Марказий банк 1 АҚШ долларининг 6 январдаги курсини 12 942,01 сўм этиб белгилаган эди. Шундан сўнг 6 январь соат 11:00 ҳолатига кўра 5 та тижорат банкида 1 АҚШ доллари 13 000 ва 13 005 сўмдан сотилмоқда.

Хусусан, Infinbank, OFB, Tenge Bank, Hamkorbank 1 АҚШ долларини 13 000 сўмдан, KDB bank Uzbekistan эса 13 005 сўмдан сотмоқда. «Халқ банки», Anor bank ва «Алоқа банк» долларни энг арзон нархда — 12 945 сўмдан таклиф қилмоқда.

Сотиб олиш курси эса банкларда 12 880 сўмдан 12 940 сўмгача (фақат Asakabank’да) бўлган оралиқа белгиланган.

Ўзбекистон Марказий банки томонидан белгиланадиган расмий АҚШ доллари курси 2024 йилда 581,71 сўмга — 27 декабрь куни валюта биржасидаги сўнгги савдо кунида 12 338,77 сўмдан 12 920,48 сўмга кўтарилди. Йил давомида миллий валюта 4,71 фоизга қадрсизланди. Миллий валютанинг девальвация суръати 2023 йилга нисбатан паст (9,92 фоиз), бироқ 2022 йилга (3,58 фоиз) нисбатан юқори бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда долларнинг сўмга нисбатан ўртача йиллик курси 13 250 сўм бўлиши прогноз қилинмоқда.