Сиёсат
Президент қисқа муддатли таътилга чиқди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 январдан қисқа муддатли таътилга чиқди.
Иқтисодиёт
Ўзбекистонда поезд чипталари нархи 1 февралдан яна ошади
«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 1 февралдан бошлаб поезд чипталари нархи яна оширилишини маълум қилди. Хусусан, «Афросиёб» билетлари 20−25 фоизга, «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» билетлари эса 30 фоизга кўтарилади.
Ўзбекистоннинг айрим тижорат банкларида доллар 13 000 сўмдан сотилмоқда
Ўзбекистоннинг айрим банкларида АҚШ долларининг сотув курси 13 000 ва ундан юқори этиб белгиланди. Сотиб олиш курси эса 12 940 сўмгача кўтарилди.
Ўзбекистоннинг учта давлат банкини хусусийлаштириш яна кейинроққа қолдирилди
Ўзбекистонда «Асакабанк», «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Алоқабанк»ни хусусийлаштириш яна кейинроққа қолдирилди. Мамлакатнинг бу йирик давлат банклари акциялари 2025 йилда сотилиши режалаштирилмоқда.
Жамият
Ўзбекистонда 6−12 январь кунлари об-ҳаво қандай бўлади? «Газета.uz» шарҳи
Ўзбекистонда жорий ҳафта боши илиқроқ, ўрталари булутли ва совуқ (баъзи вилоятларда қор), охирида эса ҳарорат аста кўтарилиб, қуруқ бўлиши кутилмоқда. 8 январга ўтар кечаси Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларида қор ёғиши, ҳарорат тунда -10 даражагача пасайиши мумкин.
UzAuto Motors 7 январь куни Cobalt учун яна контрактацияни очади
UzAuto Motors 7 январь куни соат 10:00 да Chevrolet Cobalt автомобили учун яна контрактацияни очади.
Бухорода криптоактивлар ноқонуний айланмасида айбланган 17 ёшли йигит иши ёпилди
Бухоронинг Жондор туманида яшовчи 17 ёшли йигит 17 млрд сўмлик (1,3 млн доллар) криптоактивларнинг ноқонуний айланмасида гумонланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Йигит айбига иқрор бўлгани ва терговга ёрдам бергани учун жиноят иши ҳаракатдан тугатилди.
Сешанбадан яна совуқ тушади, ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда
7 январда Ўзбекистонга Каспий денгизи ҳудудларидан нам ва совуқ ҳаво кириб келади, кўплаб ҳудудларда ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда. Ҳафта давомида кундузги ҳарорат +5…+8 дан 0…-3 гача ўзгариб туради.
Тошкентда 10 метрлик чуқурликка тушиб кетган фуқаро қутқарилди
ФВБ ходимлари Тошкентнинг Яшнобод туманида 10 метр чуқурликка тушиб кетган фуқарони қутқарди. Фуқаро енгил тан жароҳати олган, ҳозирда шифокорлар назорати остида.
Метапневмовирус янги касаллик эмас, ортиқча хавотирга ҳожат йўқ — ССВ
ССВ ОАВда эълон қилинаётган метапневмовирус 2001 йилдан бери дунёда қайд этилган мавсумий касаллик эканини маълум қилди. ЎРВИ билан касалланганларнинг 1,2 фоизида инфекция аниқланган. У ЎРВИ белгилари билан ўтади, баъзан бронхиолит ва пневмония чақиради, кўп ҳолларда асоратсиз ўтиб кетади.
Сурхондарёда юпун кийимдаги ўқувчилар совуқда кўприк очилишига жалб қилинди
Денов туманида юпун кийинган ўқувчилар маданият бўлими топшириғи билан совуқ об-ҳавода кўприк очилишига жалб қилинди. Болалар омбудсмани ҳолат бўйича Маданият вазирлигига тақдимнома киритди. Мактаб директорларига «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланди.
Сурхондарёда автомактабларга лицензия бериш тўхтаб қолгани юзасидан ЙҲХХга сенатор сўрови юборилди
Сурхондарё вилоятида автомактабларга лицензия берилмаяпти. Автодромларга қўйилган янги талаблар сабаб номзодларни имтиҳонлардан ўтказиш ишлари тўхтатилган. Шу муносабат билан ЙҲХХга сенатор сўрови юборилди. Аввалроқ «Газета.uz» бу муаммо бошқа ҳудудларда ҳам бор эканини ёзганди.
