Тошкентдаги Buka Gym спорт залида айиқ билан жанг қилган боксчи Шаҳрам Ғиёсов жаримага тортилди ва бу иши учун узр сўради, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.

Instagram`да мусиқа билан эълон қилинган роликда спортчи жониворни бир неча бор чалқанчасига йиқитгани, бу пайтда айиқни бошқа бир киши жиловида ушлаб тургани акс этган.

Экология вазирлиги айиқ билан машғулот ўтказиб, ҳуқуқбузарликка йўл қўйган Шаҳрам Ғиёсовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилганини билдирди. У базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жаримага (1 млн 125 минг сўм) тортилди.

Видео иштирокчилари ва ташкилотчилардан тегишли тушунтириш хатлари олинган. Айиқ Фарғона ҳайвонот боғига топширилган.

Қолаверса, боксчи вазирликка чақиртирилиб, ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва турли мақсадларда фойдаланиш, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш тақиқлангани тушунтирилган.

«Айтганингиздан кейин ҳаммасини тушундик. Худо хоҳласа, ундай нарсалар бошқа бўлмайди», — дея узр сўраган спортчи.

айиқ, боксчи, жарима, шаҳрам ғиёсов, экология вазирлиги

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда жаҳон чемпиони ва Олимпиада кумуш медали совриндорининг ҳаракатлари қораланганди. Фойдаланувчилар видеони жойлаштирган каналдаги пост остида «даҳшатли», «жирканч», «ҳайвонлар устидан кулиш» каби шарҳларни қолдирган. Кейинчалик видео ўчирилган ва Buka Gym видео суратга олинганидан бехабар эканини маълум қилиб видео учун узр сўраган.

Вазирлик ёввойи ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишни кескин қоралаб, бу каби ҳуқуқбузарликлар қонунчиликка кўра қатъий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтди.