Ўзбекистонда 2023 йил охиригача 1400 дан ортиқ нодавлат автомактаб бўлгани. Уларнинг бор-йўғи 80 дан ортиғи фаолиятини давом эттираётгани қайд этилганди.

Автомактабларни лицензиялаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 408-сонли қарорига ўзгартишлар киритилгандан сўнг автомактаблар лицензия олиш камайди.

«Газета.uz» билан суҳбатлашган соҳа вакилларининг таъкидлашича, янги талаблар автомактаблар учун анча оғир. Биринчидан, автодром майдони 1 гектардан кам бўлмаслиги керак. Иккинчидан, автодром автоматлаштирилган тизимларга эга бўлиши керак — бу бутун автодром ҳудудида кузатув камералари, махсус датчиклар ва бошқа техник воситалари билан тўлдирилиши керак, дегани. Учинчидан, у нафақат енгил автомобилларни бошқариш, балки юк машиналари ва автобусларни ҳайдаш бўйича имтиҳонларни топширишга имкон берадиган бўлиши керак.

«Газета.uz» мухбирлари боғланган бир неча автомактаб вакиллари ҳақиқатан ҳам автодром жиддий муаммога айланганини тасдиқлади. Ҳақиқатан ҳам, аксарият автомактабларнинг ўз автодроми йўқ. Шу вақтгача автодроми йўқ ўқув муассасалари автодромларни ижарага олган (бир автодром бир неча автомактаб томонидан ижарага олиниши ҳам мумкин эди). Масалан, вакили «Газета.uz»га интервью берган бир автомактаб жорий ўзгаришларгача амалий (автодром) машғулотларини халқ орасида «Файзобод ГАИ» номи билан танилган Миробод туманидаги рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида ўтказган (у 2024 йил 8 январида таъмирлаш ишлари сабаб ёпилганди, март ойида президент ташриф буюрганида, у жой диагностика марказига айлантирилиши айтилганди).

«Бир кулгили муаммо бор. Биз фақат «Б тоифа (енгил автомобиллар) бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга ўқитамиз. Лекин республика ЙҲХХ бизнинг ихтиёримиздаги автодромда қолган тоифадагилар учун шароит бўлиши кераклиги ҳақида буйруқ чиқариб қўйди. Биз бу масалада шаҳар ЙҲХХга бордик, улар бу масалани ҳал қилолмаслиги айтди. Кейин республика ЙҲХХга бордик, улар эса бир гектардан кам бўлмасин ва ҳамма учун шароит бўлсин, деб турибди. Биз фақат битта тоифа бўйича ўқитадиган бўлсак, нега автодромимизда қолган тоифалар бўйича ҳам шароит қилишимиз керак ахир?», — дейди Тошкентдаги бир автомактаб вакили.

Автомактаблар талабларни юмшатишни сўраётгани ҳақидаги саволга ЙҲХХ матбуот хизмати бошлиғи Зойир Йўлдошев шундай жавоб қайтарди: «Янги талабларни тасдиқлаган қарор бор. Шу вақтгача шу талабларни бажарган автомактабларга фаолиятини қайта бошлашга рухсат бериляпти. Бошқалар ҳам талабни бажарса, рухсат берилади. Нодавлат автомактабларнинг эгалари — тадбиркорлар ва улар ҳайдовчиликка ўқитгани учун пул олади. Агар улар шу тадбиркорлик тури билан шуғулланишни истаса, марҳамат, ўқув майдонларини талаб даражасида жиҳозласин ва ишлайверсин. Бу давлатнинг талаби».