6 январь куни ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида Ўзбекистонда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, жумладан, электрон сигареталар муомаласини тақиқлаш ҳамда жавобгарлик белгилашга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Мажлисда таъкидланишича, сўнгги йилларда никотинни етказиб бериш мосламалари, электрон сигареталар ва улар учун суюқликлар ҳамда қиздириладиган тамаки маҳсулотларининг Ўзбекистонга қонунга хилоф равишда олиб кириш ҳолатлари ва айланмаси ортиб бормоқда. Бундан ташқари, ушбу маҳсулотларни аҳоли, айниқса, ёшлар орасида истеъмол қилиш ҳолатлари кўпайган.

Ушбу қонун лойиҳаси билан республика ҳудудида айрим турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг, шу жумладан, электрон сигареталарни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, ўтказиш мақсадида уларни сақлаш, ташиш ёки ўтказиш тақиқланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки ҳудудидан олиб чиқишга нисбатан таъсирчан чора сифатида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда, дейилади партия ахборот хизмати хабарида.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2024 йил апрель ойи ўрталарида тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, электрон сигареталар ҳамда тамакини қиздириш тизимларини, шу жумладан, айрим турдаги тамаки маҳсулотларининг муомаласини тақиқлаш ва жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилганди.

Қонун лойиҳасида тамаки маҳсулотларини чекиш бўйича эмас (чекиладиган ва чекилмайдиган), балки таркибига кўра турларга бўлиш таклиф этилган. Ушбу ёндашув юридик амалиётда ушбу қоиданинг турлича талқин қилинишининг олдини олиши кутилмоқда.

Ҳозирда қонунга кўра, бир дона сигарета (фильтрли ёки фильтрсиз) ёки қиздириладиган тамаки маҳсулоти аэрозолида (буғида, тутунида) никотин миқдори бир миллиграммдан ошмаслиги керак. Қонунга киритилаётган ўзгартириш қиздириладиган тамаки маҳсулоти аэрозолини (буғида, тутунида) ҳисобга олмасдан, сигаретанинг ўзида никотин таркибини кўриб чиқишни таклиф қилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига 186−2-моддаси (Муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шунингдек электрон сигареталар ва чилимларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, реализация қилиш, олиб кириш) киритилиши ҳам мумкин. Ушбу қоидабузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима жазоси назарда тутилади. Ҳуқуқбузарлик ашёларини ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилинади.

Жиноят кодексини худди шу номдаги 186−4-модда билан тўлдириш режалаштирилмоқда. Унга кўра, ушбу ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса модданинг 1-қисмида БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача жарима, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари назарда тутилган.

Агар бу ҳаракатлар кўп миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса, БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар ҳаракатлар жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ушбу жиноятда ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик қилиш, қонун лойиҳасига кўра, 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган таҳлилга кўра, ўсмирлар ва ёшлар катталарга қараганда электрон сигаретлардан уч баравар кўпроқ фойдаланишади. Ўрта мактаб ўқувчилари ўртасида электрон сигаретага қизиқиш жадал ўсиб бормоқда, хусусан, 26,6 минг ўғил ва 8,6 минг қиз чекишга мойил, дейилади тушунтириш хатида.

Қайд этилишича, мактаблар ва жамоат жойларида ўтказилган рейдлар давомида мактаб ўқувчиларидан олиб қўйилган электрон сигареталар сони йил сайин ортиб бормоқда: 2019 йилда 6 та, 2020 йилда 27 та, 2021 йилда 31 та, 2022 йилда 856 та, 2023 йилда 1040 та. 18−29 ёшдаги аҳоли орасида тамаки қиздириш тизимларидан фойдаланиш даражаси (252 минг киши) 30−69 ёшдаги аҳолига (94,2 минг киши) нисбатан 2,5 баравар юқори.