Бухоро вилояти Жондор туманида яшовчи 17 ёшли Муроджон Зувуров 2024 йил декабрь ойи бошида 17 млрд сўмлик криптоактивларнинг ноқонуний савдосида гумонланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.

Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, йигитга қўзғатилган иш терговчи қарори билан ҳаракатдан тугатилди. Ушбу маълумотни «Газета.uz»га Бухоро вилояти ИИБ матбуот котиби Шуҳрат Жалолов ҳам тасдиқлади.

У Binance криптобиржаси орқали 2024 йил май ойидан ноябр ойига қадар бўлган вақт оралиғида 1 млн 346 минг 267 доллар миқдорида криптоактивлар сотиб олиб, 1 млн 346 минг 426 доллар миқдоридаги активларни ноқонуний равишда сотган.

Маълум қилинишича, Зувуров жиноятнинг очилишига фаол ёрдам бергани, айбига тўлиқ иқрор бўлгани ва қилмишидан пушаймонлик билдиргани учун жиноят ишини унинг айблилигини ҳал қилмасдан туриб тугатишга сабаб бўлган.

Муроджон Зувуров ўз кўрсатмаларида Бухоро давлат университетида кечки таълимнинг иқтисодиёт ва туризм йўналиши бўйича 1-босқичида ўқиётганини, оилада ёлғиз фарзанд эканини, онаси нафақадалигини ва унинг нафақаси кунлик эҳтиёжларга етмаслигини билдирган.

Унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, подполковник Э.А.Қосимов томонидан тугатилган. Йигитга жиноят иши доирасида ҳужжатлаштириб олинган iPhone 15 Pro Max телефони қайтариб берилиши белгиланган, қолган ашёвий далиллар жиноят иши ҳужжатлари билан биргаликда сақланади.

Терговчининг қарорида Зувуровга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 84−5-моддаси 2-бандига (ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса) асосан тугатилган.

«Бу соҳа [криптоактивлар савдоси] ҳали тўлиқ тартибга солинмаган. Лицензия олиш ҳам жуда қийин. Мен нақд пулда ёки аноним кўринишда олди-берди қилмаганман. Фақатгина криптобиржа орқали савдо қилганман. Менга ўхшаб ишлайдиганлар жуда кўп. Менинг фаолиятим ҳақида тасодифан хабар топишган», — дея таъкидлаганди Муроджон Xo‘p Podcast`даги чиқишида.

Жамоатчилик фаоли, экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ушбу ҳолат юзасидан бир неча бор чиқишлар қилиб, Муроджон Зувуровнинг ўзи билан ҳам учрашганди. У йигитни жиноятчи эмас, Ўзбекистоннинг фаол ёш «олтин бош»ларидан бири деб ҳисоблашини айтганди.