Тошкентда ҳаво ифлосланишини назорат қилувчи яна учта автоматик станция ўрнатилди
Zamin жамғармаси ва Ўзгидромет қўшма лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишини назорат қилувчи яна учта автоматик станция ишга туширилди. Ўзбекистонда бундай станцияларнинг умумий сони 19 тага етди.
Боксчи Шаҳрам Ғиёсов айиқ билан жанг қилгани учун жаримага тортилди ва узр сўради
Айиқ билан машғулот ўтказган боксчи Шаҳрам Ғиёсов 1 млн 125 минг сўм миқдорида жаримага тортилди. Спортчи ҳолат бошқа қайтарилмаслигини айтиб узр суради. Экология вазирлиги жонивор Фарғона ҳайвонот боғига топширилганини билдирди.
ССВ Республика педиатрия маркази метапневмовирус билан касалланган болалар билан тўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди
Тармоқларда Республика педиатрия маркази метапневмовирусга чалинган болалар билан тўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарлар асоссиз эканини қайд этиб, ҳолатга изоҳ берди.
Февралдан ётоқли поездларнинг ҳам чипталари қимматлайди
1 февралдан маҳаллий йўналишлардаги ётоқли поездлар чипталари ҳам қимматлайди. Билетлар нархи 10,5 фоизга ошади. Аввалроқ тезюрар поездларда ҳам нарх ошиши ҳақида хабар берилганди.
Андижондаги хонадонда содир бўлган газ чақнаши оқибатида бир киши вафот этди
Андижоннинг Марҳамат туманидаги хонадонда газ чақнади. Оқибатда бир оиланинг тўрт аъзоси турли даражада тан жароҳати олди, улардан бири вафот этди. Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фарғонада икки ёшли қизни тиббий ёрдамсиз қолдирган энагага нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Фарғонада энага зинадан йиқилиб тушган икки ёшли қарамоғидаги қизчани касалхонага олиб бормади. Бола оғир жароҳат олган. Хавф остида қолдириш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган.
Ўзбекистонда электрон сигареталар муомаласини тақиқлаш таклиф этилмоқда
Ўзбекистонда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, жумладан, электрон сигареталарнинг муомаласини тақиқлаш ҳамда жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, мосламаларни республика ҳудудига олиб кириш ёки олиб чиқишга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда.
Навоийда 3,6 магнитудали зилзила содир бўлди
Душанба куни Навоий вилояти Томди туманида 3,6 магнитудали ер силкиниши қайд этилди.
Маданият
«Бруталист» энг яхши фильм, «Сёгун» энг яхши сериал — 2024 йилги «Олтин глобус» мукофоти ғолиблари аниқланди
5 январь куни Лос-Анжелесда «Олтин глобус»нинг 82-мукофот топшириш маросими бўлиб ўтди. «Бруталист» ва «Эмилия Перес» энг яхши фильм деб топилган бўлса, «Сёгун» ҳамда «Уддабуронликлар» энг яхши сериал бўлди. Деми Мур «Субстанция» фильмидаги ижроси учун энг яхши актриса совринини қўлга киритди.
Жаҳон
AZAL рейси ҳалокатида айб Россия вакилларида — Илҳом Алиев
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Бокудан Грознийга учган Azerbaijan Airlines самолётининг ҳалокатга учрашига «Россия Федерацияси вакиллари» айбдор эканини айтди. У Россиядан айбдорларни жазолашни ҳамда «инсоний хулқ-атвор»ни талаб қилди.
ҲАМАС Исроил билан келишув эвазига 34 кишини озод қилишга рози бўлди
ҲАМАС ўз қўшинларини Ғазо ҳудудидан олиб чиқиб кетиш ва ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни имзолаш эвазига 34 нафар исроилликни озод қилишга розилигини билдирди. ОАВ маълумотларига кўра, ўтган ҳафта Қатарда томонлар келишув бўйича музокараларни қайта тиклаган.
Нью Йорк АҚШнинг тиғиз вақтларда марказга кириш учун тўлов жорий қилган илк шаҳри бўлди
Нью Йоркнинг марказий кўчаларида тиғиз вақтларда йўл ҳақи тўлаш жорий этилди. Ҳали АҚШнинг ҳеч бир шаҳрида бундай қоида киритилмаганди. Манҳеттенга кириш нархи — кунига 9 доллар. Шаҳар ҳукумати шу тариқа тирбандликка қарши курашмоқчи ва жамоат транспортини ривожлантириш учун маблағ йиғмоқчи.
Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!