Президент Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни бир нечта давлат банкларини хусусийлаштиришнинг сўнгги муддатларини узайтиришни назарда тутувчи фармонни имзолади.

Хусусан, «Асакабанк», «Ўзсаноатқурилишбанк» (SQB) ва «Алоқабанк»даги давлат улушларини сотиш муддатлари 2025 йилга кўчирилди. Президентнинг 2020−2025 йилларда банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси бўйича фармонига (2020 йил 13 майдаги ПФ-5992-сонли) буни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.

Дастлаб, мамлакатдаги иккинчи йирик банк ҳисобланган «Ўзсаноатқурилишбанк»даги барча давлат улушини 2022 йил охиригача, кейинчалик эса 2023 йил охиригача савдога чиқариш режалаштирилганди. Шундан сўнг 2024 йил охиригача хусусийлаштириш орқали банкдаги давлат улушини 50 фоиздан камайтиришга қарор қилинди, аммо бу амалга ошмади.

Ҳозирда банк Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (мамлакат суверен жамғармаси, банкдаги улуши 82,19 фоиз), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (13,48 фоиз), «Ўзтрансгаз» (1,21 фоиз) ва бошқа акциядорлар (2,26 фоиз) томонидан бошқарилади.

Аввалроқ «Асакабанк» хусусийлаштириш муддати 2023 йил охиридан 2025 йил охиригача сурилгани хабар қилинганди. 2024 йил май ойида президент Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан «Асакабанк»ни хусусийлаштириш бўйича келишув имзоланганини маълум қилганди.

«Асакабанк» бугунги кунда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (88,22 фоиз), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (10,85 фоиз), Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи (0,73 фоиз), «Ўзавтосаноат» (0,1 фоиз), «Ўзагросуғурта» (0,08 фоиз) ва «Ўзбекинвест»га (0,02 фоиз) тегишли.

2025 йил 1 январгача (аввал 2023 йил 1 июлгача эди) фонд биржасида «Алоқабанк» учун IPO ўтказиш режалаштирилганди. Бу банкдаги улушлар қуйидагича тақсимланган: Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 61,8 фоиз, «Ўзбектелеком» — 22,03 фоиз, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси — 6,3 фоиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги — 4,32 фоиз, «Электромагнит мослашув маркази» ДУК — 2,11 фоиз, бошқалар — 3,44 фоиз.

Аввароқ давлат раҳбари Халқаро молия корпорацияси ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг бошқа йирик банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнлари фаол давом этаётганини таъкидлаганди.

2024 йил март ойида Fitch Ratings директори ўринбосари Павел Каптел Ўзбекистон давлат банкларини хусусийлаштиришни яна кечиктириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди. Унинг сўзларига кўра, уларни сотувдан олдинги тайёрлаш жараёнлари ҳамон давом этмоқда. У давлат улушларини ўз вақтида сотиш халқаро молия ташкилотларининг банклар капиталига қўшилиши билан ҳам боғлиқлигини айтганди.