Ижтимоий тармоқларда ўқувчиларнинг совуқ ҳавода юпун кийимда тадбирга жалб қилингани акс этган видео тарқалди. Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ҳолат 6 декабрь куни Денов туманидаги темирйўл устидан ўтган кўприкнинг очилиш маросимида содир бўлган. Совуқ об-ҳавода туманнинг 14 ва 16-сонли мусиқа мактабларининг ўқувчилари (16 нафар қиз ҳамда 4 нафар ўғил бола) туманнинг маданият бўлими топшириғига кўра енгил байрамона кийимларни кийган ҳолда жалб қилинган.

Ҳолат юзасидан болалар омбудсмани Маданият вазирлигига болаларнинг соғлигини хавф остига қўйган масъулларга тегишли чора кўриш ва бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тақдимнома киритди.

Тақдимнома вазирлик томонидан ўрганиб чиқилиб, иккала мактаб директорларига «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланган.

Шунингдек, вазирлик тасарруфидаги ташкилотларга юқорида қайд этилган қонун бузилиш ҳолатларига такроран йўл қўймаслик, ўқувчиларни ҳар қандай тадбирларга асоссиз жалб қилишни қатъиян тақиқлаш чораларини кўришга оид кўрсатмалар берилди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бундай ҳолатлар ҳудудларда тез-тез учраб туради. Хусусан, юпун кийинган болалар Шаҳрисабз шаҳрида ҳокимиятнинг кечки тадбирига, Қибрай туманида меҳмонларни кутиб олишга ва Жиззахда кутубхона ҳамда Шовот туманида боғча очилиш маросимига жалб қилинган.